Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

Исроилдаги тўқнашувларда икки одам ҳалок бўлди


АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти деб тан олганига жавобан Фаластин раҳбарлари жумани “Ғазаб куни” деб эълон қилиши фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида янги тўқнашувларга олиб келди.

Тўқнашувларда камида икки одам ҳалок бўлди. Жума оқшомида Исроил ҳарбий учоқлари фаластинликларнинг ракета ҳужумига жавобан Ғазо секторига зарбалар берди.

Исроил ҳарбийларининг айтишича, улар ҲАМАС қўл остидаги Ғазо бўлгасидан Исроил томон учта ракета учирилгандан сўнг жангариларга тегишли иккита постни қирувчи учоқ ва танк нишонга олган.

Зарба оқибатида бир қанча одам яраланди. Бундан олдин фаластинликлар отган ракета Исроилнинг Седрот шаҳрига тушиб портлаган эди.

Ҳужум оқибатида бир қанча автомобил шикастланди, лекин жабр кўрганлар бўлмади.

Трамп сешанба куни АҚШнинг бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келган сиёсатини бекор қилиб, Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олди.

Бу ҳол араб дунёсининг ғазабини қўзғатди ва мамлакатининг Ғарбдаги иттифоқчилари ҳафсаласини пир қилди.

Мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам, христианлар ҳам муқаддас деб биладиган Қуддус шаҳри мақоми масаласи Исроил билан фаластинликлар ўртасида тинчлик шартгномасига эришиш йўлидаги энг катта тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Исроил Қуддусни абадий ва бўлинмас пойтахти деб ҳисоблайди.

Фаластинликлар эса шаҳарнинг шарқий қисми ўзларининг мустақил давлатига пойтахт бўлишини истайди.

Уни Исроил 1967 йилги Яқин шарқ урушида босиб олган эди.

XS
SM
MD
LG