Линклар

Шошилинч хабар
16 январ 2021, Тошкент вақти: 17:43

Бугун Осло ва Стокҳолмда Нобель мукофотини топшириш маросими ўтказилади


Тинчлик бўйича Нобель мукофоти бугун, 10 декабрь куни Норвегия пойтахтидаги маросимда Халқаро ядро қуролига қарши кураш кампанияси ташкилотига топширилади.

Осло шаҳрида бўлиб ўтадиган мукофотлаш маросимида Халқаро ядро қуролига қарши кураш кампанияси ташкилоти (ICAN) ижрочи директори Беатрис Фиҳнга япониялик Сетсуко Турлоу ҳамроҳлик қилади. У 1945 йили Ҳиросима шаҳрига ташланган атом бомбаси талофатидан омон қолган ва ICAN тарғиботчисидир. Мукофотлаш маросими Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Норвегиянинг Нобель қўмитаси ушбу обрўли мукофот ғолибини эълон қилар экан, Халқаро ядро қуролига қарши кураш кампанияси ташкилотини "ядро қуролини ҳар қандай қўллашнинг инсоният учун фожиали оқибатларига эътибор қаратгани" ва "бундай қуролларни шартнома йўли билан тақиқлаш борасидаги инқилобий саъй-ҳаракатлари" учун мақтади.

Қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган ICAN фаолиятини 2007 йили бошлади ва шу пайтгача унга 101 мамлакатдан 468 ҳамкор ташкилот аъзо бўлди.

10 декабрь куни кечқурун тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва иқтисодиёт соҳаларидаги Нобель мукофоти соҳиблари Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрида бўлиб ўтадиган маросимда тақдирланади. Маросим Тошкент вақти билан 17:30 да бошланиши кутилмоқда.

Ҳар бир соҳадаги мукофот 9 миллион швед кронасига (1,1 миллон АҚШ долари) тенг.

Анъанага кўра, мукофотлаш маросимлари 10 декабрь – Нобель вафот этган кунда ўтказилади.

XS
SM
MD
LG