Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 07:13

Халқаро янгиликлар

Қирғизистон президентлигига номзодлар сони 29 нафарга етди

Қирғизистонда 17 июль ҳолатига кўра, президентликка номзоди кўрсатилган шахслар сони 29 кишига етди.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, 29 номзоддан 24 нафари ўзларини ўзлари пезидентликка кўрсатган, 5 номзод эса сиёсий партиялар томонидан таклиф этилган.

Қирғизистонда 15 июндан бошлаб президентликка номзодларни кўрсатиш жараёни расман бошланган эди. Мазкур жараён 1 августда ниҳоясига етади. 10 сентябрда номзодларнинг сайловолди тарғиботи бошланади.

Тарғибот 14 октябргача давом этади. 15 октябрда ўтадиган сайловнинг натижалари эса 4 ноябрь куни эълон қилинади.

Кун янгиликлари

Беларусда озодликка чиқарилган тожик мухолифатчиси Европадан сиёсий бошпана сўрамоқчи

Фарҳод Одинаев

Тожикистонлик мухолифатчи ҳамда журналист Фарҳод Одинаев Европа Иттифоқидан сиёсий бошпана сўрашини маълум қилди. Унинг бу қарорига ватанига қайтса, қўлга олиниши ҳақида хабар топгани сабаб бўлган.

Озодликка телефон орқали берган интервьюсида Одинаев айни дамда Германияда эканлигини, бир йиллик визаси борлигини айтди.

Ўтган ҳафтада Беларусь расмийлари Тожикистоннинг Одинаевни экстрадиция қилиш талабини рад этиб, уни озодликка чиқарди.

Одинаев Беларусда қўлга олинишидан олдин Тожикистон расмийлари уни экстрадиция қилишга уринаётганини билмаганини, собиқ совет давлатларига саёҳат қилиш ўзи учун хавфли эканлигини англаб етганини айтди.

25 сентябрь куни Беларусь миграция хизматчилари Варшавага отланган Одинаевни қўлга олган эди. Октябрь ойида “Константа“ инсон ҳуқуқлари гуруҳи Одинаев Тожикистонга экстрадиция қилинса, қийноққа тутилиши хавфи юқори эканлигини таъкидлади.

Россия ва Тожикистон паспортларига эга Одинаев Тожикистонда ман этилган “Ислом уйғониш партияси“ аъзоси бўлган. 2013 йилда қароргоҳи Москвада бўлган “Сафо ТВ“ мухолиф телеканалига етакчилик қилган. Канал бир неча ой фаолият юритганидан кейин Россия расмийлари томонидан ёпилган.

Молдова парламенти ҳукуматга ишончсизлик билдирди

Молдова бош вазир Майя Санду

Молдованинг бош вазир Майя Санду етакчилигидаги ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукуматига ишончсизлик билдирилди ва натижада ҳукумат тарқаладиган бўлди.

12 ноябрда Молдова парламентининг 101 депутатидан 63 нафари Санду ҳукуматига қарши овоз берди.

Ҳукуматга ишончсизлик билдиришни овозга қўйиш ташаббуси билан 8 ноябрь куни россияпараст президент Игорь Додон етакчилигидаги “Молдова социалистик партияси” (PSRM) чиққан эди. Бунга Санду ҳукуматининг бош прокурорни тайинлаш жараёнини ўзгартиргани сабаб бўлди.

Овоз бериш арафасида олигарх Владимир Плахотнюк етакчилигидаги “Молдова демократик партияси” (PDM) ҳамда Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлган PSRM партияси депутатлари куч бириктирди.

Санду прокурорни тайинлаш бўйича киритилган ўзгаришларни Венеция комиссияси кўриб чиқишини таклиф қилди, аммо PSRM партияси бу таклифга рози бўлмади.

Жорий йилнинг ёзида Молдовада ғарб билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ҳукумат ғалаба қозонган эди. Бунинг учун ACUM альянси қўллаган Санду PSRM билан коалиция тузди. Аммо коалиция ичидаги муносабатлар қалтис эди.

4 ноябрь куни Кишинёв мэри сайловида PSRM номзоди ACUM номзоди устидан ғалаба қозонди, натижада коалиция ичидаги танг муносабатлар янада кескинлашди.

АЭХА Эронда "одам фаолияти туфайли юзага келадиган" уран заррачаларини топганини маълум қилди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

БМТнинг Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) ўз кузатувчилари Эронда расман тан олинмаган иншоотда "одам фаолияти туфайли юзага келадиган" уран заррачаларини топганини маълум қилди.

Бу ҳақда кузатувчилар АЭХАга аъзо давлатларга тақдим этилган махфий уч ойлик ҳисоботдан маълум бўлди. Айрим ғарб нашрлари қўлига тушган ҳисоботда бу зарралар айнан қаерда топилгани очиқланмаган.

Исроил Эронни Теҳрон яқинидаги Турқузобод туманида расман тан олинмаган иншоотда яширин тарзда ядровий фаолият юритишда айблаб келади.

АЭХА ҳисоботида 2015 йилда Эрон ва дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида эришилган келишувга қарамасдан, Эроннинг оз бойитилган уран захиралари ошиб бораётган айтилади.

Ҳисоботда, шунингдек, Эрон эндиликда Фордов ядровий заводида уранни бойитаётганини тасдиқланди. Бу эса 2015 йилги келишув шартларига зиддир.

Ҳисоботга кўра, Эрон йил бошида 4 кг уранни бойитган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 100 кгга етган.

Ўтган йилнинг май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини эълон қилди ва Теҳронга қарши қайтадан санкция жорий қила бошлади. Бунга жавобан Эрон келишувга биноан ўз бўйнига олган шартларга тобора озроқ амал қила бошлади.

Ироқдаги намойишларда тўрт одам ҳалок бўлди

Ироқлик намойишчи.

Ироқнинг Носирия шаҳрида норозилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида юз берган тўқнашувда тўрт намойишчи ҳалок бўлди ва 130 нафарга яқин одам яраланди.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришларича, тўқнашув хавфсизлик кучлари норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаши ортидан содир бўлди.

Ироқ армияси матбуот котиби бўлган генерал-майор Абдул Карим Халаф 11 ноябрда тўқнашувлар ҳақида гапирар экан:

-Қуролли Кучлар номидан айтишим мумкинки, биз тинч ва тартиб-интизомли, қонунларни бузмайдиган, Ироқ халқи учун фаровон турмуш талаб қилиб чиққан намойишчиларни ҳурмат қиламиз. Намойишчиларнинг 99 фоизи мана шундай одамлар. Уларнинг орасида жуда камчиликни талончилар, ўғрилар ва зўравонлар ташкил қилади. Айнан ўшалар бизларга ҳужум қилмоқда,-деб айтди.

Ироқда коррупция ва ишсизликдан норози бўлган халқ 25 октябрдан бери норозилик намойишлари ўтказмоқда.

Ҳонконгда намойишларнинг 24-ҳафтасида яна тўқнашувлар содир бўлди

Ҳонконгдаги намойишчилардан бирини қўлга олиш пайти.

Ҳонконг ҳукумати 11 ноябрь кунги намойишлар пайтида полиция билан тўқнашган норозилардан икки нафарининг аҳволи оғирлигича қолаётганини тасдиқлади. Норозилардан бирини полициячи ўқотар қуролдан яралаган.

Ҳонконгдаги намойишлар 24 ҳафта олдин бошланган эди. Норозилик чиқишлари парламент жиноятчиликда гумонланганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонунни муҳокама қила бошлагани ортидан бошланиб кетган.

Ўшандан бери расмийлар бу қонун лойиҳасидан воз кечилганини қайта-қайта эълон қилганига қарамай, маҳаллий аҳоли Ҳонконг суверенитетини муҳофаза қилиш чақириқлари билан норозилик чиқишларини тўхтатмаяпти.

Ҳонконг ҳокими Кэрри Лэм 11 ноябрда матбуот анжуманида норозилик намойишлари ҳақида гапирар экан:

-Агар зўравонликнинг кучайиши Ҳонконг ҳукуматини муроса қилишга мажбур қилади деган тасаввурдаги одамлар пайдо бўлган бўлса, уларга қарата баланд овозда ва аниқ қилиб айтаманки, ҳеч қачон бундай бўлмайди,-деб баёнот берди.

Афғонистон ҳукумати ва Толибон асирлар билан алмашинади

Толибон ўғирлаб кетган америкалик Кевин Кинг ва австралиялик Тимоти Уикс.

Афғонистон ҳукумати Ҳаққоний террор тармоғининг асирга олинган уч нафар юқори мартабали аъзосини Толибон ўғирлаб кетган америкалик ва австралиялик ўқитувчиларга алмаштиришга тайёр эканини билдирди.

Асирлар билан алмашиш жараёни Қатарда АҚШ назорати остида ўтказилади. Бундан ташқари Афғонистон ҳукумати Толибондан музокаралар жараёнида иштирок этишга розилик беришни талаб қилмоқда.

Толибон билан шу кунгача АҚШ махсус вакили Залмай Ҳалилзод музокаралар ўтказмоқда. Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказишдан бош тортиб келмоқда.

Кобулдаги Америка универистетида ишлаган америкалик 60 ёшли Кевин Кинг ва австралиялик 48 ёшли Тимоти Уиксни Толибон 2016 йилда ўғирлаб кетган эди. Афғон расмийларига кўра, улар Анас Ҳаққоний, Хофиз Рашид Умарий ва Хожи Милли Хонга алмаштирилади.

Украина шарқидаги жабҳа ҳудудидан ҳарбийлар олиб чиқиб кетилди

Украина ҳарбийлари.

Киев ва Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган сепаратчилар Украина шарқидаги учинчи низо жабҳасидан аскарларни ҳамда қуролларни олиб чиққанини билдирди.

Донецк вилоятининг Петровское ва Богдановка аҳоли пунктларидан 11 ноябрь куни украин ҳукумати 42 аскар, учта бронемашина ва 48 дона ўқотар қуролни олиб чиқиб кетган.

12 ноябрдан бу ҳудудларни миналардан тозалаш ишлари бошланади. Сепаратчилар аввалроқ бу ҳудудлардан ўз аскарларини олиб чиқиб кетганини билдирган эди.

Низо жабҳаларидан аскарларни олиб чиқиб кетиш жараёни Москва ва Киев ўртасида 1 октябрда эришилган келишув асосида 9 ноябрда бошланган эди.

2014 йилдан бери Украина шарқидаги жангларда 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Покистоннинг Панжоб штатидаги ҳужумларда тўққиз одам ҳалок бўлди

10 ноябрда Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Ражанпур минтақасида полиция автомобилига қилинган ҳужумдан 5 киши ҳалок бўлди. Покистон расмийларининг маълум қилишича, полиция қочқинларни ушлаш амалиётини амалга ошираётганида қуролланган шахслар ўт очган.

Покистон полицияси матбуот котиби Калим Қурайший ҳалок бўлганлар орасида икки полиция ходими, икки разведка ходими ҳамда бир нафар маҳаллий информант бўлганини айтди.

Ҳозирча ҳеч ким ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олгани йўқ.

10 ноябрь куни Панжоб вилоятининг Дара Ғози Хон шаҳрида текширув пункти олдидаги отишмада бир нафар полициячи ҳалок бўлган.

Хабарларга кўра, полиция тўхтатишга уринган шахслар ўт очган, натижада отишма бошлаган. Отишмада полиция ходимидан ташқари бир ўткинчи ҳамда икки гумонланувчи ҳалок бўлган.

Расмийлар ҳар икки ҳужумга алоқадорликда айбланаётганларни қўлга олиш учун мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан хавфсизлик ходимлари ёрдамга чақирилганини маълум қилишди.

Руминияда президент сайлови иккинчи босқичга қолдирилди

Руминиянинг амалдаги президенти Клаус Йоханнис (ўнгда)

Руминиянинг амалдаги президенти Клаус Йоханнис президент сайловининг биринчи раундида энг кўп овоз олди.

11 ноябрь куни Руминия Марказий сайлов бюроси берилган овозларнинг 96 фоизи санаб бўлинганидан кейин, ҳукмрон “Миллий либерал партия” номзоди Йоханнис 36,91 фоиз овоз тўплаганини маълум қилди.

Сайловнинг иккинчи босқичида Йоханнис яқинда хизматидан четлатилган собиқ бош вазир Виорика Дэнчилэ билан беллашади. Сўл қанот “Социал демократлар партияси” номзоди бўлмиш Дэнчилэга сайловчиларнинг 23,45 фоизи овоз берган.

Сайловда сайловчиларнинг 48 фоизигина қатнашган. Бу Руминияда социализм қулатилганидан бери кузатилган энг паст кўрсаткичдир.

Руминиянинг учинчи йирик партияси бўлмиш “Руминия бирлигини сақлаш” партияси етакчиси Дан Барна 14,91 фоиз овоз тўплаган.

Бошқа давлатларда истиқомат қилаётган руминлар эса сайловда фаол қатнашган. Расмий маълумотларга кўра, сайловда румин диаспораларининг 675 минг аъзоси қатнашган. Дастлабки натижаларга кўра, хориждаги руминларнинг 53 фоизи Йоханнисга, 27 фоизи Барнага овоз берган.

Польша Украина фуқаросини Россияга экстрадиция қилиши мумкин

Иҳор Мазур

12 ноябрда Польша судида Донбасс уруши ветерани ҳамда украин миллатчилари гуруҳи аъзосини Россияга экстрадиция қилишга доир ишни кўриш бошланади. Бу ҳақда Польшанинг Люблин шаҳридаги Украина консули Артём Валах билдирди.

Польша чегарачилари УНА-УНСО ўнг қанот миллатчи гуруҳи аъзоси Иҳор Мазурни 9 ноябрь куни қўлга олган. Бунга Россия Интерпол орқали Мазурни қидирувга бергани сабаб бўлган.

Хабарларга кўра, Мазур Россияда 1994-95 йиллардаги Биринчи чечен уруши давомида Россия федерал кучларига қарши курашганликда ҳамда Москва экстремистик деб ҳисобловчи икки гуруҳга аъзоликда айбланмоқда.

Мазур чегарадан ўтаётиб, Варшавада бўлиб ўтадиган конференцияга кетаётганини айтган. Аммо полиция уни Хелм шаҳрига олиб кетиб, уч соат сўроқ қилган. Бунинг ортидан уни гаров эвазига Люблиндаги Украина консуллигига топиширган.

Валах 11 ноябрь Польшада байрам бўлгани учун суд жараёни 12 ноябрда бошланиши мумкинлигини билдирди.

Қотилликда гумонланган қозоғистонлик Қирғизистон паспорти билан Туркияда қўлга олинди

Қирғизистон паспорти.

Қозоғистонда 15 йил олдин қотиллик содир этганликда гумонланаётган шахс 10 ноябрь куни Туркияда қўлга олинди. Бу ҳақда "CNN türk" телеканалига таянган ҳолда Озодлик радиоси қирғиз хизмати хабар берди.

Айтилишича, Интерпол томонидан қидирилаётган 53 ёшли Бакитжан Успанов Кўня шаҳрида ушланган.

У сўроқ пайтида «Қозоғистондан қочиб Қирғизистонга боргани ва у ерда минг долларга қирғиз паспортини сотиб олгани» ҳақида кўрсатма берган. У мана шу паспорт билан Туркияга келган.

Кўня прокуратураси тергов якунланганидан сўнг Бакитжан Успанов Қозоғистонга депортация қилинишини билдирди.

2018 йилда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2015-2016 йилларда қирғиз паспортларини ноқонуний берганликда гумонланаётганларга нисбатан 228 жиноят иши очилгани, улардан 125таси судга оширилгани тўғрисида хабар берган эди.

Россия телеканаллари Максим Галкиннинг цензура ҳақидаги гапларини рад этишга уринди

Максим Галкин Новосибирскдаги концертида Путинни ҳам танқид қилган.

Россия федерал телеканалларининг бошловчилари машҳур қизиқчи Максим Галкиннинг ҳукумат телеканаллари цензура қилинаётгани тўғрисидаги гапларини инкор этишди.

Тележурналистлар Владимир Соловьёв, Дмитрий Киселёв, Артём Шейнин цензура мавжуд эканини рад қилдилар ва ўзлари Россия қонунлари доирасида эркин ишлаётганларини билдирдилар.

Артём Шейнин: “Максим Галкин ўзига халқ артисти унвони берилмагани учун аламини олмоқда”, - деб айтди.

Аммо Максим Галкинни машҳур тележурналист Владимир Познер қўллаб-қувватлади.

«Сиёсат ҳақида ҳамма нарсани гапириш мумкин бўлган телеканал мавжуд эмас», - деди Познер. Унга кўра, Галкиннинг баёноти янгилик эмас, телеканалларда цензура борлиги ҳаммага маълум.

Аввалроқ Максим Галкин Новосибирскда берган концерти пайтида Россия телеканалларида цензура борлигини айтиб, президент Владимир Путинни халқдан узоқлашиб кетган шахс сифатида танқид қилган эди.

Грузияда норозиликларга қарамай гейлар тўғрисидаги фильм намойиши тўхтатилмади

«Кейин биз рақсга тушдик» фильмига қарши Грузияда ўтказилган норозилик намойиши.

Норозилик намойишларига қарамай, Грузия пойтахти Тбилиси ва Батуми шаҳарларидаги кинотеатрларда асли грузиялик бўлган швед режиссёри Леван Акиннинг гейлар тўғрисидаги «Кейин биз рақсга тушдик» фильми намойиш этилмоқда.

Фильм Грузия халқ рақс ансамбли раққослари бўлган икки йигитнинг бир-бирига бўлган муҳаббати ҳақида.

Ўтган ҳафтанинг жума ва шанба кунлари фильм намойиш этилишига қарши «Грузия марши» ва «Православ ота-оналар иттифоқи» ташкилоти фаоллари норозилик намойиши ўтказган эди.

Жума куни Тбилиси ва Батумида ўтган намойишлар полиция билан тўқнашувга айланиб кетганди. Ўшанда 27 нафар норози қўлга олинган.

Гейлар тўғрисидаги фильм намойишининг тўхтатилмагани ортидан консерваторлар раҳбари Леван Васадзе ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раиси Бидзин Иванишвили билан ҳамкорликни тўхтатишини билдирди.

Васадзе Иванишвилини «грузин қадриятларини ҳақорат қилувчи фильм намойишни тўхтатмаганликда ёки тўхтатишни истамаганликда» айблади.

Эрон Бушеҳр атом электр станциясининг иккинчи реакторини қуришни бошлади

Бушеҳр атом электр станцияси иккинчи реакторининг тамал тоши 10 ноябрда қўйилди.

Эрон 10 ноябрь куни Бушеҳр атом электр станциясининг иккинчи реакторини барпо этиш ишларини бошлади. Мазкур лойиҳа Россия билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

-Ядровий соҳа таъсир кўрсатишнинг потенциал манбаси ҳамдир. Айни мана шу ҳолат бугун биз инқилобимиз душманлари уюштирган жиддий синовларни бошдан кечираётганимизнинг асосий сабабларидан биридир. Душман бизни мана шу таъсир воситасидан маҳрум қилмоқчи,-деди лойиҳанининг тамал тошини қўйиш тадбирида иштирок этган Эрон вице-президенти Али Акбар Солиҳий.

2011 йилда Россия технологиялари асосида барпо этилган ва Яқин Шарқда ягона бўлган Бушеҳр атом электр станцияси БМТнинг халқаро атом агентлиги томонидан назорат қилинади.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Бушеҳр АЭСи Эрон ядро қуроли яратиш дастурининг узвий қисмидир, деган фикрни илгари суриб келади. Эрон эса бу айбловларни рад қилмоқда.

Генерал Милли: Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари яна бир неча йилга қолдирилади

Генерал Марк Милли.

АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли 18 йилдан бери Афғонистонда ҳозир бўлиб турган Америка қўшинлари яна бир неча йил бу мамлакатда қолдирилиши мумкинлигини билдирди.

-Биз Афғонистонга бу мамлакат Қўшма Штатларга ҳужум қиладиган террорчилар учун бошпанага айланиб қолмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун кирганмиз. Бу миссия ҳали ниҳоясига етганича йўқ, -деди генерал Милли ABC телеканалига 10 ноябрда берган интервьюсида.

Генералга кўра, АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқарилиши учун афғон қуролли кучлари мамлакатдаги хавсизликни таъминлай олишга қодир бўлиши лозим, аммо ҳозирда улар бу вазифани тўлақонли бажариш салоҳиятига эга эмас.

Афғонистонда ҳозир АҚШнинг 14 минг аскари мавжуд. Аввалроқ президент Дональд Трамп АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилишини билдирган эди.

Помпео Эронни АЭХА инспекторини ушлаб тургани учун танқид қилди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео, 8 ноябрь, 2019 йил

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эроннинг октябрь ойида БМТнинг ядро масалалари бўйича инспекторига қилган муносабатини “ғазабланарли ва оқлаб бўлмайдиган қўрқитиш ҳаракати”, деб атади.

Помпеонинг 8 ноябрда баёнот беришича, Эрон Халқаро атом энергетикаси агентлиги (АЭХА) инспекторини "ҳибсга олган". Бу билан инспектор аёлнинг қисқа муддат Эрондан чиқиб кетишга қаршилик қилинган.

“Қўшма Штатлар IAEAнинг Эрондаги кузатув ва текширувларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди, ‒ дейилади Помпеонинг баёнотида. ‒ IAEA инспекторлари ўта муҳим ишларини ҳеч бир тўсиқсиз бажариши шарт. Биз Эронни барча ҳал этилмаган ишларни IAEA билан тез орада ҳал этиб олишга, агентлик инспекторларига имтиёз ва дахлсизлик беришга даъват этамиз”.

Эрон Атом энергетикаси ташкилоти матбуот котиби Беҳруз Камолвандий, Теҳрон 28 октябрда рўй берган нохуш воқеа пайтида ҳеч бир ишни нотўғри қилмаган, деб айтди.

Айтилишича, инспекторнинг аккредитацияси бекор қилинишига, Натанз уранни бойитиш заводига кириш вақтида, инспекторда “шубҳали маҳсулот” бўлиши мумкинлигига оид хавотир сабаб бўлган. Гўёки, текширув пайтида инспекторда портловчи нитратлар изи борлиги аниқланган.

АЭХА эса Эроннинг бу иддаосини рад этмоқда.

БАА Эроннинг ракета дастури ва прокси-ташкилотлари бўйича кенг музокара ўтказишни талаб қилди

Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Анвар Гаргаш, 24 июнь, 2017 йил

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ҳукумати Эроннинг, дунёнинг етакчи мамлакатлари ва Форс кўрфазидаги қўшнилари билан муносабатлари бўйича кенг қамровли музокара ўтказишга чақирди.

БАА Ташқи ишлар вазири Анвар Гаргаш музокараларда нафақат Теҳрон ядровий дастури, қолаверса, баллистик ракеталар дастури ва чет эллардаги прокси-ташкилотларни қўллаб-қувватлаётганига оид муаммоларни ҳам муҳокама қилишга даъват қилди.

АҚШ иттифоқчиси бўлган БАА узоқ вақтдан бери, ўртадаги талаш ҳудудлар сабаб, Эрон билан зиддиятли муносабатдадир.

БАА ҳукуматининг 10 ноябрдаги даъвати Теҳрон бир ҳафта олдин, 2015 йилда эришилган ядро дастури битими мажбуриятларини бажаришдан воз кечиш сари янги қадам қўйишини билдирганидан сўнг янгради.

Ушбу битимдан ўтган йили АҚШ чиқиб кетган эди.

Айни босқичда вазиятнинг янада таранглашуви ҳеч кимга яхшилик келтирмайди ва коллектив дипломатия муваффақият келтиришига қатъий ишонамиз, ‒ деди БАА Ташқи ишлар вазири Анвар Гаргаш, Абу-Дабуда оммага қарата.

Вазир можаро билан “номукаммал” ядро битими ўртасидаги “сохта танлов” тушунчаси ҳақида сўз юритар экан, янги битим кескинликни юмшатиши ва Эрон иқтисодиётини ҳозирги пасайишдан тикланиб олишига ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

АҚШ билан Эрон ўртасидаги кескинлик президент Доналд Трамп Қўшма Штатларни “Ҳаракатларнинг кенг қамровли қўшма режаси”дан (JCPOA) олиб чиққани ҳамда Эронга қарши “максимал босим ўтказиш” кампанияси доирасида биртомонлама иқтисодий ва савдо санкцияларини кучайтиргандан сўнг ортиб кетган.

Битимга имзо чеккан Европа мамлакатлари – улар қаторига Россия билан Хитой ҳам киради – уни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Эрон расмийлари санкциялар бекор қилинмагунча музокараларга қайтмаслигини билдирган.

Президентликка номзод Абдуллоҳ қайта овоз санаш жараёнидан вакилларини чақириб олди

Президентликка номзод Абдуллоҳ Абдуллоҳ (ўнгда) ва президент Ашраф Ғани, 13 февраль, 2019 йил

Президентликка номзод, Ашраф Ғанининг узоқ муддатлик рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ 10 ноябрда ўз вакилларини овозларни қайта санаш жараёнидан чақириб олганини маълум қилди.

Шу йилнинг 28 сентябрида бўлиб ўтган сайловда Ғани ҳам, Абдуллоҳ ҳам ғалаба қозонгани ва бир-бирини овоз бериш натижаларини сохталаштирганини иддао қилиб чиққан эди.

Абдуллоҳ Абдуллоҳ, 2014 йилдаги сайловда ҳам натижалардан норози бўлган ва ҳокимият тақсимоти бўйича келишув билан, Бош вазирлик лавозимини олган эди.

Айтишича, унинг кузатувчилари овозларни санашда иштирок этмаслиги боис, Афғонистон мустақил сайлов комиссияси тақдим этган ҳар қандай хулосани ноқонуний, деб қабул қилади.

Афғонистон ҳукумати, АҚШ ва бошқа мамлакатлар қўшинлари ёрдамида, кўплаб исёнларни бостиришга ҳаракат қилмоқда.

Абдуллоҳнинг қарори, сиёсий вазияти шусиз ҳам омонат бўлган Афғонистонда сайловдан кейинги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.

Шу йилнинг 14 ноябри сайлов натижаларини эълон қилишнинг сўнгги муддати этиб белгиланган. Аммо масъуллар натижалар яна кечикиши мумкинлигига ишора қилмоқда.

2014 йилда бўлиб ўтган сўнгги президент сайлови натижалари ҳам ўша пайтдаги икки номзод Ғани билан Абдуллоҳнинг АҚШ воситачилигида ҳокимиятни тақсимлаш хусусидаги келишувига кўра маъқулланган эди.

Қозоғистонда ислоҳотлар талаби билан намойишлар ўтказилди

9 ноябр куни Қозоғистонда демократик ислоҳотлар талаби билан намойишлар ўтказилди.

Олмаота шаҳрида намойишлар "Қозоғистон уйғон" шиори остида ўтди.

Намойишчилар қўлларида "Сўз учун изн олишим шарт эмас" деган плакатлар бор эди.

Полиция руҳсатсиз ўтказилган намойишларни кузатиб турди, лекин тўсқинлик қилмади.

Қозоғистонни чорак аср бошқарган Нурсултон Назарбоев шу йилнинг март ойида ўз ўрнини Сенат раиси Қасим-Жомарт Тоқаевга бўшатиб берган эди.

Тоқаевнинг июн ойида ўтказилган сайловларда ғолиб чиққани эълон қилинди.

У 2020 йил апрелига қадар мамлакатни муваққат президент сифатида бошқариши кўзда тутилган эди, аммо "барқарорлик" важи билан мамлакатда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтказилди.

Сўнгги ойларда Қозоғистонда кўплаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

26 октябр куни Қоғозистон пойтахти Нур-Султон ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида полиция ҳукуматга қарши норозилик намойиши ўтказиш учун йиғилган ўнлаб кишини ҳибсга олган эди.

Ўша куни Қозоғистоннинг Ақтўбе ва Чимкент шаҳарларида ҳам ўнлаб одам ҳибсга олингани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Намойишчилар Қозоғистон раҳбариятининг Хитой билан алоқаларига норозилик билдиришган, президент Қасим-Жомарт Тоқаевни Хитойдан қарз олиш амалиётини тўхтатишга чақиришганди.

АҚШ давлат котиби Россия ва Хитойдан келаётган таҳдидлардан огоҳлантирди

Майк Помпео

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Россия ва Хитойнинг демократик эркинликларга таҳдид солаётганидан огоҳлантирди.

Майк Помпео ғарб иттифоқчиларини ўз озодлигини ҳимоя қилишга чақирди.

Берлин девори қулашининг 30 йиллиги тантаналари арафасида Германия пойтахтида гапирган Майк Помпео эркин мамлакатлар ўз фуқаролари эркинлигини чеклаётганлар билан “қадриятлар рақобати”ни олиб бораётганини айтди.

"Ғарб, эркин мамлакатларда ўз халқларини Хитой, Россия, Эрон каби ҳукуматлардан келаётган таҳдидларни бартараф этиш масъулияти бор”, деди Помпео.

Алишер Усмоновнинг уюшган жиноятчилик билан алоқаси ҳақида ёзган журналист қидирувга берилди

Росбалт агентлиги сайти

Россияда полиция "Росбалт" агентлиги журналисти Александр Шваревга қарши сиртдан туҳмат ва товламачилик айбловларини илгари сурди.

Бу ҳақда тергов хулосалари билан танишган адвокатга таяниб "Интерфакс" агентлиги хабар берди.

Тергов гуруҳи хулосаларига кўра, журналист асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ҳақида била туриб ёлғондан маълумот тарқатган.

Гап, эҳтимол, ер юзидаги энг бой одамлардан бирининг уюшган жиноятчилиққа алоқадор бўлгани ҳақидаги хабар атрофида бормоқда.

2018 йил декабрида Алишер Усмонов суд орқали Russian Criminal сайтидан у ва Шакро Молодой номи билан танилган криминал авторитет Захарий Калашов ўртасидаги алоқаларга тааллуқли мақолаларни олиб ташлашга муваффақ бўлганди.

Бундан ташқари, терговчилар версиясига кўра, Шварев қозоғистонлик бизнесмендан 50 минг доллардан кўпроқ маблағни товламачилик йўли билан тортиб олган.

Адвокатлар маълумотига кўра, журналист Латвияда даволанмоқда.

Душанба куни суд уни сиртдан қамоққа олиш масаласини кўриб чиқади.

Ҳимоя томони Шваревга қарши илгари сурилган айбловларни уйдирма, жиноят ишини эса – топшириқ деб ҳисоблайди.Журналист айбловни буткул рад этмоқда.

Шу йилнинг апрель ойида полиция ходимлари "Росбалт"нинг Москвадаги идорасини афтидан Усмоновга алоқадор иш доирасида тинтув қилганди.

Қозоғистонлик амалдорларга иш жойида яна смартфонлардан фойдаланишга изн берилади

Иллюстратив сурат.

Қозоғистонда давлат ходимларига тез орада иш жойида смартфонлардан фойдаланишга рухсат берилади. Бу ҳақда Рақамли тараққиёт, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирининг ўринбосари Аблайхан Ўспанов маълум қилди.

"Мендаги маълумотларга кўра, қарор ҳукуматда кўриб чиқилмоқда ва тез орада бундан хабар топамиз. Тегишли барча давлат идоралари билан келишилган, эндиликда қарор ҳукумат мажлисига олиб чиқилади”, деган Ўспанов бу иш ноябрь ойи ичида амалга ошишига умид билдирди.

Журналистлар билан мулоқот чоғида вазирлик расмийси давлат ходимларига чекловларсиз смартфонларни қайтариш топшириғи давлат раҳбари томонидан берилганини қўшимча қилган.

Қозоғистонда давлат хизматчиларига смартфонлардан фойдаланиш 2016 йил мартида тақиқланган эди. Шундан сўнг амалдорларга Интернетга кира оладиган ва фото-видеокамералари мавжуд мобил ускуналар ўрнига фақат қўнғироқ қила оладиган ва SMS-хабар жўната оладиган телефонлардан фойдаланишга рухсат берилди. Президент идораси изоҳига кўра, бу тақиқ хизмат маълумотларининг сизиб чиқиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилгани сабабли киритилган.

Шу муносабат билан Ўспанов давлат идорасининг ҳар бир ходими аввалда бўлгани каби бундан буён ҳам ишхонада оладиган маълумоти учун маъсул бўлиши ва унинг ёйинланиши учун “қонун олдида жавоб бериши” ҳақида огоҳлантирди.

“Озодлик” раҳбари Тожикистон президенти билан учрашди

RFE/RL президенти Жейми Флай (ч) Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ў) билан, Швейцария, Цюрих, 2019 йилнинг 7 ноябри.

“Озод Европа/Озодлик Радиоси” (RFE/RL) президенти Жейми Флай 7 ноябрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан журналистлар аккредитациясига оид вазиятни муҳокама қилди.

Учрашув “Озодлик” радиоси ташаббуси билан Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтди. Томонлар “Озодлик” мухбирларининг Тожикистондаги фаолиятини муҳокама қилдилар.

Учрашув аввалида Имомали Раҳмон Тожикистон ҳукумати матбуот эркинлиги масалаларига жиддий аҳамият бериши ва мамлакатда сўз эркинлиги таъминланганини, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари фаолияти учун эркин ва нормал шароит яратиб беришга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

Жейми Флайга кўра, учрашув самимий руҳда ўтган. Ахборот эркин тарқатилиши тарафдори эканини таъкидлаган Флай Тожикистонда Озодлик радиоси тожик хизмати мухбирларининг ҳам эркин фаолият юритиши муҳимлигини эслатган.

Имомали Раҳмонга кўра, Тожикистонда “Озодлик” радиоси фаолиятининг тўхтатилишига оид миш-мишлар ғирт ёлғон ва бугунги кунда мамлакатда радионинг 18 нафар ходими рўйхатдан ўтган.

“Айрим собиқ совет мамлакатларида Озодлик радиоси фаолияти бутунлай тақиқланган бир пайтда улар Тожикистонда ўз фаолиятларини эркин олиб боришмоқда”, деган И. Раҳмон сўнгги вақтларда “Озодлик”нинг тожик хизмати Тожикистон Олий суди томонидан фаолияти тақиқланган партия ва ҳаракатларга оид хабарларни тарқатиш билан шуғулланиб келаётганини қўшимча қилган.

Бунга жавобан Жейми Флай “Озодлик” радиоси журналистиканинг олий меъёрларига амал қилиши ва қандайдир босим ёки таҳдидлар туфайли принципларини ўзгартирмаслигини айтган.

Тожикистонда “Озодлик” радиоси мухбирларининг аккредитацияси ҳақида гапирган Жейми Флай “айрим мухбирларнинг ишлашига рухсат берилиб, айримларига рухсат берилмаслиги ёки қисқа муддатга рухсат берилиши қабул қилиб бўлмайдиган принцип” эканлигини урғулаган.

Жейми Флайга кўра, Имомали Раҳмон Тожикистонда “Озодлик”нинг фаолияти муҳим эканлигини қайд этиб, радионинг Тожикистонни тарк этишини истамаслигини билдирган.

Учрашувдан кейин Флай Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тузилмаларига мурожаат қилиб, уларни “президент кўрсатмаларини бажариш ва қисқа муддат ичида “Озодлик” радиоси тожик хизмати мухбирларини аккредитациядан ўтказиш”га чақирган.

Бугунги кунда “Озодлик” радиоси тожик хизматининг ТИВдан аккредитация олмаган ўн бир журналисти ва ходимига Тожикистонда фаолият юритиш тақиқлаган. Улар орасида уч нафар янги ходим ва 6 нафар аккредитация муддати узайтирилишини кутаётган журналист бор. Аккредитация муддати 1 ноябрь куни тугаган 9 нафар журналистдан етти нафарининг аккредитацияси Тожикистон ТИВ томонидан узайтирилган, бироқ улардан олти нафарига олти ойга, уч нафарига эса уч ойга аккредитация берилган.

Яқинлари Сурияда бўлган қирғизистонликлар мамлакат президентидан ёрдам сўради

Фарзандлари Сурияга кетган қирғизистонлик аёллар.

Қирғизистонлик аёлларнинг бир гуруҳи президент Сўўрўнбай Жээнбековдан фарзандлари ва набираларини Суриядан қайтариш бўйича ёрдам сўради.

“Мен қизимни тўрт йилу олти ойдан бери кўрмадим. Ҳозир унинг фарзанди бор. Шу кунда уларга жуда қийин. Биз у билан телефон орқали мулоқот қилиб турибмиз, гаплашганимизда юм-юм йиғлаяпти. Қизим ҳозир 20 ёшда, Сурияга кетганида 17 ёшга ҳам тўлмаган эди. Ҳурматли президент, илтимос ёрдам беринг”, дея мурожаат қилади Қирғизистон президентига Чуй вилоятида яшовчи Гул Шарипова Озодликнинг қирғиз хизмати орқали.

Иссиқкўл вилоятида яшайдиган Чўлпўн исмли аёлнинг айтишича, қизи эрининг ортидан 2014 йили Сурияга кетган.

“Ҳар куни йиғлайди. Қайта олмаяпти. “Она, бизларни алдашди”, дейди. Бор умидимиз сиздан, уларни қайтаришга ёрдам беришингизга ишонамиз. Улар чодирларда яшамоқда, болалари тез-тез касал бўлмоқда, бирор бир ёрдам йўқ, ейишга овқати йўқ, дори-дармон ҳақида гапирмаса ҳам бўлади”, дейди у.

“Набираларим бомбардимон ва очликдан бошқа нарса кўришмади. Улар айбдор эмас – ахир улар ёш бола-ку”, дейди чуйлик Луиза Магомаева.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси октябрь ойида Сурия ҳудудларидаги лагерларда 500 га яқин қирғизистонлик борлигини билдирган. Қирғиз расмийларига кўра, Сурия ҳудудларидаги қочқинлар лагерларида юрган қирғизистонликлар билан учрашиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳукумат Сурия ва Ироқдан қирғизистонликларни қайтариш мақсадида ишчи гуруҳи ташкил қилинганлигини маълум қилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2013–2014 йилларда Сурия ва Ироқдаги қуролли гуруҳларга 800 га яқин қирғизистонлик бориб қўшилган, уларнинг тақрибан 150 нафарини аёллар ташкил этади.

Рамзан Қодиров интернетда "кимнингдир шаънини ҳақоратлаган" шахсларни жазолашга чақирди

Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров минтақа парламенти ўнгида чиқиш қилиб, “кимнингдир шаънини ҳақоратлаган” интернет фойдаланувчиларини жавзолашга чақирди.

Унинг бу чақириғи 5 ноябрь куни Чеченистон давлат телеканали - "Грозный"да намойиш этилди.

"Одамлар ўртасида тотувликни бузган, миш-миш ва иғво тарқатганларни - агар биз уларни тўхтатмасак - ўлдириш, қамаш, қўрқитиш билан ҳеч нима қила олмаймиз," – деди Рамзан Қодиров.

Рамзан Қодиров “қонунлар бузилса ҳам”, “бутун курраи замин куйиб кул бўлса ҳам”, уларни топиб жазолашга тайёрлигини қўшимча қилди.

У бунинг учун ҳар қандай жазога тайёрлигини айтди.

"Ана қамашди, ана ўлдиришди. Хўп, ўлдиришди ҳам дейлик. 45 ёшга кирдим, бу дунёда қиладиган яна нима ишим қолди ", - деди Қодиров.

Октябрь ойида "Новая газета" Чеченистонда юқори мартабали мулозимлар, жумладан Рамзан Қодировга яқин одамларга қарши репрессиялар бошлангани ҳақида хабар тарқатганди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG