Линклар

Россияда Ленин жасадини дафн этиш масаласи баҳсларга сабаб бўлди


Серовнинг "Ленин Совет ҳокимияти ўрнатилганини эълон қилмоқда" картинасидан фрагмент.

Россияда Совет Иттифоқининг асосчиси Владимир Лениннинг мавзолейдаги жасадини дафн қилиш масаласи яна кун тартибига чиқди.

Бу мавзуни бу гал Путиннинг яқин сафдоши ҳисобланадиган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров кўтарди. Қодиров Теграмм тармоғига 2 ноябрда "Путин лозим топса Ленин ждасадини кўмиш мақсадга мувофиқ бўларди", деб ёзган.

Россия президентлик сайловида иштирок этишини эълон қилган телебошловчи Ксения Собчак эса Инстаграм саҳифасида бунга жавобан “Ленинни дафн этиш ёки этмасликни Путин эмас, халқ ҳал қилади”, деб ёзди.

Ленин жасади дафн этилиши мумкинлиги тўғрисида 1 ноябрь куни Россия Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам гапирган эди.

Президент Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эса “Ленинни дафн этиш масаласи Кремль маъмуриятининг кун тартибидаги мавзу эмас”, деб билдирди.

7 ноябрь куни Ленин раҳбарлигида 1917 йилда амалга оширилган ва Шўролар даврида Улуғ Октябрь социалистик революцияси деб таърифланган давлат тўнтариши амалга оширилганига юз йил тўлади.

Ленин 1924 йилнинг 21 январида вафот этган. Шундан сўнг у асос солган Коммунистик партия Ленин жасадини мумёлаб, мавзолейга жойлаштирган эди.

Владимир Ленин 1922 йилда асос солган Совет Иттифоқи давлати 1991 йилнинг 26 декабрида мустақил давлатларга бўлиниб кетган.

XS
SM
MD
LG