Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:44

Қирғизистонда "Яқийн инкор" диний оқими тақиқланди


"Яқийн инкор" оқими аъзолари Иссиқкўлда даъватда юрган пайтда олинган сурат. (Озодлик радиоси қирғиз хизмати архивидан).
"Яқийн инкор" оқими аъзолари Иссиқкўлда даъватда юрган пайтда олинган сурат. (Озодлик радиоси қирғиз хизмати архивидан).

Қирғизистонда асосан даъватчилик билан шуғулланган “Яқийн инкор” диний оқими фалолияти таъқиқланди.

Бишкек шаҳар Октябрь туман суди Бош прокуратура илтимоси билан Қирғизистонда “Яқийн инкор” диний оқими фаолиятини тақиқлади. Хабарларда айтилишича, суд бу қарорни 15 июнда чиқарган бўлса-да, бу ҳақда жамоатчиликка орадан бир ой ўтиб маълум қилинди.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси ўринбосари Закир Чотаевнинг билдиришича, бунга “Яқийн инкор”нинг мамлакат қонучилигини тан олмай келгани сабаб бўлган.

-Бу оқим устидан судга ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ариза ёзган. Биз ўз хулосамизни судга тақдим этганмиз. Бу оқим ўз фаолиятини ноқонуний равишда олиб борган ва қонунларни тан олмаган. Сўнгги икки йилда улар жуда фаоллашган эди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан биргаликда бу оқимнинг ноқонуний фаолиятини тўхтатишга ҳаракат қилганмиз, -деди Закир Чотаев.

Айрим диний ташкилотлар "Яқийн инкор" фаолияти тақиқланиши нотўғри бўлган, деб ҳисоблаб, шаҳар судига шикоят киритдилар. Норозилар қаторида аппеляция аризаси ёзганлар қаторида “Ислом маркази” жамоат ташкилоти раҳбари Қамчибек ҳожи Ўмурзақов ҳам бор. У “Яқийн инкор” оқимининг тақиқланиши ортидан Қирғизистонда даъватчилик ҳаракатига босим кўрсатила бошланиши мумкин, деб ташвишланмоқда.

-Қонунчиликда судда даъвогар ва жавобгар бўлиши лозимлиги таъкидланган. Судга “Яқийн инкор” оқими вакилларини ҳам чақириш керак эди. Қирғизистон муфтиятининг даъват ишлари бўйича бўлимидан ҳам мутахасислар судда иштирок этиши лозим эди. Бироқ бундай бўлмади. Суд Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Дин ишлари бўйича давлат комиссияси хулосаси билангина ҳукм чиқарди. Бу қонунга зид келадиган ҳолат, -деди Қамчибек ҳожиЎмурзақов

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, “суд ҳукмидан ҳам аввалроқ кийим кечагига, тозаликка эътибор бермай қишлоқма-қишлоқ кезиб юрувчи мазкур диний ташкилотга даъват ишларини олиб боришни муфтият тақиқлаган эди”.

“Яқийн инкор” даъватчилик билан шуғулланиши айтиб келинадиган “Таблиғи жамоат” оқимидан ажралиб чиққан, деб ҳисобланади.

“Яқийн инкор” оқими аъзолари ўғил болалар ва қизларни алоҳида-алоҳида мактабларда ўқитиш, телефон, телевизор каби воситалардан фойдаланмаслик ғояларини илгари суриб келади.

Қирғизистонда шу кунгача 19та диний ташкилот экстремистик ва террорчилик йўналишида фаолият юритади деган асос билан тақиқланган эди. Агар Олий суд Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарорини ўз кучида қолдирса, “Яқийн инкор” Қирғизистонда фаолияти тақиқланган йигирманчи ташкилот бўлади.

XS
SM
MD
LG