Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:19

"Фозил ота" қабристони назоратчиси Япония император ордени билан тақдирланди


Япония байроғи.

Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Тошкентнинг Яккасарой туманидаги "Фозил ота" қабристони назоратчиси Мироқил Фозилов император ордени билан мукофотланганини хабар қилди.

Расмий маълумотда таъкидланишича, Япония ҳукумати бу борадаги қарорни 3 ноябрь куни қабул қилган. 75 ёшли Мироқил Фозиловга "Кўтарилаётган қуёш, кумуш нурлар" император ордени топширилди.

Мироқил Фозилов 40 йил давомида қабристонига дафн этилган япон ватандошларининг қабрларини обод қилиб келган. "Фозил ота" қабристонига Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Тошкентга сургун қилинган япон ҳарбий асирлари дафн этилган.

“Унинг отаси ҳам япон ватандошлари қабрларини обод қилиш билан 60 йил давомида шуғулланиб келган. Биринчи президент Ислом Каримов бу ҳақда хабардор бўлгач, қабристонни “Фозил ота”, деб номлаш ҳақида кўрсатма берган эди”, -дейилади Япония элчихонаси хабарида.

Мазкур қабристонни 2015 йил октябрида Тошкентга келган Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳам зиёрат қилган.

XS
SM
MD
LG