Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:43

Ўзбекистон хабарлари

БМТ Бош котиби ўринбосари 31 октябрда Тошкентга келади

БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг наркотик ва жиноятларга қарши кураш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов.

БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг наркотик ва жиноятларга қарши кураш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов 31 октябрь куни Тошкентга расмий сафар билан келади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, Федотов Олий Мажлис Сенатида, Ташқи ишлар вазирлигида, Вазирлар Маҳкакмаси қошидаги наркотикларни назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлилий марказида қатор учрашувларни ўтказади.

Хабарда айтилишича, Юрий Федотов раҳбарлигидаги делегация ШҲТнинг ҳудудий аксилтеррор тузилмасининг Тошкентда ўтадиган 5-илмий –амалий анжуманида иштирок этади.

Кун янгиликлари

К. Алламжонов хорижий сериалларнинг кўп намойиш этилишида “идеологик суверенитет” учун таҳдид кўради

Комил Алламжонов.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ўзбекистондаги кўп телеканалларда асосан хориж сериаллари намойиш этилаётгани, миллий сериаллар эса деярли йўқлигидан таассуф билдириб, бунинг бугунги кунда эътибор қаратилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масала, деб ҳисоблашини билдирди.

К. Алламжоновнинг ўз Телеграм-каналида ёзишича, мазкур масала фонд вакилларининг куни кеча "Миллий" телеканали жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинган.

Унга кўра, сериаллар томошабин онгига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи кучли восита ҳисобланади. “Агар унинг меъёри бўлмаса, бу кетишда идеологик суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, дея хавотир билдирган фонд васийлик кенгаши раиси.

Шу боис яқин келажакда "Миллий" телеканалида хорижий сериалларни эфирдан имкон даражада камайтириш ва кўпроқ ўзимизнинг миллий сериалларни ишлаб чиқаришга қарор қилдик”, деб ёзган К. Алламжонов мазкур учрашувда эфир сифатини яхшилаш, янги ва қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириш орқали телеканал рейтингини янги босқичга олиб чиқиш учун вазифаларни белгилаб олинганини қўшимча қилган.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси: Ҳар куни 30 мингтагача ПЗР-тести ўтказилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда ҳар куни коронавирус инфекцияси юққанини аниқлаш бўйича 20 мингдан 30 минггача бўлган текширувлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда 28 октябрь куни АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.

Мулозимга кўра, республикада ташкил этилган 135 тадан ортиқ давлат муассасаси, қолаверса, 20 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассасаси томонидан ПЗР, ИФА, ИХЛА усулларида коронавирус инфекциясига қарши текшириш тадбирлари амалга ошириб келиняпти.

27 октябрда кун давомида Ўзбекистонда 23 минг 659 та ПЗР усулида текширувлар амалга оширилди. Яъни ҳар куни ўртача 20 мингдан 30 минггача бўлган текширувлар амалга оширилмоқда”, деди Б. Қурбонов.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, 28 октябрь соат 09:00 ҳолатига кўра, мамлакатда жами 4 миллион 125 минг 938 та ПЗР тести ўтказилганини қайд этган.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатновни тиклаш масаласи кейинги йилга қолди

Ўзбекистон билан Тожикистон расмийлари Тошкент ва Душанбе ўртасидаги парвозларни тиклаш санасини ҳали-ҳануз белгилай олишмаяпти. Октябрь ойи ўрталарида томонлар икки пойтахт ўртасидаги авиақатновни 1 ноябргача тиклаш масаласини муҳокама қилишган, кейин бу муддат 1 декабрга кўчирилган. Энди эса янги муддат (2021 йилнинг 1 январи) муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар қилди.

Нашр манбасига кўра, коронавирус пандемияси туфайли икки мамлакатда кузатилаётган эпидемиологик вазиятнинг мураккаблиги мазкур масала юзасидан тез ва якуний қарор қабул қилишга имкон бермаяпти.

Бу орада Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги Тошкентга авиақатновни тиклаш учун рухсат олган, бироқ илк парвознинг аниқ санаси ҳозирча номаълум.

Агентлик вакиллари мазкур масалани муҳокама қилиш учун яқин кунларда ўзбек ва тожик расмийларининг онлайн-учрашуви ташкил этилиши, унда Тошкент-Душанбе рейси графиги ва илк парвоз куни тасдиқланишини маълум қилганлар.

Ўзбекистон билан Тожикистон пойтахтлари ўртасидаги авиақатнов эпидемиологик вазият важидан шу йил 16 мартидан тўхтатилганди.

Тошкент ва Анқара ҳарбий ҳамкорликка оид битим имзолади

Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Туркиянинг давлатга қарашли “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, ҳужжат Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акарнинг 27 октябрь куни Тошкентга қилган сафари чоғида имзоланган.

Ҳар соҳада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Бунинг ичида савдо-сотиқ, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва табиийки, ҳарбий алоқалар ҳам бор. Бу борада жуда жиддий муваффақиятларга эришдик”, деган Ҳулуси Акар ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан бўлиб ўтган музокаралардан кейин.

Туркия мудофаа вазири икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик “мустаҳкам қардошлик ришталари”га асосланганини урғулаган. Ўзбекистон мудофаа вазири Б. Қурбонов эса Тошкент учун Туркия билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этган.

Ҳулуси Акар Ўзбекистонга сафари доирасида мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан ҳам учрашган. Икки мулозим ҳарбий таълим ва ҳарбий саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида сўзлашганлар. Қайд этилишича, Туркия мудофаа вазири бу учрашувда ФЕТО – Фатҳуллоҳ Гулан издошлари ташкилотига қарши курашда ҳамкорликнинг муҳимлигини ҳам таъкидлаган.

Аввалроқ Озодлик Ҳулуси Акар сешанба куни Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани, учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эди.

ДХХнинг собиқ марказий биноси бошланғич нархи 1 сўм қилиб белгиланиб, сотувга чиқарилади

Тошкент марказидаги Сайилгоҳ кўчаси.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ва 20 минг 219 квадрат метр майдонга эга бўлган собиқ марказий биноси сотувга қўйилади.

Мазкур бино дохил 15 та объект Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий сайтига жойланган “Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати”га киритилган.

Бу рўйхат Ўзбекистон президентининг жорий йил 27 октябрида имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига илова қилинган.

Фармонда давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилиниши ҳамда давлат комиссияси қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Йирик ширкатлар трансформация қилинади ва имтиёзлардан маҳрум бўлади

Uzbekistan Airways самолёти.

«Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways ва бошқа йирик ширкатларнинг имтиёз ва преференциялари бекор қилинади. Бу борада президентинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгилаб қўйилди.

Фармон билан тасдиқланган трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатида «Ўзавтосаноат», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, «Ўздонмаҳсулот», «Ўзагросуғурта», «Ўзсувтаъминот» ва бошқа жамиятлар бор.

Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активлари агентлиги 2020 йил 1 декабргача рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференцияларни хатловдан ўтказади. Уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, президент администрациясига киритади.

Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилади.

Департаментга 24 та штат бирлиги ажратилмоқда, улар молия ва давлат солиқ хизмати органларининг 12 тадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Уйида даволанаётган коронавирус беморларига пульсоксиметр ва кислород концентраторлари бепул берилади

Пульсоксиметр ва кислород концентраторлари захирада мавжудлиги ва тиббиёт муассасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида берилади.

Уй шароитида реабилитацияга муҳтож бўлган коронавирусга чалинган беморларга вақтинча фойдаланиш учун пульсоксиметр ва кислород концентраторлари бепул тарқатилади.

«Газета.uz»нинг хабар беришича, коронавирус билан курашиш бўйича махсус республика комиссияси пульсоксиметр ва кислород концентраторларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларидан маълум бир муддат ҳамда бепул тарзда фойдаланишга бериш бўйича қарор қабул қилган.

Пульсоксиметр ва кислород концентраторлари захирада мавжудлиги ва тиббиёт муассасасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида берилади.

“Махсус комиссия протоколи билан пульсоксиметр ва кислород концентраторларини бепул тарзда тарқатиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. «Газета.uz» Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидан юқоридаги тартиб бўйича изоҳ ололмади”,-дейилади хабарда.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев тирик эканини билдирди

Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг ўлдириб кетилгани тўғрисидаги хабарлар ёлғон эканини билдирди.

“Бўлаётган ҳавотирли қўнғироқларни инобатга олиб, мен билан ҳаммаси жойида эканлиги ва ҳеч ким жонимга қасд қилмаганлигини маълум қилмоқчиман.Умид қиламанки, бундан кейин ҳам ҳеч ким бундай қилмайди”,-деб ёзди депутат ўз Телеграм каналида.

Расул Кушербаев асоссиз ҳавотирларнинг олдини олиш мақсадида барча блогерлардан ахборот тайёрлаш ва тарқатишда ахборотнинг мазмуни, матни ва тасвирлари бир бирига мос бўлишига эътибор қаратишга чақирган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда айрим блогерлар Расул Кушербаевнинг жонига қасд қилингани тўғрисидаги хабарларни тарқатгани кузатилган эди.

Расул Кушербаев Ўзбекистондаги воқеаларга ижтимоий тармоқлар ва матбуотда фаол муносабат билдириб келади.

Давлат мулклари, жумладан, газета, нашриёт ва журналлар хусусий секторга сотилади

Давлат активларини сотиб олувчилар мулк ҳаққини бўлиб тўлаши мумкин.

Адлия вазирлигининг билдиришича, “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонга асосан 32 та йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари трансформация қилинади. 15 та давлат кўчмас мулк объектлари хусусий секторга сотилади.

Бундан ташқари 274 та давлат улушлари бор корхона, 109 та газета, нашриёт ва журналлар, 26 та ахборот технологиялари корхоналари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари, 27 та хусусий сектор ривожланган соҳадаги тиббиёт муассасалари, 12 та ёғ-мой саноати корхоналари, 31 та виночилик тармоғи ва шароб савдо корхоналари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилиши белгиланди.

Давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин бўлади.

Коронавирусга чалинганлар сони 66 мингга яқинлашди

27 октябрь куни коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка ичида 277 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан 27 октябрь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 65 944 нафарга етди.

Хабарда таъкидланишича, беморлардан 63 165 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 223 нафар бемордан 274 нафари оғир, 74 нафари эса ўта оғир аҳволда.

27 октябрь куни коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 556 нафарга етди.

Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон консулхонаси очилди

Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида 27 октябрь куни Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Мазкур Бош консулхона округига Гуандун, Фуцзянь, Хунань, Хайнань провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном тумани киради.

Консулхона очилиш маросимида йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари сингари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилган.

Мирзиёев Туркия мудофаа вазири билан ҳарбий ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди

Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар (ўнгдан иккинчи) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида (president.uz фотоси).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Тошкентга ташриф буюрган Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ш. Мирзиёев қабул чоғида туркиялик меҳмонни самимий қутлаб, “кўп асрлик дўстлик ва биродарлик ришталарига асосланган ҳамда кейинги уч йилда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан” қайд этган.

Ўз навбатида Ҳулуси Акар Ўзбекистон президентига туркиялик ҳамкасбининг эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилган ҳамда кейинги йилларда мудофаа соҳасида амалга оширилган қўшма тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинган.

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланган. Шунингдек, минтақадаги замонавий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

The Muslim 500: Муфтий Усмонхон Алимов яна жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони рўйхатида

Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов.

Уммондаги Қироллик Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2009 йилдан бери эълон қилиб келинаётган “Жаҳондаги энг нуфузли 500 мусулмон” рўйхатидан Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов бу йил ҳам жой олди. У мазкур рўйхатга ўн биринчи марта киритилмоқда.

The Muslim 500”нинг бу йилги рейтингида биринчи ўринни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эгаллаган. Ўтган йили президент Эрдўғон мазкур рўйхатда 6-ўринда эди.

Дунёдаги нуфузли мусулмонлар рўйхатида иккинчи ўринга Саудий Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз, учинчига эса Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий қўйилган.

Жаҳондаги нуфузли 500 нафар мусулмон қаторида бу йил Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон ва Чеченистон президентлари ҳам саналган, бироқ Ўзбекистон президенти номи рўйхатга қўшилган эмас.

“Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” ходимлари ёппасига ишдан бўшатилмоқда

“Хоразм шакар” заводи.

Ўзбекистондаги икки йирик шакар ишлаб чиқарувчи - “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” заводлари шу кунда ўз ходимларини ёппасига ишдан бўшата бошлаган. Бу ҳақда ЎзА "Ангрен шакар" МЧЖ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳозиргача 130 нафардан зиёд ходим ишдан бўшатилган. Маълумотларга кўра, йил охиригача икки завод деярли барча ишчисини ишдан бўшатишни мўлжаллаган. Бунинг натижасида 2 мингдан зиёд ходим ишсиз ва даромадсиз қолиши мумкин.

Бразилиядан импорт қилинадиган шакарқамишга қарам бўлган бу иккала корхона шу йил 4 июлидан бошлаб “хомашë таъминотидаги узилиш" важидан ишлаб чиқаришни тўхтатган эди.

Шакар заводи ишчилари Ўзбекистон президентининг 3 апрелдаги фармони билан тайëр шакар импортининг йил охиригача барча бож ва солиқлардан озод этилгани, импорт хомашëга эса бундай имтиëз берилмагани ўзларини касод қилганини айтиб келмоқда.

Шакар бозоридаги вазиятдан яхши хабардор мулозим эса Озодлик билан суҳбатда бу ҳужжат ортида янги шакар монополистлари ва уларнинг лоббичилари турганини иддао қилганди.

9 ойда қарийб $110 млнлик автомобил экспорт, қарийб $350 млнлик импорт қилинди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондан хорижга 108,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги 11 минг 135 дона енгил автомобил экспорт қилинган.

Давлат статистика қўмитаси мулозимлари маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,1 миллион АҚШ долларига ёки 47,9 фоизга кўпдир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни энг кўп Қозоғистон (8 985 дона) сотиб олган. Қозоғистондан ташқари (91,7 миллион АҚШ доллари) ўзбек автомобиллари Озарбайжон (6,2 миллион доллар), Украина (5,7 миллион доллар), Россия (2,2 миллион доллар), Тожикистон (1,1 миллион доллар) ва бошқа давлатларга (1,3 миллион доллар) экспорт қилинган.

Айни пайтда, Давстатқўм қайдича, 2020 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга 349,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги 20 минг 482 дона енгил автомобил импорт қилинган.

Кейинги икки йил давомида электр нархини оширмаслик режалаштирилди

Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори.

Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда электр энергияси нархи оширилмаслиги кутилмоқда. Бу ҳақда“Ўзбекистон 24” телеканали 26 октябрь куни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоевга таянган ҳолда хабар берди.

«Президентимиз 2021-2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмасликни бош масала қилиб қўйдилар», - деб билдирди Улуғбек Мустафоев.

Унга кўра, энергетика тизимини модернизация ва реконструкция қилиш тарифларни ошириш орқали эмас, балки таннархни пасайтириш ҳисобига амалга оширилади.

26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилгани хабар қилинган эди.

Йиғилишда президент бугунги кунда Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканини қайд этган.

Ўртача ойлик иш ҳақи ўсишдан тўхтади - Статистика қўмитаси

Январь—сентябрь ойларида ўртача маоши 1 миллиондан кўп бўлганлар 40 минг кишига кўпайди.

Ўзбекистонда ўртача ойлик маоши 1 миллион ва 5,5 миллион сўмдан кўп бўлганлар сони кўпайди, бироқ ойлик иш ҳақи деярли ўсишдан тўхтади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг навбатдаги ҳисоботида маълум қилинди.

Январь—сентябрь ойларида ўртача маоши 1 миллиондан кўп бўлганлар 40 минг кишига кўпайди ва 1 миллон 770 минг кишини ташкил қилди.

2019 йилда 5,5 миллион ва ундан кўп ойлик оладиганлар сони 184 858 кишини ташкил қилган бўлса, 2020 йилнинг 9 ойида улар сони 239 553 кишига етди.

Юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг 41,5 фоизи 1,3 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача ойлик олган. Ишчи-ходиларнинг 15,4 фоизига 2 миллиондан 2,7 миллион сўмгача ўртача ойлик тўланган.

Ишчи-ходимларнинг 17,5 фоизига эса 679,3 минг сўмдан 1,3 миллион сўмгача номинал иш ҳақи ҳисобланган.

Ўтган тўққиз ой ичида ўртача иш ҳақининг ўсиши 2019 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада пасайган.

Жорий йилнинг 9 ойида деярли 20 мингта оила ажрашди

Энг кўп ажралишлар Тошкент шаҳрида кузатилган.

Январь-сентябрь ойлари оралиғида Ўзбекистонда 19 970 та никоҳ бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Маълумотда таъкидланишича, 2019 йилда 23 600та ажралиш қайд этилган эди. Жорий йилда ажралишлар сони ўтган йилга нисбатан 3630тага кам бўлган.

Ажрашганларнинг 49,8 фоизи фарзандсиз бўлгани сабали никоҳларини бекор қилган. Ажрашган оилаларнинг 29,6 фоизи бир фарзандли ва 20,6 фоизи икки ва ундан ортиқ фарзандли бўлган.

Энг кўп ажралишлар Тошкент шаҳрида, Сирдарё, Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.

Энг кам ажралишлар эса Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кузатилган.

Айни пайтда январь-сентябрь ойларида 184 минг никоҳ қайд этилган. Бу 2019 йилга нисбатан 11 200тага оздир.

Коронавирусдан ўлганлар сони 550дан ошди

26 октябрь куни мамлакатда 279 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 261 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка давомида коронавирусга чалинган 3 нафар бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони расман камида 552 нафарга етди.

26 октябрь куни мамлакатда 279 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 261 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 65 667 нафар бемордан 62 876 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 239 нафар бемордан 276 нафари оғир, 75 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мирзиёев электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканини эътироф этди

Бугунги кунда Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори. Бундан ташқари, эски қувватларда ёқилғи сарфи янги буғ-газ қурилмаларига нисбатан 2 баравар зиёд. Бу ҳақда 26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда электр таъминоти бўйича модернизация ишларини давом эттириш, лекин буни олдингидек давлат кафолати ҳисобига эмас, балки хусусий капитални жалб қилиш орқали амалга ошириш зарурлиги қайд этилган.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятларида молиявий ҳисоботларни жаҳон стандартлари асосида тайёрлаш тизимига ўтиш кераклиги таъкидланган.

Қайд этилишича, бу халқаро кредит рейтинги олиш, келгусида еврооблигациялар чиқаришда муҳим омил бўлади. Мутасаддиларга шу мақсадлардан келиб чиқиб, мазкур 4 та компаниянинг уч йиллик молиявий модели ва бизнес режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Трансформация жараёнларига кўмаклашиш учун корхоналар бошқарувига ва кузатув кенгашларига чет эллик мутахассислар жалб қилиниши бўйича кўрсатмалар берилган.

“Ҳозирда электр энергияси улгуржи бозори қоидалари белгиланмагани сабабли инвесторлар билан энергияни қатъий нархларда харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда. Бундай ёндашув келгусида рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин. Шу боис электр энергияси рақобатли бозорига ўтиш босқичлари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарномасида.

Йиғилишда соҳага илғор технологияларни кенг жорий этиш, “рақамли трансформация”ни амалга ошириш бўйича ҳам топшириқлар берилган.

Ўзбекистонда қиш мавсуми яқинлашиши билан электр таъминотида муаммолар кўпайгани кузатилади. Бу каби муаммолар бўйича Озодлик таҳририятига ҳар йили қишлоқ жойлардан айниқса кўп шикоят тушади.

Бўстон туманининг сўконғич ҳокимасига огоҳлантириш берилди

Бўстон тумани ҳокимаси Садбархон Мамитова.

Андижон вилояти ҳокимлиги фермерларни ҳақорат қилган Бўстон тумани ҳокимаси Садбархон Мамитовага огоҳлантириш берган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳокимлик ижтимоий тармоқларда тарқалган ва Бўстон тумани раҳбарига оидлиги айтилган аудиоёзувни ўрганиб чиққан, унинг ҳақиқатан ҳам С. Мамитовага тегишли экани аниқланган.

Мазкур аудиоёзувда Бўстон тумани ҳокимаси фермерлардан соя топширишни талаб қилиб, уларни “мараз, ифлос” деб сўкканига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу борада маҳаллий журналистларга изоҳ берган С. Мамитова бу ҳолатни коронавирусга чалиниб, икки ҳафта касалхонада даволангани, касалликдан кейин стрессга тушгани билан изоҳлашга уринган ва қилган ишидан афсусда эканини билдирган.

Бўстон туманида соя ўсимлигини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда сусткашлик қилаётган ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган фермерларнинг фаолияти туман ҳокимининг эътирозига сабаб бўлганини урғулаган Андижон вилояти ҳокимлиги айни пайтда тарқалган аудиоёзув учун С. Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан “огоҳлантириш” берилганлигини маълум қилган.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги гўшт нархи ошиб кетиши сабабларини очиқлади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ёйинланган “Инфляция даражаси ҳақида умумий маълумот”да (2020 йил сентябрь ойи) Ўзбекистонда гўшт нархининг ошиб кетишига сабаб бўлган омилларни санаб ўтилди.

Қайд этилишича, сентябрь ойида гўшт маҳсулотларининг нархи 3,8 фоизга ошган. Қўй гўшти 5,7 фоизга, мол гўшти 5–5,4 фоиз оралиғида, қийма 4,2 фоизга, колбаса 1,8 – 1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлаган.

Вазирлик вакилларига кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари ўсишига асосан уч омил сабаб бўлган:

- ем-хашак базаси учун хом ашё, ҳусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17%, 21% ва 27%га ошишига олиб келган;

- Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортини қисқариши. Мисол учун, 2020 йилнинг 8 ой натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 мин бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;

- 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши.

Ҳисоботда жорий йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилгани (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ), бу давр мобайнида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилингани айтилган.

Мамлакатда гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши, ҳисобот муаллифларига кўра, нафақат ташқи омиллар, балки ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган, дейиш мумкин.

“Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ”, дейилади вазирлик ҳисоботида.

Ўн икки ҳафтадан бери ошиб келаётган долларнинг расмий курси эртадан қарийб 12 сўмга пасаяди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 27 октябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 11 сўм 88 тийинга арзонлаб, 10 минг 359 сўм 88 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 7 сўм 28 тийинга қимматлаб, 10 минг 371 сўм 76 тийин бўлган эди). Ўтган ҳафтагача Ўзбекистонда АҚШ валютаси расмий курси кетма-кетига 12 ҳафта ошиб борган.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 132 сўм 15 тийинга ошиб, 12 минг 285 сўм 78 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 101 сўм 33 тийинга пасайиб, 12 минг 153 сўм 63 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Хитойдан келаётган йиллик инвестиция ҳажмини $5 млрдга етказиш масаласи муҳокама қилинди

Келажак 5 йил ичида Хитойдан Ўзбекистонга олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, Корея Республикасидан эса 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда куни кеча инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосарлари А.Воитов ва Л.Кудратов раҳбарлигида Хитой ва Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланиб ўтказилган муҳокамада айтилган.

Тадбир чоғида 2025 йилга бориб Ўзбекистондан Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 млрд долларни, Корея Республикасига эса камида 800 млн долларни ташкил этиши кераклиги урғуланган.

Видеоконференция шаклида ўтказилган муҳокамада вазирликлар, идоралар ва тармоқ бирлашмаларининг биринчи шахслари иштирок этган.

Унда хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ва уларни амалга ошириш таҳлил қилинган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, муҳокама чоғида ҳозирги вақтда амалга ошириш жадвалидан ортда қолаётган бир қатор лойиҳалар кўриб чиқилган ҳамда муаммоларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик белгиланган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилган.

Видеоконференция якунида мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўрганиш, уларни жадал, сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган “Йўл хариталари”ни тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилган.

Халқ таълими вазири хароба синф хонаси тўғрисидаги видеога муносабат билдирди (ВИДЕО)

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқлар, жумладан, Озодлик радиоси Инстаграм каналида тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Чироқчидаги мактаб видеосига муносабат билдирди.

«Дарё» нашрининг билдиришича, 24 октябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг журналистларга интервью берган Шерзод Шерматов Ўзбекистонда камида 300 та мактаб филиали мана шундай ачинарли аҳволда эканини айтган.

“Айни пайтда мамлакатимизда 1170 та мактаб филиаллари бор. Таҳлил қилиб кўрсак, мавжуд филиалларда тизимдаги ўқувчиларнинг бир фоизи таҳсил олмоқда. Тахминан, 300 та филиал қўлбола усулда қурилган, яъни аҳолининг ўзи қуриб олган, таъмирланмаган. Ўша қишлоқларда аҳоли сони ҳам оз, у ерларда сув, йўл, электр муаммолари ҳам бор. Лекин доим мактаб филиаллари муҳокама қилинади. Ота-оналар фарзандини узоқ масофадаги мактабга юборгиси келмайди, йўл ҳам жуда узоқ. Бу сингари муаммоларга марказлашган комплекс асосида ёндашиш керак”,-деб айтган вазир ўз сўзида давом этар экан “олис ва тоғли ҳудудлардаги мактаб филиалларини таъмирлаш ёки фаолиятини тугатиш маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида” эканини таъкидлаган.

Шерзод Шерматов мактабларга 2018 йилгача инвестиция киритлмаганини, мактабларга яқин икки йилдан бери эътибор қаратила бошланганини ҳам айтган.

“Шунча йил қилинмаган ишни икки йилда амалга ошириб бўлмайди”,-деб хулоса қилган вазир.

Бир неча кун аввал Озодликнинг инстаграм саҳифасига Чироқчи туманидаги 61-мактаб экани айтилган видео жойлаштирилган эди. Видеода ўқувчилар аҳволи ачинарли бўлган синф хонасида дарс ўтаётганлари акс этган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG