Линклар

Ҳолландияда Донбассдаги авиаҳалокат қурбонлари хотирланди


Уч йил олдин Донбассда қулаган Boeing-777 учоғи.

Душанба куни Ҳолландияда Украина шарқида қулаган учоқ қурбонлари хотирасига ёдгорлик мажмуаси очилди. Уч йил муқаддам Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing-777 йўловчи учоғи Донецк устидан учиб кетаётган пайтда уриб туширилганди. Ўшанда учоқ бортидаги қарийб 300 кишининг ҳаммаси нобуд бўлганди.

Донбассда MH-17 рейси қулаганининг уч йиллиги муносабати билан Ҳолландияда фожеа қурбонлари хотирасига ёдгорлик мажмуаси очилди. Мажмуа сиртмоқни эслатувчи яшил тасма шаклида барпо этилган. У ерда авиаҳалокатда нобуд бўлганлар ёди учун 298 та дарахт ўтқазилган, атрофга эса учоқ қулаган жойдаги каби кунгабоқарлар экилган.

Мотам маросимига Ҳолландия бош вазири Марк Рютте ва қирол оиласи аъзолари дохил юзлаб одам йиғилди. Ҳалок бўлганларнинг яқинлари ўша куни учоқда бўлган ҳар бир йўловчининг исмини ўқиб эшиттирдилар. Авиаҳалокат қурбонлари бир дақиқали сукут билан ёдга олинди.

Донбассда жанглар авжига минган 2014 йилнинг 17 июль куни Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Boeing-777 учоғи Амстердамдан Куала-Лумпурга қараб парвоз қилганди. MH-17 қатнови бортида 283 нафар йўловчи ва 15 нафар экипаж аъзоси бўлган. Учоқ одатий бўлган йўналиш бўйлаб - Германия, Польша ва Украина орқали қарийб 10 километр юксакликда учиб кетаётганди.

Ҳалокатга учраган учоқ айирмачилар назоратидаги ҳудудда жойлашган Грабово қишлоғи яқинида қулаб тушган. Авиаҳалокатдан кейиноқ айирмачилар Украина ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли АН-26 учоғини уриб туширганларини эълон қилганлар. Бу хабар Россия ахборот агентликлари сайтларидан жой олган, бироқ Грабовода йўловчи учоғи қулагани аниқланганидан кейин исёнчилар бу маълумотни рад эта бошлаганлар.

Учоқ қолдиқлари беш километр радиус бўйлаб сочилиб кетган. Учоқдаги 17 мамлакат ватандошларидан ҳеч ким омон қолмаган. Ҳалокатга оид кўплаб маълумотни ўрганган халқаро тергов гуруҳи хулосасича, Boeing-777 айирмачилар назоратида бўлган ҳудуддан туриб "Бук" русумли зенит-ракета мажмуаси билан уриб туширилган.

Мутахассислар маълумотига кўра, "Бук" Снежное шаҳрига Россиядан олиб келинган, Малайзия учоғи қулаганидан кейин мажмуа Россияга қайтарилган. Халқаро гуруҳ хулосаларини мустақил экспертлар текшируви натижаси ҳам тасдиқлаган.

Москва ўзининг учоқ қулашига алоқаси борлигини қатъиян рад этиб келади. Кремль Донбассдаги айирмачиларнинг Малайзия учоғи украиналик ҳарбийлар томонидан уриб туширилгани ҳақидаги тахминини ёқлайди.

Авиаҳалокат юзасидан текширув ҳали якунига етгани йўқ, бироқ шу кунларда Малайзия расмийлари халқаро тергов гуруҳи учоқнинг уриб туширилишига дахлдор шахслар исмини жорий йил охиригача очиқлаши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатди. Бу иш амалга ошса, айбланувчилар сиртдан судланишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG