Линклар

БМТ Атом энергетикаси агентлиги раҳбари Теҳронга борди


Халқаро атом энергетикаси агентлиги бош директори Юкия Амано

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атом энергетикаси бўйича назоратчиси Эрон раҳбарлари билан музокара ўтказиш учун Теҳронга борди.

Халқаро атом энергетикаси агентлиги (IAEA) бош директори Юкия Амано сафари давомида асосий эътиборини “Эрон 2015 йили эришилган битим шартларини қандай бажараётганини тасдиқлаш ва кузатишга қаратади”, дейилади агентлик 25 октябрь куни тарқатган баёнотда.

Бош директорнинг сафари Вашингтон билан Теҳрон ўртасидаги баҳс авж олган пайтга тўғри келди. Президент Трамп жорий ойда Эроннинг 6 та давлат билан ядро дастури юзасидан тузган битими шартларини бажараётганини тасдиқламаслик тўғрисида қарор қабул қилди.

Трамп 10 октябрь куни Эроннинг сиёсатига оид узоқ кутилган маърузасида ушбу мамлакатни “қабиҳ режим” деб атади ва “жиддий нуқсонлар” бартараф қилинмайдиган бўлса, битимдан чиқиш билан таҳдид қилди.

Энди АҚШ Конгресси ихтиёрида ядро дастури бўйича битимга эришилгандан сўнг Теҳронга қарши бекор қилинган иқтисодий санкцияларни қайта қўллаши учун 60 кундан камроқ вақт бор.

2015 йили Обама президент бўлиб турган пайтда тузилган битимга кўра, Эрон халқаро санкциялар бекор қилиниши ҳисобига ядро дастурини қисқартиришга рози бўлган эди. Битимга АҚШ билан Эрондан ташқари Россия, Британия, Франция ва Германия имзо чеккан.

XS
SM
MD
LG