Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 18:49

Халқаро хабарлар

Москва расмийси "Бағдодийнинг ўлдирилгани эҳтимоли кўпроқ", деб баёнот берди

“Ислом давлати” гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал Бағдодий.

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Олег Сиромолотов “Ислом давлати” гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал Бағдодий Россия ҳарбий самолётлари бамбардимони остида ҳалок бўлгани эҳтимолдан соқит қилинмаётгани тўғрисида маълум қилди.

Расмий Новости агентлигига: “Мудофаа вазирлиги берган маълумотларга кўра, Россия ҳарбий ҳаво кучлари май ойи охирида Раққа жанубидаги жанггарилар штабини бамбардимон қилганда Абу Бакр ал Бағдодийнинг ҳалок бўлгани эҳтимоли кучли”, деб айтган. Сиромолотов бу борада бошқа тафсилотларни очиқламади.

Россия Мудофаа вазирлиги 16 июнь куни ҳам ал Бағдодий 28 майдаги бамбардимонда ҳалок бўлгани тўғрисилдаги маълумотлар "турли каналлар орқали текширилаётгани”ни билдирган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова эса Москвада Бағдодий ўлдирилгани тўғрисида аниқ далилилар йўқлигини айтган эди.

Кун янгиликлари

Ҳисобот: Шубҳали пул ўтказишлар ортидан АҚШ йирик швед банкини тафтиш қилмоқда

Швециянинг SVT телеканали АҚШ инспекторлари мамлакатнинг энг йирик банкларидан бирини Россиянинг қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи “Калашников” ширкатига алоқадор молиявий транзакциялар туфайли тергов қилаётгани ҳақида хабар қилди.

Телеканал хабарига кўра, “Калашников” ширкатининг сармоядорларидан бири, Искандар Маҳмудов исмли олигарх ширкатнинг АҚШда рўйхатдан ўтган “Калашников USA” бўлимига бир миллион евродан ошиқ пул ўтказган бўлиши мумкин.

Маблағ ўтказиш операциясини Swedbank банкининг Эстониядаги бўлими амалга оширган.

Хабарларга кўра, бу операция 2014 йилдан кейин содир бўлган. Ўша йили Россия Қримни аннексия қилиб олиб, Украина шарқида айирмачиларни қўллай бошлагани учун АҚШ Россия ҳукуматига тегишли бир неча ширкатга қарши молиявий санкция жорий қилган.

Эндиликда АҚШ инспекторлари Swedbank амалиётлари санкцияларга зид бўлгани ёки йўқлигини аниқлашга уринмоқда.

Февраль ойида CVT суриштирув журналистлари Swedbankка қарши бошқа пул ювиш айбловлари кўриб чиқилган ҳисоботни эълон қилган эди. Ҳисобот ортидан банк раҳбари ҳамда директорлар кенгаши раиси ва кенгаш аъзолари ишдан ҳайдалган эди.

Исроил Сурияда Эрон ҳарбий объектларига ҳаводан ҳужум қилди

Исроил армиясининг зирҳли машинаси Ғўлон тепаликларида турибди. 2019, 19 ноябрь.

Исроил армияси Ғўлон тепаликларига қилинган ракета ҳужумларига жавобан Сурияда ўнлаб суриялик ва эронлик жангчига зарба берганини маълум қилди.

Исроил армиясининг маълум қилишича, 20 ноябрь куни мамлакат қирувчи учоқлари Эрон инқилобий гвардиясининг Қудс қўшинлари объектларини, жумладан, ердан ҳавога отувчи қуроллар, қурол-аслаҳа омборлари ҳамда ҳарбий базаларни бомбардимон қилган.

Суриядаги урушни кузатиб келган гуруҳнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумлари оқибатида 11 жангчи, жумладан, етти нафар Сурия фуқароси бўлмаган шахс ҳалок бўлган.

Сурия давлат матбуоти аввалроқ Исроил Сурия пойтахти Дамашқ яқинида амалга оширган ҳужумларда икки оддий фуқаро ҳалок бўлганини, бир неча одам жароҳат олганини хабар қилган эди.

Эрон расмийлари ҳали бу хабарларни расман шарҳлагани йўқ. Россия эса Исроил ҳужумларини “нотўғри қадам” дея баҳолади.

Исроил Теҳрон Сурияда ҳарбий амалиётларни амалга оширишига йўл бермаслик учун тез-тез бундай амалиётларни амалга ошириб туради. Эрон ва Россия Суриянинг амалдаги президенти Башар Асадни қўллаб келади. Сурияда 2011 йилда бошланган урушда бугунга қадар ўн минглаб одам ҳалок бўлди.

Лукашенка билан "романтик алоқаси бор"лиги айтиладиган Беларусь гўзали парламентга депутат бўлди

Президент Лукашенка Мария Василевич билан рақс тушмоқда.

Беларусь гўзаллик танлови ғолиби бўлган ва президент Александр Лукашенка билан “романтик алоқаси борлиги” иддао қилинадиган 22 ёшли Мария Василевич мамлакат парламентининг энг ёш депутати бўлди. Бу ҳақда 19 ноябрда The Times нашри хабар берди.

Василевич жорий йилнинг май ойида “Мисс Беларусь” мақомига эга бўлганидан бери 65 ёшли Лукашенка билан жамоатчилик олдида бир неча марта кўриниш берди. Улар биргаликда фестиваллар, хоккей мусобақалари ва 2018 йилда Россияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларида бирга бўлишган.

The Times нашрининг ёзишича, Лукашенка Василевични медаль билан тақдирлаган ва “Жаҳон гўзали-2018” танловига тайёргарлик кўришига кўмаклашган. Бу танловда Василевич учинчи ўринни эгаллаган.

Беларусь парламентига сайлов 17 ноябрь куни ўтказилган эди. Сайлов натижаларига асосан, парламентдан бирорта мухолифатчи ўрин ололмади. Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар мазкур сайловни нодемократик ва нохолис ўтганлигини билдирдилар.

Александр Лукашенка Беларусни 25 йилдан бери бошқариб келади.У 1975 йилда уйланган. Лекин президент бўлганидан бери Лукашенка бирор марта жамоатчилик олдида турмуш ўртоғи билан кўриниш бермаган.

Amnesty International : Эрондаги намойишлар пайтида камида 106 одам ҳалок бўлди

Эрондаги норозилик намойиши иштирокчилари.

Amnesty International халқаро ташкилоти 19 ноябрь куни тарқатган баёнотида Эрондаги норозилик намойишларида 21та шаҳарда камида 106 норози ҳалок бўлганини билдирди.

“Ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Айрим манбалар камида 200 нафар одам ўлганини айтмоқда”, дейилади баёнотда.

Эрон расмийлари эса намойишларда 12 одам ҳалок бўлгани ва 600 одам ҳибсга олинганини маълум қилган.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

Фаластин АҚШни террорчилар ва экстремистларга "эшик очиб бераётганлик"да айблади

Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эракат.

Фаластиннинг бош музокарачиси Соиб Эракат АҚШ Ғарбий соҳилдаги яҳудий қишлоқлари масаласида ўз позициясини ўзгартирганини қоралади ва Вашингтонни экстремист ва террорчиликка омил яратиб беришда айблади.

-АҚШ яҳудий қишлоқларини қонуний деб тан олиш, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш орқали халқаро ҳуқуқ эшигини ёпиб, экстремистлик, террорчилик, зўравонлик, коррупция ва хунрезлик эшигини очмоқда. Одамларда муаммони тинч йўллар билан эмас, зўравонлик билан ҳал этиш ягона йўл, деган тасаввурлар пайдо қилинмоқда,-деди Эрекат.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 18 ноябрь куни Вашингтон Исроил томонидан босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида яҳудий қишлоқларининг қурилишини халқаро ҳуқуққа зид кўриниш деб ҳисобламаслиги ҳақида билдирган эди.

Вашингтоннинг бу позицияси БМТ резолюциялари, халқаро ҳамжамият позицияси ва халқаро ҳуқуққа зид келади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган. Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

Афғонистон президенти Нангархорни Толибондан тозалашга ваъда берди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 19 ноябрь куни Нангархор вилояти маркази Жалолобод шаҳрида қабилалар бошлиқлари ва оқсақоллари билан учрашар экан, вилоят тез орада Толибондан бутунлай тозаланишига ваъда берди.

“Бир йил аввал ҳеч ким Афғонистон ҳукумати Нангахорда яна ҳукмронлик қилади, деб ўйлаган эмас. Худога шукурки, биз “Ислом давлати” гуруҳини тор-мор этиб, бу ерга қайтдик”, деган президент ўз сўзида давом этар экан:

-“Ислом давлати” гуруҳини бу ерни Толибонга топшириш учун йўқ қилганимиз йўқ. Бизнинг хавфсизлик кучларимиз Нангархорда барқарорликни таъминлайди. Биз хоинлар ва жосусларга бу заминни ишғол қилишлари учун йўл бермаймиз,-деб айтди.

БМТ Теҳронни намойишчиларни ўққа тутишни бас қилишга чақирди

Эрон. Намойишчи ёш оқизувчи газдан ҳимояланиш учун кўзини тўсмоқда. 2019, 16 ноябрь.

БМТ Теҳронни намойишчиларга қарши кескин куч ишлатишни бас қилишга ҳамда мамлакат бўйлаб Интернет алоқасини тиклашга чақирди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Расмий маълумотларга кўра, намойишларда ўндан ошиқ одам ҳалок бўлди.

19 ноябрь куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича матбуот котиби Руперт Колвилл Эрон полицияси намойишчиларни ўққа тутаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан чуқур хавотир билдирди.

Эрон расмийлари тўқнашувларда 12 намойишчи ҳамда хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлганини, 600 дан ошиқ одам қўлга олинганини маълум қилган.

Колвилл аслида ҳалок бўлганлар сони бундан анча юқори эканлигини кўрсатувчи хабарлар келаётганини айтди.

19 ноябрь куни эрталаб Эрон Адлия вазирлиги вакили мамлакатда “вазият барқарорлашганини” иддао қилди, аммо мамлакат бўйлаб Интернет алоқаси ўчириб қўйилгани учун вазият аслида қандай эканлиги ҳақида тўлиқ маълумот йўқ.

Грузияда полиция билан тўқнашган намойишчилар суди бошланди

Тбилисида парламент биносини ўраб олган норозилар тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллади. 2019, 18 ноябрь

19 ноябрь куни Грузияда куни кеча мамлакат парламенти олдида бўлиб ўтган намойиш давомида қўлга олинган 37 шахс устидан суд бошланди. Намойишчилар адвокати Георгий Ониянининг айтишича, улар полиция ходимларига бўйсунмасликда ҳамда безориликда айбланмоқда.

18 ноябрь куни Грузия Ички ишлар вазирлиги парламент биноси эшиклари “сунъий тўсиқлардан” тозаланганини маълум қилди. Куни кеча пойтахт Тбилисида норозилар парламент биносини ўраб олган, уларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллаган эди.

Намойишларга Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгани сабаб бўлди. Тўрт кун давомида бир неча ўн минг одам намойиш ўтказди.

Ички ишлар вазирлиги бугунга келиб парламент ҳеч бир чекловсиз ўз фаолиятини давом эттира олишини билдирди.

18 ноябрь куни полиция намойишчиларни пуркагичлар билан тарқатишга уринар экан, норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар. Намойишчилар қоронғи тушгунича парламент олдидан кетмади.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда камида 6 одам, жумладан, икки нафар полиция ходими жароҳат олган.

Асир алмашиш келишувига мувофиқ икки ғарб профессори ва Толибоннинг уч жангариси қўйиб юборилди

Жангари гуруҳ 2016 йилнинг августида америкалик Кевин Кинг ҳамда австралиялик Тимоти Уиксни ўғирлаб кетган эди.

Хабарларга кўра, уч нафар Толибон қўмондони озод этилиши эвазига жангари гуруҳ асир олган Афғонистондаги Америка университетининг икки профессори қўйиб юборилди.

Жангари гуруҳ 2016 йилнинг августида америкалик Кевин Кинг ҳамда австралиялик Тимоти Уиксни ўғирлаб кетган эди.

Афғонистон расмийлари ҳамда Толибон тарқатган маълумотларга кўра, асир алмашиш 19 ноябрь куни Забул вилоятининг Навбаҳор туманида содир бўлган.

AFP агентлиги Толибон озод қилган профессорлар Забулдан Америка вертолётида олиб чиқиб кетилганини хабар қилди.

Бу хабардан уч соат олдин Толибон гуруҳи Афғонистон ҳукумати уч нафар аъзосини озодликка чиқариб, Қатарга юборганини маълум қилган эди.

Асир алмашувига аввалроқ Толибон ва Афғонистон ҳукумати эришган келишув асос бўлди. Қобулдаги ҳукумат жангари гуруҳ билан тўғридан-тўғри музокара олиб бориш учун бу каби келишувлар муҳим, деб билади. Сабаби Толибон Қобулдаги ҳукуматни Американинг “қўғирчоғи” деб атаб, ҳукумат расмийлари билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришдан бош тортиб келади.

Толибон манбаларига кўра, икки профессор “Ҳаққоний” тармоғи етакчиси Сирожиддин Ҳаққонийнинг укаси Анас Ҳаққоний ва яна икки нафар жангарига алмашилган.

АҚШ Ғарбий соҳилда яҳудий қишлоқлари барпо этилиши юзасидан позициясини ўзгартирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 18 ноябрь куни Вашингтон Исроил томонидан босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида яҳудий қишлоқларини қуриш режасига ўз муносабатини ўзгартирганини маълум қилди.

Вашингтон бундан буён Ғарбий соҳилда яҳудий қишлоқларининг қурилишини халқаро ҳуқуққа зид кўриниш деб ҳисобламайди. Помпеога кўра, Ғарбий соҳил мақомини Исроил Фаластин билан музокаралар йўли орқали ҳал қилиши лозим.

АҚШнинг бу қарори БМТ резолюциялари ва халқаро ҳамжамият позициясига зид келади. Фаластин бу қарорни “халқаро ҳуқуққа зид келади”, деб қоралади. Исроил эса АҚШ қарорини олқишлади ва “тарихий хато тузатилди”, деб эълон қилди.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган. Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

"Левада маркази": Путиннинг рейтинги 24 фоизни ташкил қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Москвадаги “Левада маркази” ўтказган сўровда айтилишича, россияликларнинг фақат 24 фоизи президент Владимир Путинга ижобий ёндашади.

Хабарда айтилишича, бу 2017 йилдагига нисбатан 8 фоизга оздир. Охирги марта 2011 йилнинг октябрида Болотний майдонида ўтган аксилҳукумат намойишлари арафасида Путиннинг рейтинги 24 фоизни ташкил қилган эди. 2013 йилнинг мартида эса Путиннинг рейтинги 18 фоизга тушиб кетганди.

Сўровда россияликларнинг 30 фоизи Путин ҳақида ёмон фикр, 8 фоизи эса яхши фикр билдира олмасликларини айтганлар. Сўралганларнинг 15 фоизи Путин шахсига бефарқ, 3 фоизи эса унга нисбатан нафрат ҳиссига эга.

Айни пайтда Путиннинг президент сифатидаги фаолиятини 70 фоиз одам олқишлаган. 2014 йилнинг октябрида Путин фаолиятидан қониқишини билдирганлар кўрсаткичи 85 фоиз эди.

Эрон ҳукумати мамлакатда осойишталик ўрнатилганини иддао қилмоқда

Эрондаги намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланилди.

Эрон ҳукумати расмий вакили Али Робеий 18 ноябрда мамлакатда «вазият барқарорлашаётгани» тўғрисида баёнот берди.

-Бугунги кунда вазият кечаги кунга солиштирганда 80 фоизга барқарорлашди. Ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Фақат айрим арзимас муаммоларни ҳал қилиш қолди. Эртага ҳеч қандай тартибсизликлар бўлмайди, - деб билдирди Робеий.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видеоларда Эронда намойишлар давом этаётганини кўриши мумкин. Айрим видеоларда кучишлатар тузилмалар норозиларга қарата ўқ отаётгани тасвирланган.

Эрон матбуотининг билдиришича, Теҳрон, Исфахон, Широз ва бошқа шаҳарларда камида бешта университет ёпилди. 17та шаҳарда эса мактаблар ишламаяпти.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Грузия парламентини қамал қилганларни ОМОН тарқатди

Тбилисидаги намойишчилардан 37 нафари қўлга олинди.

Грузия пойтахти Тбилисида 18 ноябрь куни парламент биносини қамал қилган норозиларни тарқатиш учун ОМОН сув пуркагичларни қўллади. Муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилиб намойишга чиққанлардан бир нечаси қўлга олинди.

Юзлаб норозилар парламент биноси олдида “Сизлар кетинг! Яшасин, Грузия!” деб ҳайқириб турдилар.

Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгач, 17 ноябрь куни Тбилиси марказига 20 минг норози йиғилган эди. Бунга қадар бир неча минг киши 15 ноябрдан бери намойиш ўтказиб келаётганди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, норозилардан 37 киши қўлга олинган. Европа Иттифоқи ва АҚШ Грузия ҳукуматини, сиёсий партияларни ва фуқаролик жамиятини “Эҳтиросларга берилмай, мулоқот орқали муросага келишга” чақирмоқда.

Россия Украинага қўлга олган кемаларини қайтариб берди

"Бердянск" ва "Никополь" катерлари.

18 ноябрь куни Россия ўтган йилнинг ноябрида Қора денгизда қўлга олган украин кемаларини қайтариб берди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия чегарасин "ноқонуний тарзда кесиб ўтилишини" кўриб чиққан терговчилар кемаларни яқиндан ўрганиб чиққанини, уларнинг Россияда қолишига "бошқа эҳтиёж йўқлиги" тўғрисида баёнот берди.

Украина Мудофаа вазирлиги уч украин кемаси қайтиб берилганини тасдиқлади.

2018 йилнинг 25 ноябрь куни россиялик чегарачилар Азов денгизида Керчь бўғозидан ўтишга уринган Украинага тегишли “Бердянск” ва “Никополь” катерлари ҳамда “Яни Капу” шатакка олувчи кемасини қўлга олган эди. Ўша пайтда кемалардаги 24 нафар экипаж аъзоси ҳам ушланган. Улар 9 ой Москвадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган ҳамда сентябрь ойи бошларида Украина ва Россия ўртасидаги асир алмаштириш келишуви доирасида ватанларига қайтганлар.
Шу йилнинг май ойида денгиз ҳуқуқлари бўйича БМТ халқаро трибунали Россия кемаларни Украинага қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди.

Қора денгизни Азов денгизига улаб турувчи ягона йўл Керчь бўғози орқали ўтади.

Эронда бензин нархи ошиши ортидан бошланган намойишларда бир неча киши ҳалок бўлди

Эрон. Расмий маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция тўқнашувларида камида 6 нафар одам ҳалок бўлган.

Эронда бензин нархлари оширилганидан уч кун ўтиб, вазият танг бўлиб қолмоқда. 15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди.

18 ноябрь вазият қандайлиги ҳақида тўлиқ маълумот йўқ, чунки мамлакат расмийлари йирик шаҳарларда Интернетга уланишга чеклов жорий қилди.

Расмий маълумотларга кўра, намойишчилар ва полиция тўқнашувларида камида 6 нафар одам ҳалок бўлган. Уларнинг уч нафари намойишчи, икки нафари хавфсизлик хизмати ходими, бир нафари эса соқчи эканлиги айтилмоқда.

AFP агентлиги ҳукумат расмийсига таянган ҳолда вазият “нисбатан тинч” эканлиги, аммо “кичик муаммолар” давом этаётганини хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда улашилган оз сонли видеоларда хавфсизлик ходимларининг намойишчиларни ўққа тутаётганини кўриш мумкин.
Эрон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, намойишлар туфайли 17 шаҳарда мактаблар вақтинча ёпилган.

17 ноябрь куни Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳукумат бензин нархини оширганини қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юзага келган норозилик намойишларини танқид қилди.

Россия Украинанинг қўлга олинган кемалари қайтариб бериши кутилмоқда

17 ноябрь куни қўлга олинган кемалар Қрим соҳилларидан Россия ҳарбий кемалари кузатувида йўлга чиққани хабар қилинган эди.

18 ноябрь куни Россия ўтган йилнинг ноябрида Қора денгизда қўлга олган украин кемаларини қайтиб бериши кутилмоқда. Айнан шу кун Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Киевга хизмат сафари билан боради.

17 ноябрь куни қўлга олинган кемалар Қрим соҳилларидан Россия ҳарбий кемалари кузатувида йўлга чиққани хабар қилинган эди.

“Интерфакс” агентлиги Россиянинг Федерал хавфсизлик хизматидаги манбага таянган ҳолда кемалар Қора денгизнинг нейтрал ҳудудида Украинага топширилишини хабар қилди.

Украина матбуоти эса кемалар Одесса шаҳридан 60 км масофада топширилишини хабар қилди.

2018 йилнинг 25 ноябрь куни россиялик чегарачилар Азов денгизида Керчь бўғозидан ўтишга уринган Украинага тегишли “Бердянск” ва “Никополь” катерлари ҳамда “Яни Капу” шатакка олувчи кемасини қўлга олган. Ўша пайтда кемалардаги 24 нафар экипаж аъзоси ҳам ушланган.

Улар 9 ой Москвадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган ҳамда сентябрь ойи бошларида Украина ва Россия ўртасидаги асир алмаштириш келишуви доирасида ватанларига қайтганлар.

Шу йилнинг май ойида денгиз ҳуқуқлари бўйича БМТ халқаро трибунали Россия кемаларни Украинага қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди.

Ҳонконг полицияси университетни ишғол қилишни бошлади

Ҳонконг университети талабалари.

Ҳонконг полицияси 18 ноябрь куни университет биносини ишғол қилишга киришди.

Мазкур университет талабаларидан иборат аксилҳукумат намойишчилари ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар бу ерда икки кун мобайнида давом этди.

Намойишчилар университетга бостириб кирган полициячиларга қарата Молотов коктейлларини отганлар. Университетнинг айрим корпусларида ёнғин чиққан.

Шаҳарнинг бошқа бир қисмида намойишчилар Ҳонконгни Коулун ярим ороли билан боғловчи Кросс-Харбор туннелини тўсиб қўйди. Бундан ташқари шаҳар марказида норозиларнинг алоҳида гуруҳи намойиш ўтказди.

Полиция Ҳонконг политехника университетидаги норозиларни бостириш учун жанговар ўқлардан фойдаланиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Норозилар полициячиларга Молотов коктейллари, найза ва камон ўқлари билан қаршилик қилмоқда.

Беш ойдан бери давом этаётган норозилик намойиши иштирокчилари Ҳонконгга Хитой таъсирини озайтириш, кўпроқ демократия ва эркинликлар берилишини талаб қилмоқдалар.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

АҚШ Эронда норозиларга қарши куч қўлланилганини қоралади

Эрондаги намойишлар пайтида кўплаб биноларга ўт қўйилгани айтилмоқда.

Қўшма Штатлар Эронда норозиларга қарши куч қўлланилганини кескин қоралади.

Оқ Уйнинг 17 ноябрь куни эълон қилган баёнотида АҚШ тинч намойишлар ўтказаётган Эрон халқини қўллаб-қувватлаши билдирилган. “Биз намойишчиларга қарши ҳаддан ортиқ куч қўлланлиганини қоралаймиз”, дейилади баёнотда.

Эрондаги намойишлар АҚШ санкциялари ортидан ҳукумат бензин нархини кескин оширгани оқибатида 15 ноябрда бошланиб кетган эди.

Тасдиқланмаган хабарларга қараганда, полиция ва норозилар тўқнашуви оқибатида ўнга яқин одам ҳалок бўлган. Намойишлар юзга яқин шаҳарларда ўтказилаётгани айтилмоқда.

Форс агентлигининг билдиришича, мингга яқин одам ҳибсга олинган. Намойишлар бошланганидан бери юзга яқин банк ва дўконларга ўт қўйилган.

17 ноябрда АҚШнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчиси Жон Раколта AP агентлигига берган интервьюсида:

-Биз Эронда режим алмашинуви тарафдори эмасмиз. Биз Эрон халқи ўз келажагини ўзи белгилайди деб ҳисоблаймиз,-деб айтди.

Лукашенка ўз номзодини яна президентликка кўрсатишини эълон қилди

Беларус президенти Александр Лукашенка мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Беларус парламентига 17 ноябрь куни ўтказилган сайлов пайтида журналистларга интервью берган президент Александр Лукашенка, 2020 йилда ўтадиган навбатдаги президентлик сайловида ҳам иштирок этишини билдирди.

-Мен бўлажак сайловда ўз номзодимни кўрсатаман. Агар сизлар менга кескин қарши бўлсангиз, албатта, қайғураман, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз менинг номзодимни сайловда рад этишингизга тўғри келади. Ваъда бераманки, мен кўкариб кетгунимча ўз кресломга маҳкам ёпишиб олмайман. Ишонаверинг, бу энг юмшоқ кресло эмас, - деди Лукашенка.

Беларусда президентлик ваколатини чеклаш муддатлари 2004 йилда ўтган референдумда бекор қилинган. 9,5 миллион аҳолиси бор Беларусни Лукашенка 1994 йилдан бери бошқариб келади. У айни пайтда бешинчи президентлик муддатини ўтамоқда.

Беларус парламентига ўтказилган сайловда, сўнгги хабарларга қараганда, сайловчиларнинг 71 фоизи қатнашгани эълон қилинди.

Чехияда "Бахмал инқилоби"нинг 30 йиллиги нишонланмоқда

Прагадаги аксилҳукумат намойиши иштирокчиси.

Чехияда 1989 йилнинг 17 ноябрида "Бахмал инқилоби" бошланишига туртки берган талабалар намойишининг 30 йиллиги нишонланди.

Чехия пойтахти Прагада якшанба куни пиёда юриш ўтказилди. Бундан бир кун аввал эса 250 минг одам россияпараст президент Милош Земан ва бош вазир Андрей Бабич олиб бораётган сиёсатга қарши аксилҳукумат намойишига чиқди.

-Энг аввало, биз сиёсатчилар демократик принциплар ва институтларни ҳурмат қилган ҳолда, бизга ёлғон гапирмасликларини, қўрқитмасликларини ва манфаатлар тўқнашувини юзага келтирмасликларини талаб қиламиз,-деди намойиш ташкилотчиларидан бири Микулаш Минар.

1989 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлган намойишлар ортидан ўша пайтдаги Чехословакияда коммунистик тузум ағдарилган эди.

Норозиликларга қарамай, Эрон олий раҳбари бензин нархи ошишини қувватлади

Исфаҳон, 16 ноябрь, 2019 йил

Эрон олий раҳбари ҳукумат бензин нархини кескин оширганини қўллаб-қувватлашини айтди ҳамда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида юзага келган норозилик намойишларини танқид қилди.

Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг 17 ноябрдаги изоҳлари мамлакатнинг айрим жойларида намойишчилар билан полиция махсус бўлинмалари ўртасида рўй берган тўқнашувлардан сўнг янгради.

Намойишлар ҳукумат 15 ноябрда бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш ҳақида маълум қилгандан кейин бошланиб кетди.

Мамлакат жанубидаги Сиржан шаҳрида 16 ноябрда бир киши ўлдирилди.

Тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, бошқа шаҳарлар, жумладан, Беҳбаҳон, Исфаҳон ва Мариван шаҳарларда рўй берган тўқнашувларда 4 киши ҳалок бўлган.

50 ка яқин шаҳарда намойишлар ўтказилгани ҳақида хабарлар бор.

Улкан энергия захираларига эга Эронда ҳукумат субсидиялари ажратилаётгани сабабли ёнилғи баҳоси жуда паст эди.

Аммо қайта ишлаш қувватлари етишмаётгани сабабли мамлакатда ички талабларни қондириш учун кўп ҳаракат қилинмоқда. Халқаро санкциялар сабаб қайта ишлаш заводларини таъмирлаш ва янгилаш учун эҳтиёт қисмлар етишмаяпти.

АҚШ президенти Доналд Трамп жорий йил бошида Эронга қарши санкцияларни қайта жорий этган ва Теҳронни 2015 йилги ядро дастури битимини бажармаётганликда ва ракета дастурини давом эттира ётганликда айблаган эди.

Хоманаий давлат телевидениеси орқали билдирган фикрларида номи очиқ айтилмаган чет эл кучларини саботаж қилишда айблади ҳамда мамлакатнинг кучишлатар қўшинларини “ўз вазифасини бажариш”га даъват қилди, аммо ўша вазифа нима эканини очиқламади.

Айрим кишилар ушбу қарордан хавотирга тушгани шубҳасиз... Бироқ саботаж билан ўт қўйишни бизнинг халқимиз эмас, безорилар қилган. Аксилинқилоб ва Эроннинг душманлари саботажни, хавфсизликка зарар етказишни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган, ‒ деди Хоманаий.

Грузияда сайловга оид ислоҳотлар талаби билан намойишлар бошланди

Тбилиси, 14 ноябрь, 2019 йил

Грузия парламенти сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги чораларни кўришдан бош тортгач, Тблисида янги намойишлар бўлиши кутилмоқда.

Полиция махсус бўлинмалари мамлакат парламенти биноси олдида саф тортди.

Норозилик намойиши ташкилотчилари қонун чиқарувчиларга ўтган ҳафтада берган овозини бекор қилиши учун босим ўтказиш мақсадида 17 ноябрда Тбилиси марказига минглаб кишиларни бошлаб келишга умид қилган эди.

14 ноябрда қонун лойиҳасига етарли овоз берилганида эди, Грузия парламенти сайловида тўлиқ пропорционал овоз беришга ўтиш мумкин бўлар эди. У ҳолда ҳозирги депутатларнинг ярми шундай овоз бериш йўли билан сайланарди.

Ўзгариш 2024 йили рўй бериши керак эди, аммо мухолиф партиялар буни тезлаштиришни талаб қилди. Чунки мавжуд тизим ҳокимиятдаги “Грузия орзуси” партиясига ютиши учун қулай шароит яратиб беради.

Етарли овоз олинмай қолгани 15 ноябрда намойишларга туртки берди. Омма ва фаоллар Тбилисидаги парламенти биноси олдида йиғилиб, шаҳарнинг бош кўчасидаги ҳаракатни тўсиб қўйди.

Овоз етарли бўлмай қолганини Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси ва АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси танқид қилди.

“Грузия орзуси” партияси, жумладан, унинг миллиардер асосчиси ва етакчиси жадаллаштирилган ислоҳотни қўллаб чиққан эди, аммо таклиф этилган қонун лойиҳаси барибир қабул қилинмади.

Бу айрим қонун чиқарувчилар, хусусан, спикер ўринбосари Тамар Хангошвилининг партиядан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

Босния-Герцеговинадаги жамлоқда мигрантлар чодирларини бўрон учириб кетди

Вучак жамлоғи, 15 ноябрь, 2019 йил

Босния-Герцеговинадаги Вучак жамлоғида бўрон туриб, мигрантлар тиккан вақтинчалик чодирларни учириб кетди.

Бу жамлоқдаги 2 мингга яқин кишининг аҳволини янада оғирлаштирди.

Хорватия яқинидаги жамлоқнинг кўплаб мигрантлари 16 ноябрда ёмғир ва шамолдан паноҳ излаб, ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Илтимос, менга ёрдам беринг. Мен ҳайвон эмас, одамман, менга бошпана беринг, − деди покистонлик мигрант Комрон Хон. − Бу жой одамларга мўжалланмаган... Бу ер – ўрмон, одамларнинг эмас, ҳайвонларнинг жойи.

Бир кун олдин “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти вакили Босния шимоли-ғарбидаги вақтинчалик чодирлар тикилган қочқинлар жамлоғи энг оддий яшаш шароити талабларига ҳам жавоб бермаслигини ҳамда “хавфли ва инсон яшаши учун мўлжалланмаган жой” эканини айтган эди.

Ўтган йили тахминан 50 минг мигрант Боснияга келди, бу мамлакатга қўшимча машаққатлар туғдирмоқда.

Этник можаролардан боши чиқмайдиган Сараеводаги ҳукуматнинг муаммони ҳал этиши жуда қийин бўляпти.

Россия Керч бўғозида қўлга олган учта украин кемасини қайтаради

Кемалар ҳозирда Россия аннексия қилган Қримнинг Керч портида ушлаб турилибди. 

Россия Керч бўғозида қўлга олинган учта украин ҳарбий кемасини қайтаради.

Бу ҳақда "Коммерсант" нашри Россия ҳукуматидаги иккита расмийга таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, кемаларнинг қайтарилиши 9 декабр кунига белгиланган "Норманд тўртлиги" саммитидан олдин амалга ошиши мумкин.

Ўтган йил ноябр ойида Россия аннексия қилинган Қрим яримороли яқинида Украинага тегишли учта ҳарбий кемани қўлга олган.

Керч бўғозида кемаларнинг қўлга олинишидан олдин икки ўртада ўт очилган ва бир қанча Украиналик ҳарбий яраланган эди.

Россия ҳам, Украина ҳам ушбу зиддиятнинг келиб чиқишида бир-бирини айблашган.

Кемалар ҳозирда Россия аннексия қилган Қримнинг Керч портида ушлаб турилибди.

Шу йилнинг май ойида денгиз ҳуқуқлари бўйича БМТ халқаро трибунали Россия кемаларни Украинага қайтариши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди.

"Коммерсант" нашрига кўра, Украина ва Россия ҳозирда кемалар топширилиши санаси ва жойини муҳокама қилмоқда.

Сербия президенти юрак ҳасталиги белгилари билан Белграддаги касалхонага ётқизилди

Сербия президенти Александр Вучич юрак ҳасталиги белгилари билан Белграддаги касалхонага ётқизилди.

Шифокорлар Вучичга қандай ташхиз қўйишгани номаълум.

Президент маслаҳатчиси Сузана Василевич президентнинг аҳволи стабил эканини айтди.

49 ёшли Вучич 2017 йилда президент этиб сайланган эди.

У 2012 йилдан ҳукуматда мудофаа вазири, бош вазир ўринбосари ва бош вазир лавозимларида ишлаган.

Ундан олдин Вучич Сербиянинг аввалги президенти Томислав Николич асос солган партияга етакчилик қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG