Линклар

Ўзбекистонга сохта ҳужжатлар билан Тожикистон ватандошлари олиб келингани аниқланди


Тожикистондаги “Ҳафткўл” туристик фирмаси вакили Зайниддин Алимов ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда Ўзбекистонга Тожикистон ватандошларини олиб келгани боис маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 11 ноябрь). Ҳужжатларни сохталаштиришда унга Қашқадарё вилояти Ғузор тумани телекоммуникация боғланмаси ходимаси Н.Каримова ёрдам берган. З.Алимов Н.Каримовага Ўзбекистонга келиши лозим бўлган Тожикистон ватандошларининг исм-фамилиясини юборган. Н.Каримова эса Ўзбекистон ватандошлари номидан тожикистонликларни тўйга ёки таъзияга таклиф этиш ҳақида сохта телеграмма юборган. З.Алимов сохта хатларни олиб, элчихонадан виза олган. “Икки шерикнинг жиноий ҳаракатлари 2012 йилдан 2015 йилнинг март ойига қадар давом этади. Бу вақт оралиғида иккови ҳам бу иши билан икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларга рахна солишлари, Ватанимиз ҳудудига ёмон ният билан кириб келадиганларга шароит яратиб беришлари мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмайди”, деб ёзади Ғузор тумани прокурори Шерали Аширов. Қайд этилишича, З.Алимов 14 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилган. Н.Каримова эса амнистия акти билан жазодан озод этилган.

XS
SM
MD
LG