Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:56

OzodDayjest: Ўзбек ёзувчиси минтақада евро каби ягона валюта жорий этишни таклиф қилмоқда


Марказий Осиё харитаси.
Марказий Осиё харитаси.

Ёзувчи Носир Фозилов Марказий Осиёнинг беш давлати учун ягона валюта жорий этиш таклифи билан чиқди. этиш таклиф қилинмоқда. Бухорода хотинини ваҳшийларча ўлдирган эр 18 йилга қамалди. Қорақалпоғистондаги Ақчахон қалъасидан 6 метрли одам сурати топилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

_____________________________________________________________

Ўзбек ёзувчиси Марказий Осиёнинг беш давлати учун ягона валюта жорий этишни таклиф қилди

Таниқли ёзувчи Носир Фозилов Марказий Осиёнинг беш давлати ҳам Европа Иттифоқи каби ягона валюта жорий этиши лозимлигини айтди (“Ҳуррият”, 1 ноябрь). “Марказий Осиёда бешта давлат бор. Бу етмиш миллион аҳоли дегани. Борди-келдиларимизни осонлаштириш учун шу мамлакатларнинг барчасида қўлланадиган, шунингдек, чет элларда алмаштириш қобилиятига эга ягона пул бирлигини жорий этсак, қандай зўр иш бўларди! Бешта республика бу – бешта бармоқ дегани. Худонинг ўзи мушт қилиб бирлаштириб қўйибди-ку. Ягона пул бирлиги бўлса, кўп муаммоларимиз ҳал бўларди”, деган ўзбек адиби. Ёзувчи бугун минтақадаги чинакам дўстликни мустаҳкамлаш имкони туғилганига урғу берган. “Илгари нима бўлар эди? Президентлар бир-бирига борса ёки у жой-бу жойда учрашиб қолишса, бир ҳафта ўн кун тилимиздан “биз оға-иниларимиз, еримиз бир, сувимиз бир” деб жаврашдан бўшамас эдик. Бугун ўша гапларни воқеликка айлантирадиган шабадалар эсмоқда”, деган Носир Фозилов.

Бухоролик савдогар “Малибу” машинаси ва уй важидан хотинини ваҳшийларча ўлдирди

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди хотинини ваҳшийларча ўлдирган Амин Убайдовни 18 йилга озодликдан маҳрум этди (“Ҳуқуқ”, 2 ноябрь). Қайд этилишича, ғиждувонлик Амин Убайдов ўртаҳол яшаган кезларда хотини Моҳигул билан яхши муомалада бўлган, аммо автомашина эҳтиёт қисмлари савдосидан бойиб кетгач, хотинини уриб, ҳақоратлайдиган одат чиқарган. Аёли суд орқали ажрашишни таклиф этганида эса Амин Убайдов икки қаватли уйи ва “Малибу” машинаси ҳам қонунга мувофиқ ўртада тақсимланишини ўйлаб, рад этган ва хотинидан қутулиш учун уни бўғиб ўлдирган. Сўнг “Хотинимнинг тутқаноқ касали бор эди. Ўзини осиб қўйди” дея гап тарқатган. Аммо тергов жараёнида А.Убайдов қотилликни ўзи содир этгани аниқланган.

Қорақалпоғистонда 6 метрли одам сурати топилди

Қорақалпоғистон ҳудудидаги Ақчахон қалъасидан 6 метрли одам сурати топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоқ археология бўлими мудири Ғайрат Хўжаниёзов “Даракчи” нашри орқали хабар берган. Сурат Австралиянинг Сидней университети билан ҳамкорликдаги қазишма пайти парча-парча ҳолда топилган. Сўнг фрагментлар бирлаштирилиб, яхлит сурат ҳосил қилинган. Қалъадан бошқа ноёб картиналар галереяси ҳам топилган бўлиб, бу фанда “муҳим янгилик” дея баҳоланмоқда. Мингдан ортиқ фрагментларда суворийлар, пиёдалар, ҳайвонлар, қушлар, боғлар ва зардуштийликка оид маросимлар тасвирланган. Ақчахон қалъасидаги изланишлар 1995 йилдан буён ўтказилмоқда. 22 йиллик экспедиция натижалари 5 та монографияда чоп этилиши режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG