Линклар

Покистонда Афғонистоннинг юқори мансабли мулозими ўғирланди


Покистон армияси аскарлари (иллюстратив сурат)

Покистон полицияси Пешавор шаҳрида бўлган юқори лавозимдаги афғон расмийси Муҳаммад Наби Аҳмадийни қуролланган шахслар ўғирлаганини маълум қилди.

Покистон расмийларининг AFP агентлигига айтишича, Афғонистоннинг Кунар вилояти ҳокими ўринбосари бўлган Наби Аҳмадий 27 октябр куни ўғирлаб кетилган.

Расмий хабарга кўра, афғон расмийси Пешаворнинг Дабгари туманида бўлган кезда уни қуролланган шахслар машинага босиб, олиб кетган.

Афғонистон томони Наби Аҳмадий Покистонга даволаниш учун кетгани ва шу бўйи бедарак эканини тасдиқлади.

Бу ҳодиса учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ зиммасига олгани йўқ.

Афғонистонга туташ Пешавор вилояти Покистонда жангарилар ҳамда гиёҳвандлик моддалари билан савдо қилувчи гуруҳлар таъсирида қолаётган вилоятдир.

Афғон мулозимининг ўғирланиши Исломобод ва Кобул ўртасида кейинги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.

Зеро, Афғонистон Покистонни афғон Толибларини қўллашда айблаб келади, Покистон эса бу айбловларни рад қилади.

XS
SM
MD
LG