Линклар

Мирзиёевнинг Анқара сафари чоғида 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди


Эрдўғон (ў) ва Мирзиëев (ч) Туркия президенти саройи олдида, Анқара, 2017 йил 25 октябри.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифига биноан 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Анқарага борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сафарини Анитқабир (Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк кўмилган жой) мажмуаси зиёратидан бошлаган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, ташрифнинг асосий тадбирлари Туркия президенти саройида бўлиб ўтган. Бу ерда Эрдўғон ва Мирзиёев тор доирада учрашув ўтказганлар. Учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилган.

Сўнгра президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирганлар. Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланган.

Мирзиёев ва Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзолаганлар.

Бу Ўзбекистон давлат раҳбарининг сўнгги 18 йил ичида Туркияга амалга оширилган биринчи давлат ташрифидир. 26 октябрь куни Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG