Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 06:35

Каталонияда полиция билан тўқнашувларда 760дан ортиқ одам жароҳатланди


Каталонияда полиция билан тўқнашув пайти.

Испаниянинг Каталония мухторияти ҳукумати 1 октябрда ўтказилган мустақиллик референдуми пайтида сайловчилар ва полицияси ўртасида юз берган тўқнашувларда жабрланганлар сони 760 кишидан ошиб кетганини билдирмоқда. Испания расмийларига кўра, тўқнашувлар пайтида 12 полициячи ҳам яраланган.

Испания полицияси марказий ҳукумат томонидан “ноқонуний” деб топилган референдум ўтказилишига тўсқинлик қилгани ортидан тўқнашувлар содир этилди.

Испания бош вазири ўринбосари Сорайя Саенц де Сантамария испан полицияси ҳаракатларини қонуний деб айтади.

-Полиция адолатли буйруқни бажарди. Улар профессионал ва пропорционал ҳаракат қилдилар. Полициянинг ҳаракатлари одамларга қарши эмас, ноқонуний овоз берилишига қарши бўлди, -деди Сантамария.

Каталония мухторияти президенти Карлес Пучдемон эса:

-Испан ҳукумати томонидан масъулиятсизларча ва асосланмаган тарзада куч қўлланилиши Каталония халқини тинч ва демократик танловга бўлган интилишига тўсқинлик қилолмайди, - деб айтди.

Жамоатчилик сўровлари натижасида Каталонияда истиқомат қилаётган 7 ярим миллион аҳолининг 40 фоизга яқини мустақиллик тарафдори экани аниқланган.

Бироқ мухторият президенти Карлес Пучдемон: “Дастлабки натижаларга қараганда овоз берганларнинг 90 фоизи мустақилликни қўллаб-қувватлади”, деб билдирди.

Таҳлилчиларга кўра, мустақилликка қаршилар референдумни байкот қилгани ортидан овоз бериш жараёнида мустақиллик тарафдорларининг қўли устун келган бўлиши эҳтимол.

XS
SM
MD
LG