Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:12

7 йил аввал қирғин бўлган Ўшда ижобий ўзгаришлар сезилаяптими?


Ўшда тўқнашувлар пайтида ҳалок бўлганлар ва бедарак кетганларни хотирлаш маросими.

Марказий Осиё ташрифи доирасида Қирғизистонга келган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўшда 11 июнь куни 2010 йилги қонли воқеаларда ҳалок бўлганларни хотирлаш тадбирларида ҳам иштирок этди.

Гутерришни Бишкекда кутиб олган президент Алмазбек Атамбаев уни Ўшга кузатар экан: “Мен ўйлайманки, сизнинг Ўшга қиладиган сафарингиз муваффақиятли бўлади. Сиз 7 йил аввал бу шаҳрга қилган ташрфингиздан кейин қандай ўзгаришлар рўй берганини ўз кўзингиз билан кўра оласиз”, деб айтди.

Ўша пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бўлган Гутерриш Ўшга биринчи марта 2010 йил июнь воқеаларидан сўнг келиб кетган эди.

Озодлик мухбири: “Президент Алмазбек Атамбаев айтганидек, Ўшда 7 йил ичида ўзгаришлар бўлдими? Бу ўзгаришларни ўзингизда ҳис қилаяпсизми?” деган савол билан шаҳардаги таниқли одамларга мурожаат қилди.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Рахматуллаев 2010 йил воқелари ва ундан кейинги йилларда жабрланган юзлаб ўшликларга ҳуқуқий ва инсонпарварлик ёрдамлари уюштирган одамлардан бири. У ўз фикрини билдирар экан, мана буларни айтди:

- Миллатлараро муносабат, албатта, ўзгарди. 2010 ва ундан кейинги йиллар билан таққослаб бўлмайди ҳозир. Ҳар қалай бугунги кунда ўзбеклар эркин кўчага чиқиб юрадиган бўлиб қолди. Аммо давлат органларидаги миллатчилик бугунги кунгача ҳали тўхтагани йўқ.

Озодлик: “Давлат органларидаги миллатчилик”,-деганини қандай маънода тушуниш мумкин?

-Айтайлик, мана бугунги кунгача давлат органларида биронта бир ишлаган ўзбек йўқ, ўзбеклар иш жойлари билан таъминланмаган. Шунга ўхшаш ишлар, ижтимоий-ҳуқуқий аспектда муаммолар кўп, - деди ҳуқуқ фаоли.

Ўшлик тадбиркор Акмал Артиков фикрича, ўтган 7 йил мобайнида жуда катта ўзгаришлар бўлган. Суҳбатдошимиз сўнгги йилларда оддий қирғиз ва ўзбеклар ўртасида тарангликни кузатмаган. Акмал қирғизлар билан ҳам ўзбеклар билан ҳам савдо қилади ва ўртада ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Ҳавотирга солаётган нарсалар бор, албатта. Ҳозир интернетда миллатчилик руҳидаги шарҳлар ёзилаяпти. Шуларнинг олди олинмаяпти. Миллатчилик кайфиятининг олдини олишга ҳаракат бўлмаяпти-да. Яқинда Фейсбукдаги бир - иккита ашаддиймиллатчи шарҳчиларни жавобгарликка тортишибди, деб янгиликларда ўқиб қолиб суюндик. Маиший ҳаётда, олди-сотти, кўча-кўйда юрганимиздаги муомилаларда ҳеч қандай нолийдиган жойимиз йўқ, -дейди суҳбатдошимиз.

Ўшлик журналист Бақит Ибраимов сўзларига кўра, июнь воқеаларидан сўнг жабрланганларга янги уйларнинг қурилиши, ёрдам пулларининг берилиши, ижтимоий адолатни тиклаш каби яхши ҳаракатлар бўлди.

- Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегараси оз бўлса ҳам очилиб. Ўзбекистоннинг театрлари бизга келиб, бизнинг Бобур номидаги театримиз Ўзбекистонга бориши ҳам мени фикримча ижобий нарсалардан бири. Лекин менинг ўйимча, қирғиз-ўзбек дўстлиги ва бирдамлиги масаласида янада кўпроқ байрамлар, фестиваллар, кўргазмалар ўтказилишига эҳтиёж бор. Шундай ишларни асосан ёшлар, ўсмирлар орасида олиб бориш керак, деб ўйлайман, -дейди Бақит Ибраимов.

Ўшда 2010 йилнинг 11 июнига ўтар кечаси бошланган ва бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 450ка яқин одам ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ одам яраланган ва минглаб уйлар ёндириб юборилган эди.

XS
SM
MD
LG