Линклар

Алишер Усмоновга қарзини тўлашдан бош тортган украиналик қамоққа олинди


Иллюстратив сурат.

Украинанинг "Нафтогаз" ширкати собиқ раҳбари Игорь Бакай келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг "Металлоинвест" холдингидан 630 миллион рублни товламачилик билан ўзлаштириб олганликда айбланмоқда.

Терговга таянган ҳолда тарқатилган маълумотда Бакай бу пулни Усмоновдан қарзга олгани, лекин кейинроқ у қарзни тўлашдан бош тортгани айтилмоқда.

Бу ҳақда 31 октябрь куни хабар берган Украинадаги ТСН телеканалининг билдиришича, Бакай устидан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига гўёки Алишер Усмоновнинг ўзи ариза ёзган. Бироқ Усмоновнинг ариза ёзгани тўғрисидаги маълумот ҳозирча расман тасдиқланган эмас.

"Интерфакс" ва “Новости” агентликларининг ёзишича, Москвада қўлга олинган Игорь Бакай товламачиликда айбланмоқда ва суд унга нисбатан 12 ноябргача ҳибсда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллаган.

Игорь Бакай "Нафтогаз"га 1998-2000 йилларда раҳбарлик қилган. Шундан сўнг у Украина давлат иш бошқаруви бошлиғи бўлган. Бакай 2004 йилда Россияда яшай бошлаган. Украинада Бакайга нисбатан хизмат лавозимидан ўз фойдаси учун фойдаланганлик айблови билан жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG