Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:41

Россиялик ҳуқуқ фаоли Қирғизистонга киритилмади


Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг Марказий Осиё бўйича дастурлари раҳбари Виталий Понамарев.

Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг Марказий Осиё бўйича дастурлари раҳбари Виталий Понамарев 9 июль куни кечқурун Қозоғистондан Қирғизистонга киритилмади.

Виталий Понамарев бу борада Озодлик радиосига гапирар экан, воқеа “Ак-Жол” чегара ўтказиш пунктида содир бўлганини, уни қирғиз чегарачилари мамлакатга киритмаганини айтди:

-Менинг паспортимни қаёққадир олиб кетишди ва кейин бир офицер чиқиб, менга “Қирғиз Республикаси чегарасидан ўтказмаслик тўғрисида”ги актни топширди. Актда бу қарор қайси ташкилот томонидан қайси асосларга кўра қабул қилингани айтилмаган. Офицер менга: “Биз буйруқни бажарамиз холос, тўғри тушунинг”, деб айтди. Бошқа маълумот бергани йўқ, - деди Виталий Понамарев.

Москвалик ҳуқуқ фаоли Бишкекка 29 июнда келган ва 1 июлдан 3 июлгача экстремизм масалаларига оид анжуманда иштирок этган. Шундан сўнг у 4 июлда ўз шахсий ишлари билан Остонага учган.

У 10 июлда Бишкекдан Москвага учишни режалаштиргани учун шахсий буюмларини ва кийим-кечакларини Бишкекда қолдириб кетган.

Понамаревнинг айтишича, у 4 июлда Остонага учаётганида қирғиз чегарачилари “Манас” аэропортида уни 50 дақиқа ҳеч қандай асосларсиз ушлаб қолишган ва кейин қўйиб юборишган.

Виталий Понгамаревнинг Қирғизистонга киритилмаганига норозилик сифатида бишкеклик ҳуқуқ фаоллари Қирғизистон омбудсмени Қубатбек Оторбаевга ариза киритдилар.

Аризага имзо чеккан таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова 2010 йилдаги апрель инқилоби туфайли ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурманбек Бакиев даврида ҳам Понамаревнинг Қирғизистонга кириши икки марта тақиқланганини эсга олди:

-Бу биринчи марта бўлаётган воқеа эмас. Бундан аввал ҳам Виталий 2 марта ҳеч қандай асосли сабабларсиз Қирғизистонга киритилмаган. Кейин махсус хизматлар кечирим сўраб, унга мамлакатга киришга рухсат беришган. Бу ишларнинг бошида ҳар доим Миллий хавфсизлик хизмати турган, - деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистон Чегара хизмати ва Миллий хавфсизлик қўмитаси Виталий Понамаревнинг мамлакатга киритилмагани юзасидан ҳозирча бирор бир изоҳ беришдан тийилмоқдап ва журналистларнинг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирмоқда.

XS
SM
MD
LG