Линклар

Тошкентда бўлиб ўтган Asian Fight 2017 турнирида Стивен Сигал қатнашмади


“Бунёдкор” стадионида пенчак силатнинг профессионал йўналиши бўйича бўлиб ўтган Asian fight – 2017 халқаро турнирига Стивен Сигал келмади.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, Тошкентга 8 сентябр куни борган таниқли киноактёр ва маҳоратли кураш устаси Стивен Сигалнинг тадбирда иштирок этиши кутилган эди. Аммо, Сигалнинг тадбирда қатнашмагани сабаблари ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.

Тадбирдан бир кун аввал Ўзбекистонга борган киноактёр O’zbegim анъанвий маданият фестивалида қатнашиб, Гиннес рекордлар китобига киритилган ўзбек ошидан татиди. Шунингдек, BABOS от спорти клуби ва Тошкент Маданият ва санъат институтларида бўлди.

Тошкентда ўтган “Asian fight – 2017” турнирда Сингапур, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Озарбайжон, Россия, Кипрдан борган сопртчилар қатнашди.

ЎзА хабарида айтилишича, мамлакатда илк бор ўтказилган турнирда яккакураш бўйича ўзбекистонлик 7 спортчи рақибини енгган, бири енгилган.

Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, тадбир 1 ярим соат кеч бошланган ва томошабинларга сув етишмаган. Бундан ташқари, аксар спортчиларга ким билан рингга тушиши, охирги дақиқаларда ҳам, билдирилмаган.

Нашр турнирда қатнашиши кутилган муайтай бўйича кўп маротаба жаҳон чемпиони бўлган Анвар Бойназаров ҳам тадбирга келмаганини хабар қилди.

Аввалига, “Asian fight – 2017” турнирига таниқли актёр Жан-Клод Ван Дамм ва аралаш яккакураш бўйича маҳоратли спортчи Джефф Монсонларнинг келиши айтилган эди.

Аммо, 6 сентябрга келиб, улар билан эришилган шартномалар тўхтатилгани маълум қилинди, сабаблари эса жамоатчиликка очиқланмади.

XS
SM
MD
LG