Линклар

Могерини Бишкек раҳбарлари билан демократия вазиятини муҳокама қилади


Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Фредерика Могерини Марказий Осиë сафари доирасида 9 ноябрь куни Қирғизистонга келди.

ЕИ расмийсининг Бишкекда ҳокимиятдан кетаëтган президент Алмазбек Атамбаев ва 15 октябрь куни президентликка сайланган Сўўрўнбай Жээнбеков билан учрашиши белгиланган.

Мазкур сафар арафасида Озодлик суҳбатлашган Могерини матбуот котиби Мая Котсиянчичнинг айтишича¸ Бишкек учрашувларида Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасида кенг кўламли янги келишув юзасидан бир ой аввал бошланган музокаралар вазияти муҳокама қилинади.

Могерини матбуот котиби¸ ЕИ расмийси бу сўзлашувларда мамлакатдаги демократия ва инсон ҳақлари вазиятини ҳам муҳокама қилишини билдирди:

- Инсон ҳақларга ҳурмат Қирғизистон Республикаси билан муносабатларимиздаги жуда муҳим жиҳат. Зотан демократия¸ инсон ҳақлари ва фундаментал эркинликларга ҳурмат Қирғизистон конституцияси ва унинг халқаро мажбуриятларида белгилаб қўйилган¸ деди Могеринининг Марказий Осиë сафари арафасида Озодлик мухбири суҳбатлашган Котсиянчич.

Могерини бошчилигидаги ЕИ делегацияси ҳафта сўнгида Самарқандда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” минтақалараро вазирлар учрашувида ва “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этади.

Айни пайтда¸ ЕИ намояндасининг Тошкентда президент Шавкат Мирзиëев билан учрашиши ҳам кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG