Линклар

Лавров АҚШ Шимолий Кореяга ҳужум қилмайди¸деб ҳисоблашини билдирди


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 24 сентябрь куни НТВ телеканалига берган интервьюсида Қўшма Штатлар Пхеньян ядровий қуролга эга эканини билгани учун ҳам Шимолий Кореяга ҳужум қилишдан тийлади, деб билдирди.

Сўзида давом этган Лавров Шимолий Корея муаммосини ҳарбий куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиш мумкин эмаслигин таъкидлади:

-Таҳдидлар билан ўзаро алмашинув яхши йўл эмас. Айни пайтда Шимолий Кореянинг ядровий ўйинларини қўл қовуштириб томоша қилиб ҳам бўлмайди. Лекин Шимолий Кореяга нисбатан уруш очиш ҳам қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Бу ўринда қизиққонлик қилмасдан, мулоқот учун қандайдир контекст топишимиз шарт, -деди Лавров.

Аввалроқ Шимолий Корея АҚШ 1945 йилда Хиросимага ташлаган атом бомбасидан 16 маротаба кучлироқ бўлган водород бомбасини синовдан ўтказганини иддао қилиб¸ буни АҚШ учун совға деб атаган эди.

Бунга жавобан 23 сентябрь куни АҚШнинг B-1B Lancer бомбардимончи ва F-15 қирувчи самолётлари Шимолий Корея қирғоқ чизиғи бўйлаб учиб ўтгани тўғрисида Пентагон баёнот берди.

Пентагон расмийларига кўра, бу АҚШнинг ҳар қандай таҳдидга жавоб беришга тайёр эканини намойиш этувчи ҳаракат бўлди.

Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо эса Вашингтон ҳужум қиладиган бўлса АҚШга нисбатан "шафқатсиз чорлар" кўрилади, деб баёнот берди.

XS
SM
MD
LG