Таниқли ёзувчи Носир Фозилов Марказий Осиёнинг беш давлати ҳам Европа Иттифоқи каби ягона валюта жорий этиши лозимлигини айтди (“Ҳуррият”, 1 ноябрь). “Марказий Осиёда бешта давлат бор. Бу етмиш миллион аҳоли дегани. Борди-келдиларимизни осонлаштириш учун шу мамлакатларнинг барчасида қўлланадиган, шунингдек, чет элларда алмаштириш қобилиятига эга ягона пул бирлигини жорий этсак, қандай зўр иш бўларди! Бешта республика бу – бешта бармоқ дегани. Худонинг ўзи мушт қилиб бирлаштириб қўйибди-ку. Ягона пул бирлиги бўлса, кўп муаммоларимиз ҳал бўларди”, деган ўзбек адиби. Ёзувчи бугун минтақадаги чинакам дўстликни мустаҳкамлаш имкони туғилганига урғу берган. “Илгари нима бўлар эди? Президентлар бир-бирига борса ёки у жой-бу жойда учрашиб қолишса, бир ҳафта ўн кун тилимиздан “биз оға-иниларимиз, еримиз бир, сувимиз бир” деб жаврашдан бўшамас эдик. Бугун ўша гапларни воқеликка айлантирадиган шабадалар эсмоқда”, деган Носир Фозилов.