Линклар

Лондон ҳужумчиларидан учинчисининг ҳам шахси очиқланди


Лондон кўпригидаги террор ҳаракатида 7 киши ҳалок бўлган.

Лондон кўпригида террор хуружи амалга оширган учинчи шахснинг 22 яшар италиялик Юсуф Загба экани маълум қилинди. Италия матбуоти тарқатган бу хабарни Британия полицияси тасдиқлади. Айтилишича¸ Загбанинг онаси италиялик¸ отаси марокашликдир.

Бундан аввал Британия полицияси 3 июнь кунги ҳужумчилардан иккитаси шахсини очиқлаган эди.

Полицияга кўра, ҳужумчилардан бири 27 ёшли Ҳурам Бат кўп йиллардан бери Лондон шарқидаги Баркинг мавзесида яшаб келган. Батт келиб чиқиши покистонлик бўлган Британия ватандоши. У бир муддат полиция ва махсус хизматлар кузатувида бўлган. “Лекин террор ҳужуми режаланаётгани тўғрисида гумонларга асосли сабаблар йўқ эди”, дейилади полиция маълумотида.

Яна бир ҳужумчининг террорга қадар полиция эътиборига тушмаган 30 ёшли Ливия ва Марокко ватандоши Рашид Редуэн экани эълон қилинди.

3 июнь куни кечқурун Лондон кўпригида 3 одам кичик юк машинасини йўловчилар устига солиши оқибатида 7 киши ўлган ва 50 киши жароҳатланган эди. Ҳужумчилар воқеа жойида полиция томонидан отиб ўлдирилди.

Лондон мэри Содиқ Хон 5 июнь куни мазкур террор ҳақида гапирар экан:

- Бу уч одамнинг шанба куни кечқурун қилган ҳаракати ёвузлик ва қўрқоқлик рамзи бўлди. Бу уч одам ўз ҳаракатини мен мансуб бўлган диндан фойдаланиб оқламоқчи бўлгани менинг ғазабимни қўзитмоқда. Улар амал қилаётган мафкура бузуқ ва заҳарлидир ва Исломда бундай мафкурага ўрин йўқ,- деди жумладан.

XS
SM
MD
LG