Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2018, Тошкент вақти: 04:26

Халқ таълими вазирлиги Бўстонлиқ туманидаги тожик мактабларига оид хабарга муносабат билдирди


Ўзбекистонда 245 та умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилмоқда. Улардаги 62 минг нафар ўқувчига 5 минг 755 нафар ўқитувчи-педагог тожик тилида таълим-тарбия бериб келмоқда. Бўстонлиқ туманидаги 8 та умумтаълим мактабида 886 нафар ўқувчига 138 нафар ўқитувчи тожик тилида таълим-тарбия бермоқда.

Бу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматига таяниб, ЎзА ахборот агентлиги тарқатди.

Вазирлик Ахборот хизмати маълумотномасида мана бундай дейилган:

"Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмаслиги белгилаб қўйилган бўлиб, бугунги кунда республикамиздаги умумтаълим мактабларида таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Улар давлат таълим стандартлари асосида чоп этилган 7 тилдаги дарсликлар билан тўлиқ таъминланган".

Вазирликка кўра, Ўзбекистонда таълим олиш тилини миллатидан қатъи назар, ота-оналар фарзандлари билан танлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай тажриба дунёдаги кўпгина ривожланган давлатларда ҳам йўлга қўйилмаган.

Озодлик Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги таълим тожик тилида олиб бориладиган мактаблар ёпилиши мумкинлигидан аҳоли хавотир билдираётгани тўғрисида хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG