Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 05:01

Туркия ва Эрон Қатарни озиқ-овқат ва сув билан таъминлашга тайёрлигини билдирди


Қатар харитаси.

Туркия ҳукумати қатор араб давлатлари дипломатик алоқаларни узиб қўйган Қатарга имконият қадар ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Саудия Арабистони 4 июлда Қатар билан дипломатик алоқаларни узганидан сўнг бу давлатга озиқ-овқат ва сув таъминотини узиб қўйган эди. Анқара Қатарни озиқ-овқат ва сув билан таъминлашини, шунингдек, Қатарда турк ҳарбий базасини шакллантиришни тезлаштиришини эълон қилди.

Туркиядан олдинроқ Эрон Қатарни озиқ-овқат билан таъминлаш салоҳиятига эга эканини билдирган эди. Сўнгги маълумотларга қараганда, инқироз юзага келишидан чўчиётган қатарликлар савдода мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини зудликда ва катта миқдорда харид қилишни бошлаб юборганлар.

Эрон бу масалани ҳал қилиш учун Туркия пойтахти Анқарага ташқи ишлар вазири Жавод Зарифни жўнатди.

4 июнь куни Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликлари Қатарни террорчиликни қўллашда айблаб¸ дипломатик алоқаларни узганини эълон қилган эди.

Қатар ҳукумати айбловларни рад этиб, араб давлатларининг ушбу ҳаракатларини бўҳтон кампанияси ўлароқ баҳолади.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Қатар ҳукумати билан дўстона муносабатда бўлган сиёсатчилардан бири.Бу икки давлат Мисрда “Мусулмон биродарлар” ҳаракактини ҳамда Сурияда президент Башар ассадга қарши курашаётгшан жанггариларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Эрдўғон араб давлатларини Қатарни қамал қилмасликка чақирди ва бу мамлакат билан юзага келган муаммоларни ҳал этишда ўртамчилик қилишга тайёр эканини билдирди:

-Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлиги ўзаро муаммоларни мулоқот йўли орқали ҳал этишлари керак. Бу йўналишда биз Қатарнинг конструктив позициясини қўллаб-қувватлаймиз. Террорчиликка қариш самарали кураш олиб бораётган Қатарни қамал қилиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этиб бўлмайди, -деб баёнот берди Эрдўғон.

Мазкур баёнотдан сўнг Туркия парламенти Қатарда турк ҳарбий базасини ташкил этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш жараёнини тезлаштирди.

Айни пайтда Қатар озиқ-овқат таъминотида узилишлар бўлмаслиги йўналишида Эрон ва Туркия билан музокараларни ўтказмоқда. Саудия Арабистони 7 июнь куни Қатарга ўз ҳудуди орқали озиқ-овқат етказиб беришни тақиқлаб қўйгани ортидан бу савол кун тартибига чиққани айтилмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп Қатар амири Тамим бин Хамад ал Тани билан 7 июнь куни телефон орқали қилган мулоқотида Форс кўрфазидаги вазиятни ҳал этишда кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Reuters агентлигининг ёзишича, Трамп Қатар ҳукуматини жанггариларни молиялаш йўлларини бартараф этишга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Хизер Наурэт эса Қатар Вашингтоннинг яқин ҳамкорларидан бири эканини яна бир бор таъкидлади:

-Қўшма Штатлар ва “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашаётган коалиция Қатар ҳукуматига АҚШ ҳарбийлари ҳозирлиги учун имконият яратиб берганидан миннатдор. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлигида ҳам гап бўлган. Биз Қатарга нисбатан позициямизни ўзгартирмоқчи эмасмиз. Биз ўз ҳамкорларимизни кескинликни юмшатиш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга чақирамиз, -деди Хизер Наурэт.

XS
SM
MD
LG