Линклар

Германия президенти Россия билан алоқалар тузалишини истайди


Германия президенти Штайнмайер Россия президенти Путин билан, Москва, 2017 йил 25 октябри.

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўз мамлакатининг Россия билан алоқаларидан мамнун эмас.

Бу баёнотни у чоршанба куни Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашганидан кейин берган, дея хабар қилади Reuters агентлиги.

Штайнмайер Россия Қримни аннексия қилиб олгани ва Украина шарқидаги зиддият туфайли юзага келган ихтилофларга қарамай, икки мамлакат ўзаро муносабатларни яхшилаш бўйича биргаликда ҳаракат қилиши лозимлигини қайд этган.

Ўз навбатида Путин Германия президентининг Россияга сафаридан сўнг мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама алоқалар мустаҳкамланишига умид билдирган. Путин Штайнмайер билан Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилганини айтган. Россия президентига кўра, Донбассдаги зиддиятни ҳал қилишнинг асоси Минск келишувлари бўлиб ҳисобланади.

Украина атрофидаги зиддият қабатида Германия ва Россия ўртасида юзага келган таранглик туфайли Штайнмайернинг Россияга сафари,Deutsche Welle хабарига кўра, атайлаб давлат ташрифи сифатида эмас, балки хизмат сафари ўлароқ ташкил этилган.

XS
SM
MD
LG