Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:34

БМТ дипломати етти йил деганда Шимолий Кореяга сафар қилди


Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори лавозимли вакили Шимолий Кореяни "хатога йўл қўймаслик зарурлиги"дан огоҳлантирди. Унинг фикрича, хато ҳалокатли халқаро можарога сабаб бўлиши мумкин.

БМТ тарқатган хабарга кўра, ташкилотнинг сиёсий масалалар бошқармаси раҳбари Жеффри Фелтман Пхеньян шаҳрига сафари чоғида Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ри Ёнг-Ҳо ва вазир ўринбосари Пак Мёнг-Кук билан учрашди.

Фелтман Шимолий Корея раҳбарларига "ўта жиддий таҳдид" мавжудлигини, бу борада йўл қўйиладиган хато катта можарога сабаб бўлишини айтди ҳамда расмий Пхеньяндан дунё билан мулоқот каналларини очиб қўйишни талаб қилди.

Унинг фикрича, халқаро ҳамжамият Шимолий Кореянинг БМТ қарорларини менсимай амалга ошираётган баллистик ракета синовлари ва ядро қуроли дастури юзасидан вужудга келган зиддиятга яхшилик билан ечим топишга интилмоқда.

Фелтманнинг ушбу ташқи дунёдан узилиб қолган мамлакатга БМТ юқори лавозимли дипломатининг 7 йилдан сўнгги илк ташрифи бўлди.

У Шимолий Кореяга расмий Пхеньян Қўшма Штатлар ҳудудига етиб бора оладиган янги баллистик ракетани учирганини эълон қилганидан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб, ташриф буюрди. Шимолий Кореянинг айни ракета синовини ҳам бутун дунё қоралади.

Жорий ҳафта бошида Қўшма Штатлар билан Жанубий Корея бирга ҳарбий машқлар ўтказди ва Шимолий Корея уларни иғвогарлик деб атади.

XS
SM
MD
LG