Линклар

Каталония собиқ президенти Испанияга қайтмайди


Каталония мухториятининг ҳокимиятдан четлатилган президенти Карлес Пучдемон.

Каталония мухториятининг ҳокимиятдан четлатилган президенти Карлес Пучдемон Мадрид судига сўроқ бериш учун Испанияга қайтмайди. Бу ҳақда Пучдемоннинг адвокати Пол Бекаерт 1 ноябрь куни маълум қилди.

Испания ҳукумати томонидан ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Бельгияда яшаётган Пучдемон аввалроқ ҳибс қилиниш таҳдиди бўлмаган тақдирдагина Мадридга қайтиши мумкинлигини билдирган эди.

-Испан полицияси Каталония полициясини ўз назоратига олганидан сўнг улар ҳукумат аъзолари ва шахсан мени ҳимоя қилишдан бош тортишди. Менинг ҳимоям ва хавфсизлигим таҳдид остида қолди, -деган эди Пучдемон 31 октябрь куни.

Пол Бекаерт Испания ҳукуматига Пучдемонни Бельгияда сўроқ қилишни таклиф этмоқда.

Пучдемон ва Каталония ҳукуматининг собиқ 13 вазири 2-3 ноябрь кунлари сўроқ қилиниш учун Мадрид Миллий судига чақирилган эди.

Улар исён кўтариш ва давлат маблағларини ноқонуний равишда ўзлаштиришда айбланмоқда.

Каталонияда Испания ҳукумати тақиқига қарамай, 1 октябрь куни мустақиллик референдуми ўтказилган, шундан сўнг Испания ҳукумати мазкур мухтор минтақа бошқарувини ўз қўлига олган эди.

Референдумда сайловчиларнинг 43 фоизи иштирок этган ва уларнинг 90 фоизи мустақиллик учун овоз берган.

XS
SM
MD
LG