Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:03

Ливан бош вазири истеъфо бериш фикридан вақтинча қайтди


Ливан бош вазири Саад Ҳаририй.

Ливан бош вазири Саад Ҳаририй мамлакат президенти Мишел Аун илтимоси билан истеъфога чиқиш қароридан вақтинча қайтди ва Саудия Арабистонидан Бейрутга келди.

-Бугунгидай нозик вазиятда Ливан таҳдидлар ва чақириқлардан ҳимояланиш учун қатъий чора-тадбирларга муҳтож. Бу таҳдид ва чақириқлар ортидан урушлар, хориждаги низолар, минтақавий баҳслардан, Ливан барқарорлигига ва биродар араб давлатлар билан муносабатларимизга зарар келтирувчи бошқа ҳаракатлардан ўзимизни четлатиш сиёсатини олиб боришимиз керак,- деди Ҳаририй.

Ливан бош вазири 4 ноябрь куни Саудия Арабистонига қилган расмий ташрифи чоғида истеъфога чиққанини билдирган эди. Бироқ Ливан президенти Ҳаририй Бейрутга қайтмагунига қадар унинг истеъфосини қабул қилмаслигини билдирган.

Ҳаририй Эрон ҳамда Эрон дастаклаб келаётган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини Ливан ва араб дунёсини беқарорлаштиришда айблади.

Саад Ҳаририй “Ҳизбуллоҳ” шиа қуролли ташкилотининг мамлакатдаги фаолияти туфайли Форс кўрфазидаги араб давлатлари Ливанга қарши санкция жорий қилиши мумкинлигидан ташвиш билдириб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG