Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:40

Ўзбекистон хабарлари

Африкадаги Конго Республикасида Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлди

Россиянинг Ан-12 учоғи. Иллюстратив сурат.

Африка қитъасидаги Конго Демократик Республикасида 30 сентябрь куни ҳалокатга учраган самолёт экипажи таркибида бўлган Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захаровага таянган ҳолда 4 октябрь куни ТАСС хабар берди.

Захарованинг ТАССга маълум қилишича, Конго пойтахти Киншаса шаҳри яқинида 30 сентябрда Ан-12 самолёти ҳалокатга учраган. Мазкур самолёт экипажи Ўзбекистон, Украина ва Россия ватандошларидан иборат 5 кишидан иборат бўлган.

Самолёт қулаши оқибатида экипажнинг барча аъзолари, яъни Ўзбекистоннинг 1 нафар, Украинанинг 1 нафар ва Россиянинг 3 нафар ватандоши ҳалок бўлди.

Самолётнинг қулаб тушгани тўғрисида 3 октябрь куни Конго Мудофаа вазирлиги расман маълум қилган.

Самолет Конго пойтахти аэропортидан парвоз қилганидан сўнг бир неча дақиқа ўтгач ҳалокатга учраган. Дастлабки маълумотларга қараганда, учоқ қулашига техник носозлик сабаб бўлган.

Кун янгиликлари

Экологик партия вакили вилоятликларни Тошкентга келишдан олдин рўйхатга олишни таклиф қилди

Тошкентдаги ëпиқ прописка тизими кўпдан жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Халқаро пресс клубда ўтказилган матбуот анжуманида Экологик партия вакили Улуғбек Пирмуҳаммедов Тошкентдаги прописка муаммосини ҳал қилишга оид янги таклифни илгари сурди.

"Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади"¸ деб иқтибос келтирди Халқаро Пресс-клубнинг Telegram тармоғидаги расмий канали.

Ўзбекистон вилоятларида яшовчиларнинг пойтахт Тошкентга келиб яшаш ва ишлашини чеклашга қаратилган прописка тизими¸ жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига қарамай¸ ҳамон кучда қолмоқда.

Тошкентда доимий пропискадан ўтиш учун вилоятликлар бирламчи уй-жой бозоридаги қиммат уйлардан сотиб олиши¸ ëки ҳукумат томонидан белгиланган рўйхатдаги ташкилотлар томонидан ишга олиниши шарт.

Амалдаги қонунчиликка кўра¸ Тошкентга келган вилоятлик беш кун ичида ҳисобга қўйиш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.

Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” нашри 23 июль куни “кўп йиллардан бери халқимиз Тошкент шаҳрида доимий эркин истиқомат қилишдан маҳрум этилган”, деб ёзган пойтахтдаги доимий прописка тартибини авторитар характердаги тизим, деб атаган эди.

Президент қоғозбозлик ва мажлисбозликни камайтириш ҳақида қарор чиқарди

Шавкат Мирзиëев даврида турли даражадаги раҳбарларнинг видеоселектор йиғилишлари янги урфга айланди.

Ўзбекистон президенти қўл қўйган яна бир қарор “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланди.

10 декабрь куни ЎзА агентлиги эълон қилган бу қарордан давлат органлари ва ташкилотларидаги эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиётига барҳам бериш кўзда тутилган.

Шу мақсадда¸ қарорга кўра¸ 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилади ва амалга оширилади.

Қарорда белгиланган вазифалар орасида вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари, бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича ўқув дастури ишлаб чиқиш ҳам бор.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг туман¸ вилоят ва республика ҳокимият идораларининг эрта тонг ëки тунда мунтазам селектор йиғилишлари ўтказиши кенг урфга кирди. Бундай мажлисбозлик ва қоғозбозлик жараëнга алоқадор ҳукумат мулозимларининг ҳам эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

Урумчига йўл олган учоқ ноқулай об-ҳаво туфайли Тошкентга қайтарилди

Иллюстратив сурат.

Урумчи аэропортида об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли HY-507 қатнови билан парвоз қилаётган А-320 самолёти Тошкент аэропортига қайтмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

“Тошкент-Урумчи” йўналиши бўйича такрорий парвознинг куни ва вақти ҳақида маълумот кейинроқ эълон қилинади”, дейилади хабарномада.

Авиаширкат самолётнинг Тошкентга қайтиши билан боғлиқ бўлган ноқулайликлар учун узр сўраган.

Ҳокимиятлар бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор чиқариш ваколатидан маҳрум бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳокимият идораларининг айрим вазифа ва ваколатлари 2020 йил 1 январидан тегишли давлат бошқарув идораларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиб берилади.

Бу тартиб Ўзбекистон президенти томонидан куни кеча имзоланган “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.

Қарорда ҳокимиятларнинг бошқа идораларга ўтказиб бериладиган 11 та функция ва ваколати саналган.

Янги йилнинг 1 январидан маҳаллий ҳокимият органларининг айрим ваколатлари бекор қилиниши ҳам кутилмоқда. Улар қуйидагилардир:

- технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишиш;

- бузилиши учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган, жамоат тартибини сақлаш масалалари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинмаган бўлса, шунингдек, табиий офат ва эпидемиялар билан курашиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш;

- атмосфера ҳавосини ифлослантиришнинг турғун манбалари томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддаларни чиқариш бўйича давлат экологик экспертизаси хулосасида назарда тутилган шартлар ва талаблар бузилиши билан боғлиқ фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш;

- ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш;

- бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилиш.

Қозоғистон шимолида ўзбекистонлик қиморбозлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон шимолидаги Павлодар вилоятида полициячилар маҳаллий аҳолига қарта ўйини билан фириб берган ўзбекистонликларни қўлга олди. Бу ҳақда pavon.kz сайти вилоят полиция департаменти матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, гумонланувчилар ўз қурбонларини шаҳар бозорларидан топганлар. Гуруҳ аъзоларидан бири одамлар ёнига келиб, уларни қизиқтирган молни кўриш учун омборга боришни таклиф қилган. Шу пайт улар ёнига яна бир неча сохта “харидор келиб”, ўша товар билан қизиққан.

Кейин улар биргаликда машинада омборга боришган ва фирибгарлардан бири товарга кетган пайтда бошқалари вақт ўтказиш учун арзимаган пул тикиб, қарта ўйнашни таклиф қилишган. Қурбонни сергаклантирмаслик учун унга бир неча марта ютқазиб берганлар. Маълум вақт ўтгач, кимдир унга йирик пул тикишни таклиф қилган, гуруҳ аъзоларидан бири эса ҳеч нарсадан шубҳаланмаган ўйинчига қарз беришга рози бўлган. Пировардида у ютқазиб, катта миқдорда пул қарз бўлиб қолган.

Полиция маълумотига кўра, фирибгарлар камида икки павлодарликни чув туширган. Улардан бири миллион тенге (2600 АҚШ доллари), бошқаси 30 минг тенге (78 доллар) пул ютқазган. Полиция айни пайтда бошқа жабрланувчиларни қидирмоқда.

Гумонланувчилардан икки нафари Павлодарда, яна тўрт нафари Экибастузда қўлга олинган. Улардан 5 нафари ўзбекистонлик, бири қозоғистонлик бўлган. Ҳодиса юзасидан “фирибгарлик” моддаси бўйича судгача суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу модда бўйича энг максимал жазо муддати 10 йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади.

2020 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун кучга кирди

Ўзбекистон президенти “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Жорий йил 10 декабридан кучга кирган ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилда Ўзбекистон номидан ёки кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Мамлакат бюджети ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарз учун харажатлар эса 1,5 миллиард долларни ташкил қилади. Ташқи қарз ҳисобидан амалга ошириладиган давлат мақсадли дастурлари бўйича харажатларнинг вазирликлар ва идоралар кесимидаги чекланган миқдолари кейинроқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг биргаликдаги таклифига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Қонун билан республика бюджетининг даромадлари прогнози ва харажатлари, маҳаллий бюджетларнинг даромадлари ва харажатлари прогнозлари белгиланган.

2020 йил учун айрим солиқлар ва тўлов ставкалари тасдиқланган. Жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари, мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари кабилар шулар жумласидандир.

Қонунга мувофиқ, бир қатор харажатлар республика бюджетидан молиялаштиришга, айрим харажатлар маҳаллий бюджетдан молиялаштиришга ўтказилади. Жумладан, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақалар бўйича харажатлар туманлар ва шаҳарлар бюджетларидан молиялаштиришга ўтказилади.

Ўзбекистонда хорижликларни мажбурий қайдга олиш бекор қилиниши мумкин

Тошкент халқаро аэропортидаги терминал.

Ўзбекистонда мамлакатга кириб келаётган хорижликлар учун қайдни бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Янги тартиб 2020 йил 1 июлидан жорий этилиши мумкин.

Бунга оид “Туризм соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ва муҳокама учун regulation.gov.uz сайтига жойлаштирилган.

Янги тартибга кўра, Ўзбекистонда 30 кундан кўп бўлмайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни виза (визасиз) режим муддатида қайддан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Лойиҳада 2020 йил 1 январидан гидлар ва экскурсиячилар ўз-ўзини иш билан таъминловчи фуқароларга бериладиган вақтинча меҳнат гувоҳномаларини олишлари мумкинлиги кўзда тутилган.

Сайёҳларга қулайлик яратиш учун халқаро аэропортлар ёнида туристик инфратузилмага эга ҳудудлар барпо этилади. Халқаро аэропортларга ёнларидан камида беш гектардан ер берилади. Бу ҳудудга улар 2020 йил охиригача автотураргоҳлар, кафе, ресторанлар, минибанклар, меҳмонхоналар ва бошқа зарур иншоотлар қуришлари лозим.

Лойиҳа 24 декабрга қадар муҳокама қилинади.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда хорижликларни миграция идораларида мажбурий қайдга олиш тартибини бекор қилиш таклифи билан чиққанди. Тоқаев ҳукуматга сайёҳларни рўйхатга олишни 2020 йил 1 январигача бекор қилиш юзасидан топшириқ берган.

Бош прокуратура Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокатига Ўзбекистонга киришни тақиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси 10 декабрь куни Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Gregoire Mangeat (Грегуар Манжа)нинг Ўзбекистонга киришига "рухсат бериш рад этилгани"ни маълум қилди.

Telegram каналида эълон қилинган баëнотда бундай қарорга Манжанинг Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида “бўҳтон” маълумот тарқатгани асос бўлгани айтилади.

Чет эллик адвокат Г.Манжанинг Швейцария ҳукумати томонидан берилган мандати Г.Каримовага нисбатан Швейцарияда олиб борилаётган жиноят иши билан чегараланган бўлиб, унинг Ўзбекистонга келиши фақатгина Швейцария ҳукуматининг ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги илтимосномаси асосида амалга оширилган эди.

Ўз мижози билан учрашиш учун яратиб берилган имкониятларни суиистеъмол қилган Г.Манжа бузғунчилик характеридаги ҳаракатларни амалга ошириб, олдиндан ёлғонлиги маълум бўлган Ўзбекистон пенитенциар муассасалари ҳақидаги бўҳтон маълумотларни пиар мақсадида тарқатишда ифодаланган адвокатларнинг умумэътироф этилган этика қоидаларини бузилишига йўл қўйган”¸ дейилади расмий баëнотда.

Мазкур баëнотда Гулнора Каримовага Ўзбекистонда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролигига эга шахслар унинг оиласи томонидан ëллангани ҳам айтилади.

Грегуар Манжа молиявий жиноятларда айбланганларни ҳимоя қилишга ихтисослашган Швейцариядаги адвокатлик контораси эгаси.

У ўзининг сўнгги твитларида мижози билан учрашувига ҳар хил тўсиқлар бўлаëтгани¸ мижозига қийноқ қўлланилаëтгани¸ Каримова устидан бораëтган маҳкама ва тергов жараëнининг ношаффоф бораëтгани ҳақида ëзиб келаëтган эди.

У шунингдек¸ нафақат Гулнора Каримова¸ балки Зангиота қамоғидаги хотин-қизларнинг аянчли аҳволи¸ уларнинг ҳуқуқий ҳимоясиз қолаëтгани ҳақида ҳам халқаро майдонда хабар тарқатиб келаëтган эди.

Тошкентда МГИМО филиалини очишга Россия Ташқи ишлар вазири келади

Сергей Лавров 2020 йил январида яна Тошкентга келади.

Январь ойи ўртасида Ўзбекистонга келиши кутилаëтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентда МГИМО филиалининг тантанали очилишида қатнашади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

Интерфакс агентлиги келтирган иқтибосида Комилов¸ Халқаро муносабатлар бўйича Москва давлат институти филиалининг Ўзбекистонда очилиши Лавров сафарининг муҳим қисми эканини таъкидлаган.

МГИМОнинг Ўзбекистондаги филиали Россия олийгоҳи ва Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида 2018 йил имзоланган келишув асосида очилган. Бу филиалда ўқиш жорий йил сентябридан бошланган.

МГИМО ректори Торкуновга кўра¸ олийгоҳда Россия ва Ўзбекистон мутахассислари дарс беради ва талабалар ўқишнинг бир қисмини Москвада ўтказади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда очилган Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони ошиб бормоқда. Биргина 2019 йили Ўзбекистонда олтита Россия олийгоҳи иш бошлаган.

Оёғига ўқ еган маст ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрида маст аҳволда авария содир этган ва ички ишлар ходимларига пичоқ билан таҳдид қилган, пировардида оёғидан отилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси 8 декабрь куни ҳайдовчи Н.К.И.га нисбатан жиноят иши қўзғатган. Унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) бўйича айблов эълон қилинган. Айбланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Свердловскдаги ёнғинда нобуд бўлган ўзбекистонликларнинг шахси очиқланди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерациясининг Свердловск вилояти Тазовск туманида 8 декабрь куни содир бўлган ёнғин чоғида 3 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлган, яна бири 35 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, туман шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса чоғида 1972 йилда туғилган Эргашев Абдумалик Яхшиликович, 1998 йилда туғилган Алиқулов Сафарали Суюн ўғли ҳамда 1983 йилда туғилган Джумоев Эргаш Биноевич ҳаётдан кўз юмган, 1966 йилда туғилган Оманов Толибжон Бутаевич эса жароҳат олган.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг ёнғин чоғида “СТРОЙ ПРОЕКТ СЕРВИС” МЧЖга тегишли бўлган, ишчилар яшаши учун мўлжалланган вагонда бўлгани айтилмоқда.

ФВВ ҳозирда мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ ташкилий тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилган.

Тошкентда МГИМО филиали очилди

МГИМОнинг Тошкентдаги филиалини очишга оид келишувлар ўтган йил октябрида Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди.

Тошкентда 9 декабрь куни Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) филиалининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда олийгоҳ портали маълум қилади.

Қайд этилишича, Тошкент шўъбаси МГИМОнинг хорижда очилган илк филиали бўлиб ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, филиал шу йил сентябрь ойида “бизнес-ахборот” ва “юриспруденция” йўналишлари бўйича 88 нафар талабани ўқишга қабул қилган.

Порталда ёзилишича, кейинги ўқув йилидан филиалда яна уч факультет – “Халқаро хусусий ҳуқуқ”, “Синхрон ва ёзма таржима назарияси ва амалиёти” ҳамда “Ҳодисавий менежмент” каби факультетлар очилади. Контракт тўлови йўналишига қараб $4800 ёки $6400 бўлиши мумкин.

АҚШ визаси учун мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг 68 фоизига рад жавоби берилди

Иллюстратив сурат.

2019 йили АҚШ визаси учун ариза ёзган ўзбекистонликларнинг 68,06 фоизига рад жавоби берилди. Бу собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг ёмон кўрсаткичдир. Бунга АҚШ Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюроси сайтида келтирилган рақамларни солиштириш орқали шоҳид бўлиш мумкин.

Ўтган йили B1 (тадбиркорлик) ва B2 (туризм ва дам олиш ) визаси сўраб мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг 62 фоизига рад жавоби берилганди.

Бу орада 2019 йили қирғизистонлик аризачиларнинг 67,8 фоизига, тожикистонликларнинг 61 фоизига, туркманистонликларнинг 56 фоизига ва қозоғистонликларнинг эса 43 фоизига АҚШ визаси берилмаган.

АҚШнинг B1/B2 визасини жаҳон бўйлаб ҳар йили ўртача 6 миллион киши олишга муваффақ бўлади.

Мулозимлар бюрократиядан халос бўлиш учун мажбурий курсларга йўлланади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси давлат идораларида ишлайдиган ходим ва раҳбарлар учун бюрократияни бартараф қилиш бўйича курслар уюштириш бўйича топшириқ олди. Ўқиш пуллик бўлиб, унда қатнашиш мажбурийдир. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 9 декабрда имзоланган қарорда айтилади.

“Ўтказилган таҳлиллар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, шу жумладан, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти сақланиб қолаётганлигини кўрсатди”, дейилади қарорда.

Курс ўқув дастурини ишлаб чиқиш учун академияга икки ой муҳлат берилган. Курсларда давлат идоралари ходимларига вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари (time management), бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича сабоқ берилади.

Академия ва унинг филиалларидаги ўқув курсларида ўқиш билан боғлиқ харажатлар, қарорга мувофиқ, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар, шунингдек, ходимлари курс тингловчилари ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.

ЙПХ инспектори маст ҳайдовчининг оёғидан отди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда йўл-патруль хизмати инспектори ўзини агрессив тутган маст ҳайдовчи оёғига қарата ўқ узган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот тарқатди.

Ҳодиса 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган. Қайд этилишича, “Лабо” русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи машинани бетон тўсиққа бориб урган, натижада “Лабо” ағдарилиб кетган.

Тахминларга кўра, ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда у воқеа жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсата бошлаб,тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган - ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса, унга жароҳат етказиш билан таҳдид қилган.

“Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келди. Шунда ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилади. ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қурол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчмоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узди, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ ўзди. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди”, дейилади ИИББ хабарномасида.

Айтилишича, “Лабо” автомобили салонидан очиқ ҳолатдаги ароқ ва коньяк шишалари топилган.

Ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида унинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам қасддан одам ўлдириш ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш моддалари бўйича судланган 43 ёшли Нусрат И. экани маълум бўлган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Чилонзор туман прокуратураси ҳайдовчига нисбатан жинят иши қўзғатилиши масаласи билан шуғулланмоқда.

Чусовитина ХОҚ атлетлар комиссиясига номзод бўлди

Оксана Чусовитина.

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) атлетлар комиссияси таркибига номзодлик қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маълумот тарқатди.

“Азизларим, Сизлар билан ажойиб янгиликни баҳам кўрмоқчиман. Бугун мен ХОҚдан ташкилотнинг атлетлар комиссияси аъзолигига номзодлардан бири эканим ҳақида мактуб олдим. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва ХОҚ номзодимни танлашгани учун уларга миннатдорчилик билдираман”, дея иқтибос келтирилади Чусовитина сўзларидан қўмита хабарномасида.

Қайд этилишича, ХОҚ президенти Томас Бах ушбу ўринга 30 нафар номзод кўриб чиқилаётгани ва Токио Олимпиадаси якунида уларнинг 4 нафари комиссиянинг тўлақонли аъзолигига қабул қилиниши ҳақида маълум қилган. Комиссия аъзолигига қачон қабул қилиниши тўғрисида маълумот берилмаган.

Аввалроқ Оксана Чусовитина 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларидан кейин катта спортдан кетиш ниятида эканини билдирган.

Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.

Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.

Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига киритилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.

Оксана Чусовитина "Дўстлик", "Меҳнат шуҳрати" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон билан Эрон ўртасида мунтазам парвозлар тикланди

Иллюстратив сурат.

Эроннинг Zagros Airlines авиаширкати 9 декабрдан Теҳрон-Тошкент-Теҳрон йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизматига кўра, дастлабки босқичда авиаширкат мазкур йўналишда парвозларни ҳафтасига бир марта бажаради. Кейинчалик эса парвозлар ҳафтасига икки марта амалга оширилиши режаланган.

“Ўзбекистон ва Эрон ўртасида мунтазам парвозларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беради”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Шоир Абдували Қутбиддин оламдан ўтди

Абдували Қутбиддин (Kun.uz фотоси).

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, истеъдодли шоир Абдували Қутбиддин (Қутбиддинов) 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди.

Кун.уз нашри маълумотларига кўра, шоир бетоблиги сабаб, икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида шифохонада бўлган.

1960 йил 20 июнида Қаршида таваллуд топган Абдували Қутбиддин Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини (1983 й.) тамомлаган.

Ўз фаолиятини Самарқанд вилоятининг “Зарафшон” газетасида бошлаган шоир кейинчалик Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ёзувчи” нашриётида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ҳамда “Халқ сўзи” газетасида хизмат қилган.

Абдували Қутбиддиннинг “Найсон” (1988), “Ҳумо” (1989), “Бахтли йил” (1991), “Хаёл кечаси” (1994), “Сен ва сен учун” (1996), “Узоқдан олисга” (2007) каби китоблари нашр этилган.

Ўзбекистонда шахсни қўлга олишда видеотасвирга олиш мажбурий қилиб қўйилади

Иллюстратив сурат.

Шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видеотасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида билдирди.

Аввалроқ тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган. Эндиликда бу ҳолат, президентга кўра, шахсни қўлга олиш жараёнига ҳам татбиқ этилиши лозим.

Ўз нутқида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигини ҳам урғулаган президент буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этди.

Президентнинг таъкидлашича, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур.

Давлат раҳбари бу борада ўтказилажак ислоҳотлар орасида 2020 йилдан прокурорлар қарори устидан судга шикоят қилиш тартиби ҳам жорий этилишига эътибор қаратди.

Президент Конституция куни муносабати билан 92 фуқарони афв этди

Президент Конституция куни муносабати билан афв этган 92 шахснинг 73 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади.

19 нафарининг эса қамоқ муддати қисқартирилади.

ЎзА агентлигига кўра, президент Шавкат Мирзиёев «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган.

Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар афв этилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган нутқида сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилингани, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинганини айтди.

Тошкентда ИИВ йўлни нотўғри жойдан кесиб ўтган пиёдаларни тўхтатмоқда

Тошкент шаҳар ИИББ Йул ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтганларни тўхтатишни бошлади.

Тошкент шаҳар ИИББ берган хабарга кўра, 5 декабрь куни 2 минг 615 қоидабузарлик қайд этилган.

Бунинг 44 тасида йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдаларга нисбатан баённома расмийлаштирилган.

Аммо, баённомалар ортидан пиёдага қандай чора кўрилгани ҳақида маълумот берилмади.

ИИББ хабарида, шунингдек, 114 та ҳолатда пиёдалар йўлакчаси бўйлаб йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган одамларни ўтказиб юбормаган ҳайдовчилар ҳам тўхтатилгани айтилган.

Президент Конституцияга бағишланган йиғилишда жамоатчилик назорати муҳимлигини айтди

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда, давлат раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, "қонунийликни қарор топтириш, қонун бузилишига қарши курашиш борасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари “уйғонгани” қайд этилди".

Йиғилишда президент Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади.

Расмий хабарга кўра, Президент ўз нутқида жамоатчилик назорати муҳимлигига алоҳида тўхталган.

"Масалан, Давлат бюджети муҳокамаси пайтида фуқаролар ва депутатлар фикри асосида мактаблар учун 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилгани ёки одамларнинг ҳақли эътирози туфайли дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилингани ижобий баҳоланди. Булар аҳолининг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади" дейилади president.uz сайти хабарида.

Ўзбекистон президенти 92 фуқарони Конституция куни муносабати билан афв этди

Бу йил қанча пахта етиштирилгани маълум бўлди

Бўка туманилик теримчи аёллар.

Жорий йилда 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг 600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари, 8,1 миллиард дона тухум етиштирилди.

Бу маълумотлар президент Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида келтирилган.

Айтилишича, бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 217 триллион 700 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда олинган.

ДТМ: Абитуриентлардан йиғилган пулнинг 763 млн 374 минг 250 сўм сўми тушлик қилишга кетди

Абитуриент кириш имтиҳони топширмоқда

Давлат тест маркази 2019-2020-ўқув йилида абитуриентлардан йиғилган маблағларнинг сарфланиши бўйича ҳисобот эълон қилди.

ДТМ ўз ҳисоботида абитуриентлардан жами қанча маблағ йиғилгани тўғрисида маълумот бермаган, ҳужжатда берилган маълумотлар сарф-ҳаражатларга оид бўлиб, улар қуйидагилардир:

энг тезкор принтерлар хариди 840 млн 870 минг 316 сўм;

китоб тикадиган воситалар хариди - 199 млн 988 минг 154 сўм;

катта қувватли серверлар харид қилиш, уларни ўрнатиш ва ишга тушириш - 1 млрд 204 млн 206 минг 244 сўм;

бинолар ижараси учун - 1 млрд 942 млн 706 минг 950 сўм 18 тийин (Тошкент шаҳридаги бинолар бўйича);

гуруҳ назоратчилари иш ҳақи учун тўлов - 9 млрд 014 млн 745 минг 717 сўм 50 тийин;

гуруҳ назоратчилари учун тушлик сарфи - 763 млн 374 минг 250 сўм;

мобил алоқа воситалари тўлқинларини тўсувчи қурилмалар хариди - 688 млн 121 минг 120 сўм;

ичимлик суви хариди - 880 млн 494 минг 710 сўм;

шарикли ручкалар хариди - 336 млн 357 минг 552 сўм;

хизмат сафарлари учун тўловлар - 13 млн 262 минг 039 сўм 14 тийин;

Жами харажатлар: 15 млрд 884 млн 127 минг 052 сўм 82 тийин.

Билдирилишича, бунда бошқа биноларнинг коммунал ва ижара тўловлари, бир ой мобайнида шартнома асосида жалб этилган ёлланма ишчилар, техник воситаларнинг шу даврда мунтазам ишлаб туришини назорат қилиш бўйича мутахассислар иш ҳақи киритилмаган.

Булардан ташқари, маблағларнинг қолган қисмини қўшимча техника воситалари ва уларга захира қисмлар, тест синови жараёнлари ёзилган видео материалларни сақлаш учун катта хотирага эга қурилмалар, глушителлар хариди, хорижий экспертларни жалб этиш, хорижий мамлакатларда малака ошириш, кейинги ўқув йилида ўтказиладиган тест синовлари тайёргарлиги ва бошқалар учун йўналтириш режалаштирилган, дейилади ДТМ маълумотида.

Лондондан Тошкентга учган самолёт Навоийга қўнишга мажбур бўлди

Лондон-Тошкент HY-202 рейси туман сабабли Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўна олмади. Ҳаво кемаси командири Навоийдаги захира аэропортга мажбурий қўнишни амалга оширишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизмати хабар қилди

Туман, кўриш даражасининг ёмонлиги сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг бир қанча рейслари бир оз ушланиб аэропортда қолиб кетаётганини қайд этди компания матбуот хизмати.

HY-423 Тошкент-Деҳли, HY-533 Тошкент-Бангкок рейслари об-ҳаво шароитлари яхшилангунига қадар кечиктирилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG