Линклар

Покистонда бензин ташувчи машина портлаши оқибатида камида 152 киши ҳалок бўлди


Бензин ташувчи машина портлаган жой.

Покистоннинг Панжоб вилояти Бахвалпур шаҳри яқинидаги қишлоқда бензин ташувчи машина ағдарилиши оқибатида юз берган портлашда камида 152 киши ҳалок бўлди.

Расмий маълумотда айтилишича, 25 июнь куни эрталаб бензовоз ҳайдовчиси бошқарувни қўлдан чиқаргани оқибатида автомашина ағдарилиб кетган.

Атрофдаги қишлоқ аҳолиси ағдарилган машинадан бензин ғамлаб олиш учун йиғилиб келган. Одамлар сони 500га етганида портлаш юз берган.

-Воқеа жойига жуда кўп одам йиғилди. Биз уларни портлаш юз бериши мумкинлигидан огоҳлантириб, ортга қайтармоқчи бўлдик. Аммо улар бунга эътибор қилишмади. Бу ерга атрофдаги қишлоқлардан одамлар тўпланганди. Улар орасида менинг қариндошларим ҳам бор эди. Улар ҳам ҳалок бўлишди, - деди воқеа гувоҳларидан бири Муҳаммад Асим.

Қутқарувчиларнинг билдиришича, портлаш оқибатида ўнлаб одамлар яраланган. Уларнинг орасида аҳволи ўта оғирлар ҳам бор. Шунинг учун қурбонлар сони янада кўпайиши мумкин.

XS
SM
MD
LG