Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:49

Ўзбекистонда 2700 маҳкум афв қилинди


Handcuffs hanging on bars
Handcuffs hanging on bars

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мамлакат тарихида илк бор президент томонидан бу қадар кўп одам бирданига авф қилинмоқда. Авф этилган шахсларнинг кимлиги аниқ ёзилган мазкур фармон Ўзбекистон адлия амалиётида биринчи марта пайдо бўлди.

Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонига берилган расмий шарҳда Қонунга риоя қилмаган, бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиши, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилиши ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг амалдаги ёрқин ифодасидир”, деб таъкидланган.

Мирзиёев 2017 йил 29 сентябрда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни берган эди.

Расмий шарҳда айтилишича, ушбу фармойишга мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди.

“Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди”, дейилади шарҳда.

Шу кунгача Ўзбекистонда деярли ҳар йили Мустақиллик куни ёки Коснтитуция куни муносабати билан амнистия эълон қилиб келинган. Бу амнистияларга мувофиқ, одатда, ёши 60дан ошган маҳкумлар, жамият учун ўта хавфли бўлмаган жиноятларга қўл урганлар озод қилинган.

Каримов вафотидан кейин қабул қилинган илк амнистияга биноан жами қирқ мингга яқин одам авф қилинган.

Ўтган бир йил давомида 14 нафар журналист, сиёсий партиялар фаоллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Муҳаммад Бекжон, Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Самандар Қўқонов, Эркин Мусаев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Даврон Тожиев ва Муҳаммадали Қорабоев озод этилди.

Ҳюман Райтс воч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида яна 12 нафар инсон ҳуқуқи фаоли ва журналистлар қолмоқда.

XS
SM
MD
LG