Линклар

Берлинда парламент сайловларидан сўнг фашизмга қарши намойиш ўтказилди


Ангела Меркель ва унинг сафдошлари сайловнинг дастлабки натижаларини қониқиш билан қабул қилди.

Берлин марказида юзлаб одам 24 сентябрь куни фашизмга қарши намойиш ўтказди. Бунга миллатчилик ғояларини тарғиб қилаётган “Германия учун альтернатива” партиясининг Германия парламентидан ўрин олгани сабаб бўлди.

Намойишчилар демократик қадриятлар учун курашга тайёрлигини билдириб, немис ва инглиз тилларида фашизмга қарши чақириқларни айтдилар.

24 сентябрда ўтказилган парламент сайловиларида миллатчиларнинг “Германия учун альтернатива” партияси, дастлабки натижаларга қараганда, 13 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Канцлер Ангела Меркель сайловдан сўнг ўз тарафдорлари олдида қилган чиқишида, миллатчилар учун овоз берган сайловчиларнинг талаб ва эҳтиёжларига ҳам эътибор қаратишини айтди.

Айрим немис сиёсатчилари Германияда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг биринчи мартда парламентдан миллатчи партиянинг ўрин олишига Ангела Меркель олиб бораётган қочқинларни кўплаб қабул қилиш сиёсати сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Экзитпол натижаларига қарганда, 12 йилдан буён ҳукуматни бошқариб келаётган Ангела Меркель бошчилигидаги Насроний-демократик партия ва Бавария насронийлар жамияти иттифоқи 33 фоиздан кўпроқ сайловичининг овозини олиб, парламентдаги асосий кўпчилик ўринларни эгаллайди. Бироқ бу мазкур икки партия учун сўнгги 12 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.

Мартин Шульц раҳбарлигидаги социал демократлар партияси эса сайловда 21 фоизга яқин овоз олган.

XS
SM
MD
LG