Линклар

Ўзбекистонга Европа Иттифоқи бозорига Қирғизистон орқали кириш таклиф этилди


Бишкекда 5 сентябрь куни бўлиб ўтган бизнес форумда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков ўзбекистонлик тадбиркорларга Европа Иттифоқи ҳамда ЕврОсиё Иқтисодий иттифоқи бозорига Қирғизистон орқали чиқишни таклиф қилди.

Новиковнинг айтишича, Қирғизистон Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқалар катта аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда мана шундай таклифни киритмоқда.

2016 йилнинг январида Европа Иттифоқи Қирғизистонга 6 минг маҳсулот турини иттифоқ ҳудудига бож тўловларисиз олиб кириш ҳуқуқини берган эди. Вазирга кўра, Европа Иттифоқи бозори 400 миллион истеъмолчини ташкил қилади.

Вазир ўз сўзида Қирғизистон Ўзбекистон билан “Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё иқтисодий йўлаги” доирасида ҳамкорликдан манфаатдор эканини билдирди.

Бизнес форумда 2016 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси 192 миллион долларга етгани, бироқ бу жуда оз кўрсаткич экани қайд этилди.

Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес форуми президент Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG