Линклар

Швейцарияда Тошкентнинг Гулнора Каримова иши юзасидан сўрови ўрганилмоқда


Швейцария Бош прокуратураси Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова иши юзасидан ҳуқуқий ўзаро ёрдам борасида Тошкентдан жўнатилган янги сўровини ўрганмоқда. Бу ҳақда Новости агентлиги 28 июль куни хабар берди.

“Биз Бош прокуратура Ўзбекистондан ҳуқуқий ўзаро ёрдам кўрсатиш юзасидан сўров олинганини тасдлиқлаймиз ва бу сўров ўрганилмоқда”, деб иқтибос келтиради Новости агентлиги Швейцария Бош прокуратурасининг исми айтилмаган расмийси сўзларидан.

Бош прокуратура вакили коррупция оқибатида юзага келган пул ювиш жинояти бўйича Швейцарияда 2012 йилнинг июлида олти одам, жумладан, Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши очилганини таъкидлаган.

“Бугунги кунгача Бош прокуратура томонидан 800 миллиондан кўпроқ Швейцария франки ( 1 франк 0,97 доллар) миқдоридаги маблағ юзасидан текширув ўтказилди. Мазкур жиноят иши очилганидан бери Швейцария Бош прокуратураси 19 давлат, жумладан, Швеция, Нидерландия ва АҚШга ҳукуқий ёрдам кўрсатиш процедурасини ўтказди”, деб хабар берди Новости агентлиги.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида 28 июль куни эълон қилган “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар”да марҳум президент тўнғичи Жиноят кодексидаги энг оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтгани боис эҳтиëт чораси сифатида қамоққа олингани таъкидланган.

Дастлабки хомчўтдан¸ Каримова томонидан ўғирлангани исботланган ва гумонланаëтган маблағнинг бир неча миллиард долларга тенг экани кўрилади.

XS
SM
MD
LG