Линклар

Ҳукумат рохинжа мусулмонларга инсонпарварлик ёрдами жўнатади


Бангладешга қочаётган рохинжа мусулмонлари.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 12 сентябрда ҳукумат Мьянмадаги зўравонликлар оқибатида Бангладешга қочишга мажбур бўлган рохинжа мусулмонларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилганини билдирди.

Вазирлик расмий сайтида эълон қилинган баёнотда, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Мьянмада рохинжа мусулмонларига нисбатан зўравонликлар қоралаши ҳамда уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганидан ташвишланаётгани ҳам маълум қилинди.

"Шу муносабат билан биз Мьянма ҳукуматини бегуноҳ мусулмонларга қарши зўравонликларга барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни қўллашга чақирамиз", — дейилади баёнотда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн 11 сентябрь куни Женевада ўтказган матбуот анжуманида Мьянмада рохинжа мусулмонларга қарши ўтказилаётган амалиётларни этник тозалашнинг классик намунаси деб атаган эди.

Мьянмада 25 августда исёнчи гуруҳлар полицияга ҳужум қилиниши ортидан бошланиб кетган зўравонликларда камида 400 одам ўлдирилгани хабар қилинган.

БМТ маълумотига кўра, 270 минг рохинжа мусулмони Бангладешга қочишга мажбур бўлди. Уларнинг 60 фоизи болалардир.

XS
SM
MD
LG