Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 00:05

Эронлик тадбиркор АҚШ судида Туркия вазирига пора бергани ҳақида кўрсатма берди


Ризо Зарроб (ўнгда) ва банкир Меҳмет Ҳакан Атилла (чапда) Эронга БМТ санкцияларидан бўйин товлашда ёрдам берганликда айбланмоқда.

АҚШ маҳкамаси томонидан гувоҳликка чақиртирилган тадбиркор Ризо Зарроб 2012 йили Туркия иқтисодиёт вазирига 50 миллион доллар пора бергани ҳақида кўрсатма берди. Бу пулнинг Эронга АҚШ санкцияларидан қочиш учун сарфланиши керак бўлган 1 миллиард долларлик схеманинг бир қисми бўлгани иддао қилинмоқда.

Турк-эрони тадбиркори Ризо Зарроб 29 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳрида турк банкири Меҳмет Ҳакан Атилла устидан бошланган суд маҳкамасида Туркия собиқ иқтисодиёт вазири Меҳмет Зафар Чағлаян билан келишуви ҳақида кўрсатма берди. Банкир Эронга қарши санкциялардан бўйин товлаш учун уюштирилган фитна доирасида давлат хизматчиларига пора берганликда айбланмоқда.

34 яшар Зарроб товламачилик бўйича ўзига қўйилган айбларни тан олди ва ҳукуматнинг энг асосий гувоҳи сифатида суд билан ҳамкорлик қилмоқда. У санкцияларни четлаб ўтиш йўлларини Чағлаян билан муҳокама қилгани, жумладан, Эроннинг ноқонуний пулини ҳалоллаб олиш учун олтин тўлдирилган жомадонлардан фойдаланганини ҳикоя қилиб берди.

Зарроб Чағлаяннинг, “Агар фойда ўртадан тенг бўлинса, бу ишда ёрдам беришим мумкин”, деган гапини келтирди.

Ушбу жиноят иши юзасидан Чағлаянга айблов эълон қилинган бўлса-да, у очиқда қолмоқда ва айбловларни рад этмоқда.

Туркия жорий президенти Режеп Таййип Эрдўғон бош вазир бўлган кезлар Чағлаян унинг ҳукуматида иқтисодиёт вазири эди. Туркия ҳокимият идоралари 2013 йили у билан бошқа вазирлар Зарробдан Эронга БМТ санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бериш мақсадида пора олган-олмагани юзасидан суриштирув бошлагандан сўнг истеъфога чиқиб кетди.

Зарроб Туркияда ҳибсга олинди, бироқ Туркия ҳокимият идоралари уни қўйиб юборди ва барча айбловларни бекор қилди.

АҚШ ҳокимият идоралари ушбу жиноят иши Туркиядаги суриштирувларга таянишини билдирди. АҚШ прокурори Сидҳардҳа Камаражунинг суд ҳайъатига Зарробнинг Эрон АҚШ санкцияларидан бўйин товлаши учун юксак даражадаги фитнага бошчилик қилганини маълум қилди.

Фитнадан яна бир мақсад Эроннинг нефть ва газ сотувидан тушган 1 миллиард долларлик даромадини АҚШ ва глобал банк бозорлари орқали ўтказишга имконият яратиш бўлган.

Зарробнинг гувоҳлик беришича, у 2011 йил охири ёки 2012 йил бошида Эроннинг ўша пулидан фойдаланмоқчи бўлиб, Туркия ҳукуматига қарашли “Халқбанк”нинг бошқарувчиси билан учрашганда¸ ундан рад жавоби олган. Бунга сабаб бошқарувчининг Зарроб Туркия эстрада юлдузи Эбру Гундешнинг эри сифатида машҳурлиги сабаб бу иш фош бўлиб қолишидан қўрқиши бўлган.

– Мен ҳар доим омма кўз ўнгида юрган шахс эдим, – деди Зарроб. У Эронда туғилган бўлса-да Туркия ватандошидир.

Зарробга кўра, Чағлаян билан учрашганида унга банк операциялари енгиллаштириб беришини, аммо эвазига фойдага тенг шерик бўлмоқчи эканини айтган. Чағлаяннинг жами олган улуши 50 миллион доллардан кўп бўлган, дейди Зарроб.

У Эроннинг Туркияга сотган нефть ва газидан тушган маблағга олтин сотиб олганини ва ҳаммоллар олтинни жомадонларда Дубайга элтиб бергани, у ерда олтин нақд пулга айирбошланиб, бир сохта компаниянинг ҳисоб рақамига ўтказилганини гапириб берди.

Сўнгра ушбу пул турли банк операциялари, жумладан, АҚШнинг айрим молия муассасалари орқали санкцияларга зид равишда айлантирилиб ҳалолланди, деди у. Айтишича, бу ишда Атилла маслаҳат бериб турган.

Эрдўғон АҚШ ҳокимият идораларини Чағлаянга нисбатан айблов эълон қилиш тўғрисидаги қарорини “қайта кўриб чиқиш”га даъват қилди. Президент фикрича, собиқ вазир ҳеч бир қонунбузарликка аралашмаган, чунки Туркия ҳеч қачон Эронга қарши санкция жорий қилмаган. Анқара Теҳронни муҳим савдо ҳамкори деб билади.

Зарроб АҚШ ҳукуматининг асосий гувоҳига айланишидин олдин Ердўғон Қўшма Штатлардан уни қўйиб юборишни қайта-қайта талаб қилган эди. Унинг вазирлари жиноят иши “тўқиб чиқарилгани”ни, Зарроб эса гувоҳлик беришга мажбурлаш учун “гаров”да ушлаб турилганини айтмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG