Линклар

Ўзбекистонга келган сайёҳларга фақат сўмда хизмат кўрсатилади


Ўзбекистон Туризм қўмитаси меҳмонхоналарни ва сайёҳлик ширкатларини хорижлик меҳмонларга фақат сўмда хизмат кўрсатиш тўғрисидаги қарор кучга кирганидан огоҳлантирди.

Расмий хабарда айтилишича, 5 сентябрдан бошлаб хорижлик сайёҳлар Ўзбекистондаги хизматлар учун фақат сўмда ҳақ тўлайди. Сайёҳ хизмат ҳақини халқаро пластик карточкалар орқали тўлашни истасагина, ундан кўрсатилган хизмат учун валютада ҳақ олиш мумкин бўлади.

Қўмита сайёҳларга хизмат кўрсатувчи барча субъектларга Ўзбекистон ватандошлари учун ҳам нархларни асосиз равишда кўтармасликни ва бугунги кунда мавжуд бўлган тарифларни сақлаб қолишни тавсия қилди.

Президентнинг 2 сентябрда имзоланган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, 5 сентябрдан бошлаб мамлакатда валютани эркин айрибошлаш тизими ишга тушган эди.

Мазкур фармонда товарлар, хизматлар ва иш учун хориж валютасида тўловларни амалга ошириш тақиқланган.

Ўзбекистонда авваллари хорижлик сайёҳлардан кўрсатилган хизмат учун долларда ҳақ олинар эди.

XS
SM
MD
LG