Линклар

Европа қайта қуриш ва тарққиёт банки Тошкентда ваколатхонасини очиши мумкин


Европа қайта қуриш ва тарққиёт банки логотипи.

Европа қайта қуриш ва тарққиёт банки делегацияси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Тошкентда банк ваколатхонасини ташкил этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти 3 октябрь куни хабар берди.

Хабарда айтилиишча, вазир Абдулазиз Комилов Европа қайта қуриш ва тарққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижрочи директори Наталья Ханженкова билан Тошкентда учрашган.

Учрашувда банк ваколатхонасини очишдан ташқари Ўзбекистон билан кейинги 5 йилликдаги ҳамкорлик стратегияси ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Европа қайта қуриш ва тарққиёт банки билан 1992 йилда ҳамкорликни бошлаган эди. Банк 2005 йилгача Ўзбекистонда умумий қиймати 823 миллион еврога тенг бўлган 54та лойиҳани амалга оширган.

2005 йилдан бошлаб банк Ўзбекистондаги лоийҳаларни молиялашни тўхтатиб, расмий Тошкент билан алоқаларни узган эди.

2003 йилда Тошкентда ўтган Европа қайта қуриш ва тарққиёт банки директорлар кенгаши йиғилишида собиқ президент Ислом Каримов қийноқлар мавжудлигини тан олишни истамаганидан сўнг банк ўзбек ҳукумати билан ҳамкорликни сусайтира бошлаган эди.

Банк Ўзбекистонда қийноқларга барҳам берилишини Тошкент билан ҳамкорликнинг асосий шартларидан бири сифатида кўриб келади.

XS
SM
MD
LG