Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2018, Тошкент вақти: 21:52

Бағдодда худкуш-террорчи ҳужумидан 38 киши ҳалок бўлди


ИРОҚ - Бағдод шаҳрида портлаш амалга оширилган жой. 2018, 15 январь.

Бағдод шаҳри марказида худкуш-террорчининг ўзини портлатиб юбориши оқибатида 38 киши ҳалок бўлди, 105 киши яраланди. Бу ҳақда Ироқ ички ишлар вазирлиги хабар қилди. Вазирлик матбуот котиби Саад Маанга кўра, портлаш 15 январь тонгида шаҳар марказидаги Саҳат-ал-Тайёран майдонида амалга оширилган.

Саҳат-ал-Тайёран майдонида одам гавжум бўладиган савдо маркази жойлашган ва бу ерда ҳар кун эрталаб иш изловчи мардикорлар йиғилади. Гувоҳларга кўра, портлаш қурувчи ишчилар тўпланган жойда содир бўлган.

Ҳозирча портлаш учун масъулиятни ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмади. Бироқ бунга ўхшаш ҳужумларнинг аксарияти “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи томонидан амалга оширилган. Декабрь ойида Ироқ ҳукумати Бағдод ва Ироқнинг бошқа шаҳарларидан жиҳодчилар қувиб чиқилгани ортидан “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши уруш тўхтатилганини эълон қилган эди. Бироқ гуруҳнинг баъзи жангарилари Бағдод шаҳри шимолида мавжудлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG