Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 19:34

Ал Ақсо масжиди олдидаги тўқнашувда камида юз киши жароҳатланди


Ал Ақсода 21 июлда юз берган тўқнашув пайтида одамлар ҳалок бўлган эди.

Қуддусда фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида 27 июль куни содир бўлган янги тўқнашувда 113 киши жароҳатланди. Айрим хабарларда жароҳатланганлар сони камида 95 киши экани айтилмоқда.

Исроил ҳукумати Ал Ақсо масжиди жойлашган яҳудийлар Ибодат тепалиги деб атайдиган Ҳарам аш-Шарифдан тўсиқлар, камералар ва метал детекторларни олиб ташлаганидан сўнг минглаган мусулмонлар масжидга киришга ҳаракат қилди.

Полиция уларни ушлаб қолиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқларни қўллади. Бир неча фаластинлик Ал Ақсо масжиди томига чиқиб, у ерга фаластин байроқларини ўрнатди. Полиция кейинроқ бу байроқларни мусодара қилди.

Исроил полицияси матбуот котиби Микки Розенфельд 27 июлда Ал Ақсо масжиди атрофида хавфсизлик чоралари сақланиб қолинаётганини айтди:

-Янги инцидентларнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чоралари Эски Шаҳар ва Ибодат тепалигида сақланиб қолинмоқда. 27 июлда барча тўсиқлар, камералар ва метал детекторлар олиб ташланди. Ибодат тепалиги мусулмонлар, сайёҳлар ва яҳудийлар эрталабдан очиқ бўлади, -деди Розенфельд.

Қуддусдаги Ислом вақфи президенти Абдул Азим Салаб Ал Ақсо масжидига киришдаги тўсиқларнинг олиб ташланишини мусулмонларнинг ғалабаси деб атади ва барча мусулмонларни 28 июль куни жума намозини Ал Ақсода ўқишга чақирди.

Унга кўра, Исроил ҳукумати Ал Ақсо масжидига фақат 50 ёшдан катта одамлар киритилиши борасидаги чекловни ҳам бекор қилиши шарт.

-Биз Ал Ақсо масжидига кириш учун ёш чеклови белгиланганига қарши эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Чунки масжидга кириш ёшидан қатъий назар барча мусулмонларнинг- ёшларнинг ҳам, кексаларнинг ҳам ҳуқуқидир. Биз, шунингдек, ислом ташкилотларини Қуддусдаги барча кичик масжидларни ёпишга ва жума куни ибодат учун Ал Ақсо масжидига боришга чақирамиз, - деди Абдул Азим Салаб.

Мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар учун муқаддас бўлган Харам аш-Шарифга кираверишда металлодетекторлар ўрнатилиши ва назорат кучайтирилишига 14 июлда икки яҳудий полициячининг отиб ўлдирилгани сабаб бўлган эди.

Шундан сўнг мусулмонлар норозилик сифатида намозларини Эски шаҳардаги кўча ва майдонларда ўқиб келаётганди.

Ал Ақсо масжидига кираверишда металлодетекторларнинг ўрнатилиши 21 июль - жума куни мусулмонлар ва полиция ўртасида зўравонликларга айланиб кетган тўқнашувларга сабаб бўлган эди. Бунинг ортидан камида 8 одам ҳалок бўлган.

Тўқнашувлар жума намози ўқишга келган мусулмонлар металлодетектордан ўтишдан бош тортиб, полициячиларни тошбўрон қилгани ортидан бошланган эди.

Исроил халқаро ҳамжамият босими остида Ибодат тепалигидан тўсиқлар ва метал детекторларнит олиб ташлашга мажбур бўлди.

Ал-Ақсо масжиди Яқин Шарқдаги энг жанжалли нуқталардан ҳисобланади. Яҳудийлар тепаликда жойлашган мажмуани ўзларининг энг муқаддаси жойлари ҳисоблашади.

Ал-Ақсо мусулмонлар учун Макка ва Мадинадаги масжидлардан кейин учинчи муқаддас масжид ҳисобланади.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG