Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:50

Янги изланишлар онгли одам бундан 300 минг йил аввал пайдо бўлганини кўрсатди


Nature илмий журналида чоп этилган икки илмий изланиш натижаларига кўра, Марокашда топилган қазилмалар homo sapiens, яъни онгли одам ҳақида сўнгги йигирма йил ичида шаклланган қарашлар нотўғри эканлигини кўрсатди. Бу пайтгача аждодларимиз бундан тахминан 200 минг йил олдин Шарқий Африкада юзага келган, деб ишониларди.

Янги топилган қазилмалар инсон эволюцияси дарахтини ҳамда одамларнинг аждоди ҳисобланган айрим мавҳум гуруҳлар ҳақидаги қарашларни ўзгартириши мумкин.

Икки гуруҳ олим Марокаш шаҳри яқинидаги Жабал Ирҳуд археологик комплексида қадимда яшаган беш кишининг суякларини ҳамда улар ҳайвонларни овлаш ва сўйиш учун қўлланган тош асбобларни топишган.

Германиядаги Макс Планк номидаги Эволюцион антропология институти ходими Жан-Жак Ҳаблин “Бу материал бизнинг туримизнинг томири, Африка ёки бошқа ҳудудда топилган энг қадимий homo sapiensдир”, деди.

Бундан аввал энг қадимги homo sapiens қолдиқлари деб Ҳабашистонда топилган, бундан 195 минг йил аввал яшаган одамлар суяклари кўрилар эди.

Олимларнинг таъкидлашича, янги изланишлар инсоният бешиги фақат Шарқий Африка эмас, балки бутун материк бўлганини кўрсатади.

Қазилмаларнинг ёши термолюминесценция ёрдамида аниқланган. Мазкур услуб тош материалларнинг қуёш, вулқон ёки инсон ёққан олов чиқарган иссиқлик юзага келтирадиган радиацияга тўйинишини аниқлашга таянади.

Олимлар Жабал Ирҳуддаги топилмалар ёшини аниқлаш учун уч вояга етган шахс, бир ўсмир ҳамда бир ёш болага тегишли бош суяги, тиш ва бошқа суяк қолдиқлари билан бирга топилган чақмоқтош бўлаклари ёрдамида аниқлашган.

XS
SM
MD
LG