Линклар

Президент Трампнинг ўғли Россия адвокати билан учрашгани ҳақида кўрсатма беради


Президент Дональд Трампнинг катта ўғли Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг катта ўғли Дональд 10 июль куни отасининг сайлов кампанияси давомида Москва билан алоқлар қилингани юзасидан ўтказилаётган тергов доирасида Конгрессга кўрсатма беришга тайёр эканини айтди.

Аввалроқ Конгресс аъзолари Дональддан 2016 йилги президентлик сайлови арафасида россиялик адвокат Наталья Весельницкая билан учрашганида нималарни муҳокама қилгани тўғрисида маълумот беришни талаб қилган эдилар.

АҚШ Сенатининг разведка қўмитаси ҳам Дональддан ва мазкур учрашувда иштирок этган бошқа шахслардан кўрсатма олишга ҳозирланаётганини билдирган.

New York Times газетаси куни кеча Трампнинг ўғли президентлик сайлови пайтида адвокат Наталья Весельницкая билан учрашгани ҳақида ёзган.

Нашрнинг иддао қилишича, адвокат Дональдга президентликка номзод бўлган Ҳиллари Клинтонга қарши компраматларни бермоқчи бўлган.

АҚШнинг разведка идоралари жорий йилнинг бошида, Россия президентлик сайловига аралашди, деб хулоса чиқарган.

АҚШ Адлия вазирлиги 17 май куни собиқ Федерал тергов бюроси собиқ директори Роберт Мюллерни Россия билан президент Трампнинг 2016 йилги сайлов кампанияси вақтидаги гумон қилинаётган махфий тил бириктирувини тергов қилиш учун махсус прокурор этиб тайинлади.

XS
SM
MD
LG