Линклар

Атамбаевни танқид қилган журналист 130500 доллар жаримага тортилди


Нарин Айип Қирғизистондаги энг таниқли журналистлардан бири ҳисобланади.

Қирғизистондаги энг таниқли журналистлардан бири Нарин Айип президент Алмазбек Атамбаев қадр-қимматига ва обрўсига путр етказганликда айбланиб, 9 миллион қирғиз сўми, яъни 130 минг 500 доллар жаримга тортилди.

Бишкек шаҳар Октябрь туман судида 3 июль куни бўлиб ўтган маҳкамада Нарин Айипни бош прокуратуранинг учинчи даъво аризаси асосида 3 миллион сўм жарима тўлашга ҳукм қилди.

Умумий ҳисобда журналист Нарин Айипга нисбатан бош прокуратура судга учта даъво аризаси киритган эди. Аввалги суд жараёнларида қолган аризалар ҳам қаноатлантирилган ва Нарин Айип умумий ҳисобда 9 миллион сўм, яъни 130 минг 500 доллар миқдорида жаримга тортилди.

Қирғизистон бош прокуратураси мамлакадаги энг таниқли журналистлардан бири бўлган Нарин Айипни президент Алмаз Атамбаевнинг обрўсига ва қадр-қимматига путр етказадиган бир нечта мақола ёзганликда айблаган.

Бу мақолалардан биринчиси икки йил аввал Zanoza.kg сайтида эълон қилинган эди. Қолган икки мақола ҳам айнан мана шу сайтда нашр этилган.

Нарин Айип ўз мақолаларида президентни танқид қилган, жумладан, энг сўнгги мақоласида коррупцияда айбланиб февраль ойида қамалган мухолифат лидери Ўмурбек Текебаев юзасидан парламентда бўлган муҳокамани, бундан аввалги мақоласида эса дунёдаги авторитар лидерлар ҳисобланадиган президентларнинг таржимаи ҳолларини ёритган эди.

Нарин Айип судлар чиқарган ҳукмларни сиёсий босим сифатида қабул қилишини айтди:

-Биринчидан, мен мақолаларимда ҳақиқатан ҳам танқид қилганман. Аммо танқид мамлакатимизда тақиқланмаган. Мақолаларим танқидий бўлган эса-да, уларнинг бирортасида бирон бир шахснинг қадр – қиммати, ор-номуси ёки обрўсига путр етказадиган сўзлар ишлатилмаган, -деди Нарин Айип.

Аввалроқ"Фридом Хаус" халқаро ташкилоти ҳам Қирғизистонда қатор журналистлар ҳамда нашрларга нисбатан олиб борилаётган бу каби суд жараёнларини танқид қилиб, ҳукуматни матбуотга нисбатан босимларни тўхтатишга чақирган эди.

Парламентдаги ҳукмрон социал-демократлар фракцияси депутати Жанар Ақаев бу каби чақириқларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди:

-Агар Қирғизистон судлари мана шундай қарорларни чиқаришда давом этса, мамлакатда қурч журналистика йўқолади. Президент бош бўлиб нашрлар ва журналистларни миллионлаган жаримларага тортиш охир оқибат мамлакатда ёпиқ жамият шаклланишига сабаб бўлади, -деди депутат.

Айни пайтда Қирғизистонда матбуот сўз эркинлиги масъулиятини ҳис қилмасдан, шахсларнинг қадр-қимматига путр етказувчи текширилмаган мақолаларни ҳам чоп эта бошлади, деб фикрловчилар ҳам оз эмас. Улардан бири сиёсатшунос Игорь Шестаков мана буларни айтди:

-Бир-иккита суд жараёни матбуот эркинлигига таҳдид солмоқда, деб айтиш нотўғри бўлар эди. Менинг билишимча, судда мақолаларда айтилган фактлар тасдиқланмади. Қирғизистонда ўнлаб нашрлар президентни ҳам, ҳукуматни ҳам танқид қилишмоқда. Лекин уларни ҳеч ким судга бериб, босим кўрсатаётгани йўқ, -деди Игорь Шестаков.

Қирғизистон бош прокурори Индира Жолдубаева бир неча ой олдин Zanoza.kg сайтини, мазкур сайт таъсисчиси бўлган "Промедиа" жамғармасини, журналистлар Нарин Айип ва Дина Маслова, собиқ депутат Чўлпўн Жакуповани президент тўғрисида нотўғри маълумотларни тарқатганликда айблаб судга берган эди.

Бу даъво аризалари бўйича бош прокурор журналистлардан президент обрўсига путр еткизгани учун 24 миллион сўм ундириб берилишини талаб қилган.

XS
SM
MD
LG