Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:25

Ижтимоий тармоқда ўзбекларни ҳақорат қилган миллатчиларга жиноят иши очилди


Айни пайтда Қирғизистон тарихида биринчи марта миллатчилик қилган одамга нисбатан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ижтимоий тармоқларда ўзбекларни миллий асосда ҳақорат қилган шахсларга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилди.

-Қирғиз Республикаси Миллий Фанлар Академиясининг экспертлари филологик-сиёсий экспертиза ўтказиб, “Бу шарҳларда миллатлараро низо қўзғовчи гаплар бор”, деган аниқ хулосага келди. Шунинг асосида Жиноят кодексининг 299-моддаси асосида жиноят иши очилди, - деди махсус хизмат матбуот котиби Рахат Сулайманов.

Унга кўра, “Фейсбук” тармоғида ўзга миллат вакилини ҳақорат қилувчи шарҳларни ёзиб қолдирган одамларнинг шахси аниқланган.

Миллий хавфсизлик хизмати бу ҳолатга журналист Улуғбек Бобоқуловнинг мақоласидан сўнг эътибор қаратди.

Журналистнинг Фарғона ру сайтида чоп этилган мақоласида ижтимоий тармоқларда нотўғри ва провакацион маълумотларнинг жойлаштирлиши ортидан айрим миллатчилар Қирғизистонда ячшаётган бошқа халқларга нисбатан ҳақоратли ва зўравонликка даъват этувчи чақириқларни ёзиб қолдираётгани, бундай вазиятга махсус хизматлар панжа ортидан қарашда давом этаётгани айтилган эди.

Бу мақола чоп этилганидан сўнг Қирғизистон миллий жамоатчилик телеканали Улуғбек Бобоқулов “халқ душмани” сифатда тамсил этилган деярли 10 дақиқали махсус кўрсатувни намойиш қилди. Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари эса журналистни “миллий низо қўзғатишда” айблаб, уни ватандошликдан маҳрум қилиш таклифини ҳам киритишди.

Улуғбек Бобоқулов Озодлик радиосига бу борада фикр билдирар экан:

-Бу каби чақириқларни ёзиб қолдирган одамларга махсус хизматлар эътибор қаратсин, деган маънода мен бу мақолани ёзган эдим. Махсус хизматлар сиёсий масалалар билан шуғулланмай, бу каби ҳолатларнинг олдини олиши керак,- деб айтди.

Айни пайтда Бишкекнинг Октябрь туман судида таниқли врач Егор Борисовни миллий нафрат асосида ҳақорат қилган ҳамда калтаклаган шахс устидан суд жараёни бошланди.

Расмий маълумотда айтилишича, ўтган йилнинг 29 июнида Борисовнинг аёли машинасида бошқа машинани туртиб юборган. Туртилган машина эгаси Борисовни миллатчилик нуқтаи назаридан туриб ҳақорат қилган ва кейин калтаклаган.

Калтакланиш натижасида Борисовнинг мияси чайқалгани, қовурғаси сингани экспертиза томонидан аниқланган.

Шундан сўнг миллатчилик қилган одамга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 299-моддаси асосида “Миллий, ирқий, диний ёки динлараро низо қўзғаш” айби билан жиноят иши очилган. Бу модда бўйича судланувчи 4 йилдан 7 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.

Миллатчилик қилган одамга нисбатан суд жараёни ва “Фейсбук”да бошқа миллатларни ҳақоратлаган одамларга нисбатан жиноят иши очилгани тўғрисидаги хабарлар 2010 йила содир этилган Ўш қирғинининг 7 йиллиги арафасида пайдо бўлди.

2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида юз берган миллатлараро тўқнашувлар натижасида 442 одам ҳалок бўлган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG