Линклар

Трамп: Пхеньянинг баллистик ракета дастури ўсиб бораётган хавфдир


АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Япония бош вазири Синзо Абэ Шимолий Кореянинг баллистик ракеталар дастурини “жиддий ва ўсиб бораётган таҳдид” деб атади. Бу ҳақда Оқ уй билдирди.

Икки етакчи 30 июль куни телефон орқали суҳбатлашиб, қитъалараро баллистик ракетани (ҚБР) синовдан ўтказган Пхеньянга кўпроқ иқтисодий ҳамда дипломатик босим ўтказишга келишди.

Оқ уй билдирувида Япония бош вазири Шимолий Корея “АҚШ, Япония, Корея Республикаси ҳамда олис-яқин бошқа давлатларга жиддий ҳамда ўсиб бораётган таҳдид солишига қўшилишини билдирди”, дейилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Япония бош вазири Синзо Абэ. (Италия. 26 май, 2017 йил)
АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда Япония бош вазири Синзо Абэ. (Италия. 26 май, 2017 йил)

Абэ аввалроқ Трампга Япония ўз мудофаасини яхшилаш учун муайян қадамлар ташлашини айтган, АҚШ президенти эса Японияни мудофаа қилиш учун барча керакли чораларни кўришга тайёр эканлигини билдирганди.

Журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбат давомида Япония бош вазири: “Халқаро ҳамжамият, жумладан, Россия ва Хитой бу масалани жиддий қабул қилиб, [Шимолий Кореяга] босимни ошириши керак”, деди.

29 июль куни Трамп Хитойни Қўшма Штатларга Шимолий Корея билан низони ҳал этишда “ҳеч қандай” ёрдам бермаётганликда айблаб, “Бу ҳолнинг давом этишига йўл қўймаймиз”, дея таъкидлаган эди.

30 июль куни АҚШнинг БМТдаги элчиси Никки Ҳейли Шимолий Кореянинг навбатдаги ракета синовлари бўйича Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғинини ўтказишдан фойда йўқлигини таъкидлади.

Ҳейли Шимолий Корея БМТ резолюцияларини мунтазам равишда бузиб келаётганини айтиб, кенгашнинг яна бир кучсиз резолюцияси “ҳар нарсадан ҳам баттар” бўлишини таъкидлади.

Ҳозиргача қабул қилинган БМТ резолюциялари Шомолий Кореянинг баллистик ракеталар ҳамда ядровий қурол ишлаб чиқаришини ман этади.

Аммо жангари мамлакат ўз ҳарбий дастурларидан воз кечмай келмоқда.

XS
SM
MD
LG