Линклар

12 декабр 2017, Тошкент вақти: 23:01

Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги тўғрисида қонун муҳокамага қўйилди


Ўзбекистондаги Норматив-ҳуқуқий актлар порталида "Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳада давлатга қарашли бўлган объектлар, масалан, метро, темир йўл, шифохона каби объектларнинг қурилиши ёки таъмирини манфаатли келишув асосида хусусий секторга бериш таклиф қилинган.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, қонун лойиҳасида белгиланган "ўзаро манфаатли ҳамкорлик" схемасига биноан "давлат мавжуд ишлаб турган объектларнинг эгаси бўлади, қурилиш ёки таъмирлаш учун ғазнадан маблағ сарфламайди".

Бу ишни хусусий сектор вакиллари амалга оширади. Яъни, "хусусий тадбиркорлар мавжуд объектларнинг кейинчалик эксплуатацияси учун маблағ ишлаб топади".

Адлия вазирлиги ишлаб чиққан лойиҳага берилган изоҳда бундай схема Германия, Франция, Бразилия, Латвия, Япония ва Жанубий Кореяда қўллангани, натижада, "ижтимоий муаммоларнинг ҳал қилинишида давлат бюджетидан бўладиган ҳаражтларнинг қисқаришига олиб келган"и таъкидланган.

Мазкур қонун лойиҳасига кўра, давлат хусусий сектор билан ҳамкорликда ишлатадиган объектнинг реализацияси тартиби, томонлар ўртасидаги келишув талабларини ўзи белгилайди. Шунингдек, бу ҳамкорликни кафолатлайди ва қўллаб-қувватлайди.

Лойиҳага берилган изоҳда тилга олинган давлатларда кўпроқ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлар, масалан, жамоат транспорти (метро, темир йўл қурилишлари), коммунал хизмат инфраструктураси, ахлатни қайта ишлаш, шифохона, меҳрибонлик уйлари қурилиши ёки таъмири каби соҳаларда давлат ва хусусий секторнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги йўлга қўйилган.

Яъни, бу объектлар давлатга қарашли бўлади, аммо улардаги қурилиш ёки таъмирлаш ишларини хусусий сектор вакиллари ўзаро манфаатли ҳмкорлик асосида амалга оширади.

Бундай қонун, айни пайтда, собий совет давлатларидан Россия, Белорус, Украина, Молдова, Қозоғистон ва Тожикистонда қабул қилинган.

Ҳозирча давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни Ўзбекистоннинг илмий-техникавий соҳалар, инновацион технология, телекоммуникация, металлургия, тиббиёт, уй-жой ва коммунал хизмат, агросаноат каби жами 16 соҳада йўлга қўйиш таклиф қилинди.

XS
SM
MD
LG