Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:02

Бердимуҳамедов Туркманистон аҳолиси учун имтиёзларни бекор қилишга топшириқ берди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматга мамлакатдаги мавжуд ижтимоий имтиёзлар тизимини бекор қилиш тўғрисида топшириқ берди. У ушбу тизимни самарасиз деб ҳисоблайди, деб хабар беради Туркманистоннинг давлатга қарашли ахборот агентлиги.

Туркманистоннинг илк президенти Сапармурот Ниёзов 1993 йили жорий қилган ушбу имтиёзларга кўра, мамлакат аҳолиси шу пайтгача сув, табиий газ ва электр қувватидан бепул фойдаланаётган эди.

Озодлик радиоси Туркманистондаги иқтисодий вазият тобора ёмонлашиб бораётгани, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи тўхтовсиз кўтарилаётгани, бюджетдан маош олувчиларнинг ойликлари кечикиб тўланаётгани, ишсизлар сони ошиб бораётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда. Шунга қарамай, ҳокимият идоралари давлат маблағларини қимматбаҳо бинолар қурилишига сарфламоқда. Фақат расмий маълумотларга қараганда, шу кунгача ушбу соҳага 50 миллиард доллар харажат қилинди.

2017 йил 1 январидан бери Туркманистондаги энг кам иш ҳақи миқдори 650 манат (Туркманистон Марказий банкинигн расмий курси бўйича 185 АҚШ доллари – таҳририят) қилиб белгиланган.

Туркманистон – Марказий Осиё ва дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири.

У дунёда табиий газ конлари бўйича тўртинчи ўринда туради, бироқ БМТ маълумотларига асосан, ушбу собиқ совет республикаси аҳолиси қашшоқ яшайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бердимуҳамедовни инсон ҳуқуқларини бузиш, мухолифатни сиқувга олиш ва сўз эркинлиги йўқлигида айблаб келади.

XS
SM
MD
LG