Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 11:12

Тошкентда Улуғ Ватан уруши бошланганининг навбатдаги йиллиги хотирланди


Россияда 22 июнь хотира ва қайғу куни сифатида нишонланади.

Тошкентда 22 июнь куни Совет тарихида Улуғ Ватан уруши деб номланган уруш бошланганининг навбатдаги йиллиги муносабати билан хотира маросими ўтказилди.

“Росссотрудничество”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизматининг билдиришича, тадбир “Биродарлик қабристони” комплексида бўлиб ўтган.

“Тантанали тадбир иштирокчилари Мангу олов пойига гуллар қўйдилар ва Улуғ Ватан уруши қаҳрамонлари ҳамда иштирокчилари хотирасини ёдга олдилар”, дейилади “Россотрудничество” маълумотномасида.

Тадбирда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмийлари, Ўзбекистондаги жамоат ташкилотлари, ўқув даргоҳлари, фахрийлар иштирок этган.

Тошкентдаги “Биродарлик қабристони” комплекси 1975 йилда ҳарбий госпиталнинг ўрнига бунёд этилган. Бу ердаги ҳарбий госпиталда 1941-1945 йилларда урушда оғир жароҳат олиб даволанишга олиб келинган 1,5 минг ҳарбий вафот этган. Улар госпитал ҳудудида дафн қилинган.

Улуғ Ватан урушида 1,5 миллион ўзбекистонлик иштирок этган. Уларнинг 400 мингги урушда ҳалок бўлган, 130 мингги эса бедарак кетган. Айни пайтда Ўзбекистонда 1 минг 600 нафар уруш фахрийси яшамоқда.

1941 йилнинг 22 июнида саҳарги соат 4да Адольф Гитлер раҳбарлигидаги фашистлар Германияси қўшинлари Совет Иттифоқига бостириб кирган эди.

XS
SM
MD
LG