Линклар

Тошкентлик чавандоз милиционерларга отлар Россиядан сотиб олинади


Отлиқ милиция Марказий Осиё давлатлари орасида бунгача Қирғизистонда мавжуд эди.

Тошкентда янги ташкил қилинадиган отлиқ милиция учун отларни Ўзбекистон ҳукумати Россиядан сотиб олади. Бу ҳақда Тошкент Ички ишлар Бош бошқармасининг патруль бригадаси бошлиғи ўринбосари Муродулло Алиқориев 8 июнь куни матбуотга маълум қилди.

Муродулло Алиқориев яқин ойлар ичида отлар Москвадан сотиб олинишини билдирди. Унга кўра, Россия пойтахтида Европадаги энг кўп сонили отлиқ милиция отряди мавжуд. Бу ерда 245 от ва 434 чавандоз милиционер хизмат қилади. Шунинг учун отларни айнан Москвадан сотиб олишга қарор қилинган.

Бундан ташқари Москвадан отлиқ милиция учун чавандозлик жиҳозлари, ярим прицепли пикапларни ҳам сотиб олинади. Прицепли пикаплар отлиқ милицияни ипподромдан Тошкент туманларига элтиш учун зарур бўлади.

Тошкентда отлиқ милиция ташкил этилиши тўғрисида бир ҳафта олдин маълум қилинган эди. Бунгача бундай милиция тажрибаси Андижон ва Наманган вилоятларида синаб қўрилган. Бу икки вилоятнинг ҳар бирида таркибида 22 от бўлган отлиқ милиция отрядлари мавжуд.

“Бу вилоятлардаги милиционерлар учун биз маҳаллий отларни сотиб олган эдик. Энди уларнинг ўрнига Россиядан Орлов зотидаги отлар келтирилади”, деб билдирди Муродулло Алиқориев.

Мутахасисларга кўра, отларни милиция хизматига ўргатиш учун бир йилдан бир ярим йилгача вақт керак бўлади. Отларни ўқ, портлаш, шовқинли гранаталар овозидан ҳуркимасликка, ҳужум қилганларга ҳужум қилишга ўргатиш зарур бўлади.

“Бизда ҳозир профессионал чавандозлар мавжуд. Лекин улар ҳам россиялик ҳамкасблари кўмагида малака ошириши зарур бўлади. Шу йилнинг охиригача отлиқ милиция Тошкент кўчаларини назорат қилишни бошлайди”, деб айтди Муродулло Алиқориев.

Дунёнинг кўплаб давлатларида отлиқ милиция отрядлари мавжуд. Бу отрядлар асосан одамларнинг оммавий йиғилишлари ва намойишларини тарқатишда самарали эканини тажриба исботлаган.

Тошкент милицияси ҳозирча Россиядан 50 от сотиб олмоқчи. Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасининг билдиришича, отлиқ милиция оммавий тадбирлар ва намойишлар хавфсизлигини таъминлаш учун қўлланилади.

XS
SM
MD
LG